Madaniy va gumanitar hamkorlik
Сўнгги йилларда яратилган қулай шарт-шароитлар туфайли маданий-гуманитар алоқаларнинг сезиларли даражада чуқурлашуви ва туристик алмашинув соҳасида ҳамкорликнинг фаоллашуви кузатилмоқда.
Икки мамлакат ижодий жамоалари қатор йирик халқаро тадбирларда, жумладан Самарқанддаги «Шарқ тароналари» халқаро музыкал фестивали, Шахрисабз ва Термезда ўтказиладиган мақом ва бахши санъати фестивалларида ва бошқа тадбирларда иштирок этмоқда.
Қирғиз томони вакиллари ҳар йили «Олтин қалам» Миллий мукофотлари учун халқаро танловда қатнашиб келмоқда.
Академик, драматик ва мусиқий-драматик театрлар, оркестрлар, цирк жамоалари ҳамда бошқа ижодий труппалар ўртасидаги ўзаро гастроллар изчил давом этмоқда.
Икки мамлакат давлат музейлари ўртасида ҳам яқин ва самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам ривожланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон 2025–2026 ўқув йиллари учун Қирғиз Республикаси ёш фуқаролари учун олий таълим муассасаларида ўқиш мақсадида 20 та грант ажратди. Ўз навбатида, Қирғизистон ўзбекистонлик этник қирғизлар учун келгуси ўқув йилида Қирғиз Республикаси ОТМларида ўқиш учун 30 та бюджет ўринларини такдим этди. Қирғизистонлик ўқувчилар Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро математика ва кимё олимпиадаларида мунтазам иштирок этиб келмоқда.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон Маданият ва кино кунлари, ректорлар форумлари, «Авлодлар мулоқоти» тадбирлари, шунингдек театр гастроллари мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Икки мамлакатнинг чегарадош ҳудудлари ўртасида маданий алмашинув ҳам ортиб бормоқда.