Ўзбекистон Республикаси Президенти расмий ташриф билан Кувайт Давлатида бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Кувайт Давлати Амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳнинг таклифига биноан 17-18 февраль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Ташриф дастурига мувофиқ, Ал-Кувайт шаҳрида олий даражада икки томонлама музокаралар ҳамда ушбу мамлакат ҳукумати аъзолари, етакчи компаниялари ва банк-молия тузилмалари раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтади.
Бўлажак саммит кун тартибидан Ўзбекистон-Кувайт дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, савдо, инновациялар, инвестиция ва молия, "яшил" энергетика, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, инфратузилма, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олиши кўзда тутилган.
Маданий-гуманитар ва туризм алмашинувини кенгайтириш масалалари ҳам диққат марказида бўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Кувайт етакчилари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини кўриб чиқадилар.
Музокаралар якунида қатор қўшма ҳужжатлар ва битимлар қабул қилиниши кутилмоқда.
Ўзбекистон – Кувайт: ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17-18 февраль кунлари расмий ташриф билан Кувайтга боради.
Кувайт Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 30 декабрда тан олди ва 1994 йил июлда мамлакатларимиз тенг ҳуқуқлилик ва бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилишга асосланган ўзаро манфаатли конструктив шерикликни ривожлантиришга ўзаро интилишларини тасдиқлаб, дипломатик муносабатларни ўрнатди.
2004 ва 2008 йилларда мос равишда Кувайт ва Ўзбекистонга амалга оширилган олий даражадаги ўзаро ташрифлар ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди. 2001 йилдан буён Ўзбекистонда Кувайт элчихонаси фаолият кўрсатмоқда, 2004 йилда эса Ал-Кувайтда мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхонаси очилди.
Бугунги кунда икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси 27 ҳужжатдан иборат.
Сўнгги йилларда иқтисодиёт, савдо, инвестиция, таълим ва маданият каби турли йўналишларда икки томонлама алоқалар сезиларли даражада фаоллашди. Икки давлат ўзаро манфаатли ва анъанавий дўстлик ришталарига, муштарак дин, маънавий қадриятлар ва анъаналарга асосланган маънавий алоқаларга таянган ҳолда шерикликни янада мустаҳкамлашга интилмоқда.
Кувайт Ўзбекистон учун халқаро муносабатлар тизимидаги муҳим ҳамкор ҳисобланади. Бу давлатнинг иқтисодиёт, молия, банк иши, сармоя, инновациялар, таълим ва инфратузилмани ривожлантириш каби соҳалардаги тажрибаси алоҳида аҳамиятга эга. Кувайт билан ҳамкорлик билим ва илғор тажриба алмашиш учун катта имкониятлар яратади, бу эса икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожлантириш йўлидаги биргаликдаги тараққиётга хизмат қилаётир.
Икки давлатнинг БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” формати каби халқаро ташкилотлар доирасидаги алоқалари минтақавий ва глобал кун тартибининг долзарб масалалари бўйича позицияларни мувофиқлаштиришга хизмат қилмоқда, шунингдек, кўп томонлама шерикликни янада чуқурлаштириш учун янги истиқболларни очмоқда.
Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги юқори даражадаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг кенг доирасини қамраб олади. Икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ўзаро алоқаларга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу дипломатик мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда, ҳамкорликни кенгайтириш ва диверсификация қилишга йўл очмоқда.
Биргина 2024 йилнинг ўзида Ўзбекистон ва Кувайт ташқи ишлар вазирлари ўртасида бешта учрашув ва музокаралар бўлиб ўтди. Жумладан, икки давлат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Анталия Дипломатик форуми ва БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессияси доирасида учрашди.
Бундан ташқари, Кувайт ташқи ишлар вазири Абдулла ал-Яҳё бошчилигидаги делегация 2024 йил 15 апрель куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг 2-йиғилишида қатнашди. Ташрифда давомида Кувайт ташқи ишлар вазири Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилинди.
