Қирғиз Республикаси ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари эътиборига!

Қирғиз Республикаси ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари эътиборига!
Ҳурматли фуқаролар!
Ўзбекистон Республикасининг Қирғиз Республикасидаги Элчихонаси ва Ўш шаҳридаги Бош консулхонаси Қирғизистон ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларини ҳақ-ҳуқуқларини доимий равишда таъминлаб келмоқда ва таъминлаб келишда давом этади.
Бу йўналиш Элчихона ва Бош консулхона фаолиятининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган баъзи бир хабарларда Элчихонага нисбатан ноўрин ва асосланмаган танқидлар учрамоқда.
Бу каби ҳолатларда барча фуқароларимизни Элчихонамизнинг +996997992002 телефон/ватсап ва Бош консулхонамизнинг +996552047777 телефон/ватсап рақамларига тўғридан-тўғри мурожаат қилишларини сўраб қоламиз. Бу рақамларга бўлган мурожаатлар жавобсиз қолдирилмаслигини билдирамиз.
Шу ўринда, охирги пайтларда Қирғизистондаги халқаро тиббиёт университетининг стоматология йўналишида ўқиётган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг йўл-транспорт ҳодисасига (аварияга) учраганлиги ва унга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаётганлиги ҳамда унинг онасига бўлган тажовузлар ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирамиз.
Бу ҳолат ҳақидаги маълумотни Элчихона ходимлари олишлари билан Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти билан боғланиб, бу масала алоҳида назоратга олинган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг соғлиги тўлиқ маҳаллий шифокорлар назоратида қолмоқда. Унинг ва яқинларининг ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай таҳдидлар бўлмаётганлигини маълум қиламиз.
Элчихона тўғридан-тўғри фуқаронинг онаси билан ҳам алоқада, ҳеч қандай алоқадан қочиш ёки уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда сусткашлик қилиш ҳолатлари мавжуд эмас.
Шу фурсатдан фойдаланиб, Қирғиз Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳурматли Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ушбу мамлакатнинг ички қонун-қоидаларига тўлиқ риоя қилишларини, ўрнатилган тартибларни бузмасликларини, йўл ҳаракат қоидаларига риоя қилишларини, пиёдалар учун белгиланган махсус жойлардан ўтишларини ва бошқа қоидаларга риоя қилишларини сўраб қоламиз.
Ушбу мамлакатда бўлиб турган вақтингизда юзага келадиган турли хил ҳолатлар юзасидан Бишкек шаҳридаги Ўзбекистон Элчихонасига ва Ўш шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонасига тўғридан-тўғри мурожаат қилишингиз мумкин.
Ҳар-хил мавзудаги ноўрин ва асосланмаган, ёлғон ҳамда ҳақиқатга тўғри келмайдиган нотўғри маълумотларни тарқатаётган ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларини ҳар бир воқеа ва мурожаат бўйича Элчихона ёки Бош консулхона билан алоқага чиқиб, мулоқот қилиб, ҳақиқатни ва аниқ фактларга асосланган воқеаларни ёритишга чақириб қоламиз.