Ўзбекистон интеллектуал мулкни ҳимоя қилишга қатъий содиқ
Замон ва иқтисодиёт жадал ривожланиб бораётган, билим ва инновациялар муҳим ўрин тутадиган ахборот жамиятида интеллектуал мулкнинг ҳимоясини таъминлаш ҳар бир давлат олдида турган муҳим шартлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ҳам интеллектуал мулк ҳимоясини кучайтириш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга ошириб келмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган тадбирда агар интеллектуал мулк масаласи давлат сиёсати даражасида кўриб чиқилмаса, Ўзбекистон 10 йилдан кейин ҳам ушбу соҳада рақобатбардош бўла олмаслигини таъкидладилар. Ушбу баёнот интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш соҳасида фаол иш олиб бориш ва бу масалани давлатнинг устувор йўналишларига киритиш зарурлигига урғу беради.
Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар доимий такомиллаштирилиб, соҳани ривожлантириштиришга қаратилган ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқарилмоқда. Илгари интеллектуал мулк ҳимояси кодекс ва қонунлар билан тартибга солинган бўлса, янги конституциянинг 53-моддасида айнан интеллектуал мулкнинг қонун билан муҳофаза қилинишини белгилаш, интеллектуал мулк ҳимоясининг конституция даражасига кўтарилганлигидан далолат беради.
Шу билан бирга, Ўзбекистон интеллектуал мулкни ҳимоя қилишга қаратилган халқаро шартномалар ва конвенцияларда фаол иштирок этмоқда. Масалан, Ўзбекистон саноат мулкини ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий принциплар ва қоидаларни, шу жумладан патент ҳуқуқи ва товар белгиларига бўлган ҳуқуқларни белгилайдиган Саноат мулкини ҳимоя қилиш бўйича Париж конвенцияси иштирокчиси ҳисобланади. Ундан ташқари, Ўзбекистон Патент кооперацияси тўғрисидаги шартнома ва адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш бўйича Берн конвенциясига ҳам қўшилган. Ушбу халқаро шартномаларда иштирок этиш интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий ҳимоясини яхшилаш ва унинг халқаро стандартларга уйғунлигини таъминлашга хизмат қилади. 2024-йилнинг феврал ойида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Беларус Республикаси Интеллектуал мулк миллий марказлари ўртасида тузилган “Интеллектуал мулк соҳасида ҳамкорлик тўғрисида”ги баённома ҳам икки давлат ўртасида халқаро тажриба алмашинувига сабаб бўлибгина қолмай, соҳани янада такомиллаштиришга ёрдам беради.
Ўзбекистон Фонограмма ишлаб чиқарувчилар манфаатларини, уларнинг фонограммаларини қонунсиз ишлаб чиқаришдан ҳимоя қилиш тўғрисида Женева конвенцияси ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг интернет бўйича шартномаларига қўшилиш орқали эса интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишга содиқ эканлигини яна бир бор исботлади. Ушбу ташаббусларни амалга ошириш икки томонлама савдо, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги имкониятларни очиш учун мустаҳкам асос яратишга хизмат қилади.
Интеллектуал мулкнинг бузилиш ҳолатларидан энг кенг тарқалган тури сифатида контрафакт маҳсулотлар тайёрлашни мисол келтиришимиз мумкин. Айниқса, сўнгги йилларда истеъмолчилар ишончини қозонган ва барчага маълум бўлган бренд маҳсулотларнинг контрафакт нусхаларини ишлаб чиқариш оммалашмоқда. Хусусан, ўз брендини яратиб, ўз харидорига эга бўлган ва сифати билан истеъмолчилар ишончини қозонган миллий маҳсулотларимизни контрафакт нусхаларини Хитой ва бошқа қўшни давлатларда ишлаб чиқарилиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш орқали ноқонуний даромад орттириш кўпайди.
Контрафакт маҳсулотларнинг кўпайиши нафақат ҳалол тадбиркорларга, балки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳам бузилишига олиб келмоқда. Шу боис, Ўзбекистон бозорида контрафакт маҳсулотлар миқдорини камайтириш мақсадида контрафакт маҳсулотларнинг тарқалишини олдини олиш бўйича доимий профилактика кузатув тадбирлари олиб борилиб, контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқарган ва сотган шахсларга нисбатан ҳуқуқбузарлик ҳолатидан келиб чиқиб тегишли жарима жазолари қўлланилиб келинмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан контрафакт маҳсулотларнинг инсонлар соғлиғига жиддий зиён етказиши мумкинлиги, контрафактдан ҳалол тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган тадбиркорларнинг жиддий зиён кўриши, шунингдек, контрафакт маҳсулот ишлаб чиқарганлик учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чоралари тўғрисида республикамиздаги жойлашган марказий бозорлар, савдо мажмуаларида радиоузеллар орқали доимий равишда савдогар ва харидорларга тушунтириш ишларини олиб бориш йўлга қўйилган бўлиб, кузатув профилактика тадбирларида аниқланган контрафакт маҳсулотларнинг каталоги яратилди. Ушбу каталогда ҳар бир соҳа (озиқ-овқат, дори-дармон, парфюмерия ва бошқалар) бўйича контрафакт товарларнинг маълумотлари акс этиб, бунда истеъмолчига мазкур каталог орқали қайси маҳсулот контрафакт ёки контрафакт эмаслигини аниқлаш имкони яратилган.
Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва контрафакцияга қарши курашиш соҳасида турли хил қонунбузилиш ҳолатлари нафақат махсус давлат органлари ходимлари томонидан аниқланиши, балки ушбу қонунбузилиш ҳолатидан хабар топган ҳар бир истеъмолчи бу ҳолатга беэътибор бўлмай, тезкорлик билан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилишлари интеллектуал мулкни ҳимоя қилишга ва янги қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилишини олдини олишга ёрдам беради. Ундан ташқари, контрактация маҳсулотлари, интеллектуал мулкнинг бузилиш ҳолатлари ҳақида кичик ижтимоий роликлар тайёрланиб, ойнайижаҳон орқали оммага намойиш этилиши, жойларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилиши, шу билан бирга, Божхона ташкилотларида ҳушёрликни ошириш ва контрафакт маҳсулотларни четдан давлатга олиб киришларига тўсқинлик қилиш, олиб киришга уринган шахсларга тегишли чоралар кўриш ҳам соҳадаги қонунбузилиш ҳолатларининг камайишига сабаб бўлади.
Аҳтамов Шамсинур,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бўлим бошлиғи