Ўз навбатида, 2024 йил август ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Кувайтга ташриф буюриб, у ерда бир қатор самарали музокаралар ўтказди.
Ташқи сиёсат идоралари томонидан мунтазам ўтказиб келинаётган сиёсий маслаҳатлашувлар ҳам Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг муҳим механизмига айланган.
Ўзбекистон билан Кувайт ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик сўнгги йилларда янги суръатга эга бўлди. Товар айирбошлаш ҳажмини бир неча каррага ошириш учун икки давлат етарли салоҳиятга эга ва бу борадаги ишлар жадал давом этяпти.
Хусусан, 2024 йилда икки томонлама иқтисодий ҳамкорликда мисли кўрилмаган фаоллик намойиш этилди. Кувайтнинг йирик компаниялари ва молия институтлари вакилларининг Ўзбекистонга 50 дан ортиқ бизнес-миссияси ташкил этилди. Хусусан, Кувайт Араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси, “Gulf General Trading Co.”, “Petroleum Dynamics”, “Al-Tijaria Group”, “The Commercial Real Estate Сo.”, “Rawasi Kuwait Holding Co.”, “Kuwait Investment Co.” (KIC), “AlJaber Group Holding”, “Biomedix Medical Group Co.”, “Advanced Medical German Co.”, “KAMCO Investment Co.”, “Alkandari General Trading Co.”, “Unique Goods”, “Zenith Business Solution”, “Golden Carpet”, “AlMawashi” ва бошқа компаниялар раҳбарлари юртимизда бўлди.
“Kuwait Investment Company” президенти Юсуф ал-Али ва “Gulf General Trading Co.” компанияси бош директори Ияд Солиҳ 2024 йил 2-3 май кунлари бўлиб ўтган III Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этди.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Қарши шаҳрида бўлиб ўтган “Қашқадарё Инвест-2024” бизнес-форумида кувайтлик ишбилармонлар фаол қатнашди. Мазкур иқтисодий тадбирда Кувайт “Gulf Care Gen. Trad. Co.”, “Biomedix Medical Group Co.” ва “Advanced Medical German Co.” компаниялари раҳбарияти томонидан тақдим этилди.
2024 йилнинг май ва август ойларида Кувайтда ташкил этилган “Made In Uzbekistan” бизнес-форумлари ва кўргазмалари ҳам муваффақиятли кечди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгашини раҳбарияти бошчилигидаги мамлакатимиз тадбиркорлари делегацияси Кувайтга ташриф буюриб, самарали музокаралар ўтказди.
2024 йилда Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Кувайт ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи йиғилиши Тошкентда бўлиб ўтди. Унда Кувайт молия вазири, иқтисодий ишлар ва инвестиция бўйича давлат вазири Нура ал-Фассам хоним бошчилигидаги делегация иштирок этди.
2024 йилда Ўзбекистондан Кувайтга 20 тоннадан ортиқ янги мева ва сабзавотларнинг илк экспорти амалга оширилди. Мутахассисларга кўра, бу ўзаро савдодаги янги қадам бўлди. 2024 йил 15-16 декабрь кунлари Кувайтда бўлиб ўтган “Kuwait International Agro Food Exhibition” қишлоқ хўжалиги кўргазмасида Ўзбекистон компаниялари вакилларининг иштироки юртимиз маҳсулотларини ушбу мамлакат бозорига экспорт қилиш ҳажмини ва турларини кенгайтиришга замин яратди.
Инвестиция соҳасида ўтган йили Кувайтнинг “Fouad Al-Ghanim and Sons Group of Companies” корпорацияси билан Бўстонлиқ туманида ГЭС қуриш бўйича умумий қиймати 640 миллион долларлик қўшма лойиҳаларни ҳамда Ўзбекистоннинг бешта ҳудудини ичимлик суви билан таъминлаш қаратилган қиймати 50 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар бошланган эди.
Бундан ташқари, Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Кувайтнинг имтиёзли кредитлари эвазига Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, таълим ва турли инфратузилма тармоқларида йирик ижтимоий лойиҳалар амалга ошириляпти.
2000 йилдан буён жамғарма иштирокида Ўзбекистонда инфратузилма, қурилиш ва соғлиқни сақлаш соҳаларида умумий қиймати 210 миллион долларлик 10 та лойиҳа амалга оширилиб, 500 минг долларлик техник ёрдам кўрсатиш бўйича келишув тузилган.
Кувайт ҳукумати Самарқанд шаҳридаги Имом ал-Бухорий мажмуасини, Ҳазрат Имом жамғармасини жиҳозлаш, Халқаро ислом академияси янги биносини қуриш ва жиҳозлаш, 50 та мактаб ўқув хоналарини компьютерлаштириш, республика тиббиёт муассасаларини зарур тиббий анжомлар билан таъминлаш учун моддий ёрдам кўрсатди.
Шу билан бирга, ўтган йилнинг январь ойида “Gulf General Trading Co.” компаниясининг Кувайтдаги клиникалари шифокорлари томонидан Фарғона вилоятидаги тиббиёт муассасаларида юрагида туғма нуқсони бўлган 30 нафар болага жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Ўзбекистон ва Кувайт ўртасида мустаҳкамланиб бораётган тарихий-маънавий ришталар маданият ва таълим соҳасидаги фаол ҳамкорликда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Ҳар икки давлат ислом меросини асраб-авайлаш ва оммалаштириш, уни ўрганиш ва келажак авлодларга етказишга алоҳида эътибор қаратади.
Мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алмашинувлар ўзаро тушунишнинг муҳим кўпригига айланиб боряпти, десак муболаға бўлмайди. Икки халқ анъаналари, санъати ва адабиётининг бой меросини очиб берувчи қўшма кўргазмалар, анжуманлар, фестиваллар мунтазам ўтказилаётир. Бунда ислом маданияти, тарихий обидалар ва қўлёзмаларни ўрганиш соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Ушбу жабҳадаги яқин шериклик биргаликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун янги истиқболларни очмоқда.
Бу йўналишда икки давлат илмий ҳамжамиятлари вакилларининг ўзаро ташрифи, уларнинг Ўзбекистон ва Кувайтда ўтказиладиган турли халқаро ва маданий-маърифий тадбирларда иштироки мунтазамлик касб этаётир.
Кувайтлик санъаткорлар Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг доимий иштирокчиси ҳисобланади. Ўзбекистон вакиллари, ўз навбатида, Кувайтда ўтказилган халқаро амалий санъат, “Ислом санъати”, аёллар либослари кўргазмалари, “Аёллар ва саломатлик” халқаро конференциясида қатнашди.
2024 йилда Кувайт вакиллари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусидаги Осиё хотин-қизлари форуми, Хива шаҳрида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирларининг ХII сессияси, Бухоро шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадаси, Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон ёшлар фестивали, пойтахтимиз мезбонлик қилган “LIPTIS Pharmaceuticals Annual Scientific Symposia” симпозиуми, “Central Asia Air Cargo Summit’ ва бошқа анжуманларда иштирок этди.
Юқорида қайд этилган икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари Ўзбекистон ва Кувайт ўзаро муносабатларни барча йўналишларда янги босқичга кўтариш ва мустаҳкамлаш учун мустаҳкам замин яратилганидан, қатор соҳаларда салмоқли ютуқларга эришилганидан ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни жадаллаштириш учун мавжуд улкан салоҳиятдан унумли фойдаланишга тайёр эканидан далолат беради.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг Кувайтга бўлажак расмий ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни барча йўналишларда чуқурлаштириш, иқтисодий ва гуманитар алоқаларни кенгайтиришга қўшимча суръат бағишлаш баробарида икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
“Дунё” АА