Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари аграр соҳа мутасаддиларининг масъулиятини янада оширади
Бугун нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки бутун жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгариши туфайли юзага келаётган муаммо ва таҳдидларга жавоб топишга интилмоқда. Бу муаммолар қаторига атмосферада иссиқхона газларининг кўпайиши, ернинг устки қобиғи ҳароратининг ортиши, сув ресурслари тақчиллиги, табиий офатларнинг тез-тез такрорланиши, чўлланиш жараёнининг ўсиши ва бошқаларни киритиш мумкин
Мутахассислар иқлим ўзгариши табиий офатларнинг янги турлари пайдо бўлишига шароит яратиши билан бирга, мавжуд табиий офатларнинг зарар етказиш кучини бир неча баробар ошириши, ҳаттоки, бошқариб бўлмайдиган даражага етказиши мумкинлигини айтмоқда.
Халқаро ташкилотлар ва илмий доиралар иқлим ўзгариши дунёнинг қатор ҳудудларида турли даражадаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни юзага келтиришини тахмин қиляпти. Хусусан, Жаҳон банки маълумотига кўра, иқлим ўзгариши кучли ички миграцияга сабаб бўлиб, 2050 йилгача дунёнинг олтита минтақасида яшаётган 216 миллион нафар инсон ўзлари яшаётган маконни тарк этиб, бошқа ҳудудларга кўчишга мажбур бўлади. Бу минтақалар орасида Марказий Осиё ҳамда унда яшаётган 5 миллиондан ортиқ аҳолининг ҳам борлиги ушбу муаммонинг минтақа давлатлари учун жуда долзарб эканлигини исботлайди.
Шу боис иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор Қарор ва Фармонлари эълон қилинмоқда. Жумладан, минтақада ўртача ҳаво ҳарорати ҳар йили кўтарилиб бораётганлиги оқибатида сув танқислиги, шўрланиш ва тупроқ деградациясининг олдини олиш, қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш ҳамда унинг иқлимга бўлган салбий таъсирини юмшатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқлим ўзгаришига нисбатан барқарор агроэкотизимни яратиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфларга мослашувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан минтақада ўртача ҳаво ҳарорати ҳар йили кўтарилаётганлиги оқибатида сув танқислиги, шўрланиш ва тупроқ деградациясининг олдини олиш, қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш ва унинг иқлимга бўлган салбий таъсирини юмшатиш мақсадида, Қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига мослашиш ва соҳанинг иқлимга салбий таъсирларини юмшатишга қаратилган Миллий дастур тасдиқланди.
– Иқлим ўзгаришига боғлиқ бўлган ҳудудларда амалга оширилаётган чора-тадбирларни самарали ташкил этиш;
–иқлим ўзгаришлари шароитида қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро грант лойиҳалари доирасидаги тадбирларни амалга ошириш;
- иқлим ўзгаришига боғлиқ бўлган табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш агротехнологиясини такомиллаштириш;
- қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
– яйловлардан самарали фойдаланишни ҳамда уларни муҳофаза қилишни ташкил этиш каби ишлар Миллий дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди.
Шунингдек, мазкур қарорда қишлоқ хўжалиги соҳасини иқлим ўзгаришига мослаштириш ҳамда маҳсулот етиштирувчиларни қўллаб-қуватлаш ва рағбатлантириш тадбирлари учун БМТнинг Яшил иқлим жамғармаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда иқлимга мослашувчан қишлоқ хўжалиги амалиётларини кенгайтириш ва аграр соҳанинг унга бўлган таъсирини юмшатиш» дастури доирасида 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағи, қолаверса, Европа Иттифоқи, Глобал экологик жамғармаси, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) каби халқаро ташкилотларнинг грант мабағлари Оролбўйи минтақасида ҳамда мамлакат қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгариши билан боғлиқ лойиҳалар учун йўналтирилиши белгилаб берилган.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан ҳам ген-нкаут ва маркерларга асосланган селекция технологиясини қўллаш орқали иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари – қурғоқчиликка ва шўрга чидамли маҳаллий навларни яратиш устида самарали изланишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси тупроқ-иқлим шароити учун эскимо гени асосида ғўзанинг қурғоқчиликка, шўрга ва совуққа чидамли Матонат-1, Матонат-2 навлари яратилди. Ушбу навлардан 2025 йилда 4,5 тоннадан уруғлик тайёрланиб, 200 гектарга экиш режалаштирилган бўлса, 2026 йилда 90 тоннадан уруғлик тайёрланиб,4 минг гектарга экиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, қурғоқчиликка ва шўрга чидамли маҳаллий Triticum aestivum L юмшоқ буғдой навидан биотехнологик BARKAMOL нави яратилди. Келгуси йилда 4 тонна уруғ тайёрланиб, 20 гектар майдонга экилади.
Шу билан бирга, глобал иқлим ўзгаришларига қарши курашиш ва ҳавога қишлоқ хўжалиги экинлари, хусусан ғўза қолдиқлари(поя ва илдиз) парчаланишидан чиқаётган карбонат ангидрид (СО2) газини чиқмаслигини таъминлаш учун илдиз ва пояларда жуда секин парчаланадиган суберин полимери тўплайдиган янги авлод ген-нокаут линиялари олинди ва синовдан ўтказилмоқда. Бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги экинларининг янада “яшиллиги”ни таъминлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, мамлакатда экологик вазиятни тубдан яхшилаш, чанг бўронларига қарши курашиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва тиклаш, иҳота дарахтзорларини барпо этиш орқали чанг бўронлари содир бўлиш хавфини камайтириш ҳамда уларнинг салбий оқибатларини юмшатиш, чанг бўронларидан аҳолини эрта огоҳлантириш тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чанг бўронларига қарши курашиш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш бўйича биринчи навбатдаги чора –тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Унга кўра, чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг оқибатларини юмшатиш бўйича ривожланган хорижий давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Шунингдек, яйловлардан оқилона фойдаланишнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш, маҳаллий яйлов ўсимликларнинг навларни яратиш, яйлов экинлари уруғчилигининг илмий асосларини ва чўлда интенсив озуқа ишлаб чиқаришнинг адаптив тизимини ишлаб чиқиш, деградацияга учраган яйлов участкаларини аниқлаш, геоботаник, тупроқ, мелиорацияси бўйича изланишлар ўтказиш ҳамда уларнинг электрон хариталарини яратиш ва шу асосда тадбирларни амалга ошириш ҳамда ҳудудларда паст рентабелли, эскирган, сийраклашиб очиқ майдонга айланган боғ ва узумзорлар ўрнида янги интенсив боғ-токзорлар барпо қилиш ҳисобига яшил ҳудудларни кўпайтириш борасида бир қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда.
Қарорда келтирилганидек, Ўзбекистон Республикасида чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг оқибатларини юмшатиш бўйича
2024-2030 йилларга мўлжалланган миллий дастур ишлаб чиқилган бўлиб, Дастурнинг 14-бандида белгиланган “Сурхондарё вилоятида афғон шамолининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш мақсадида 2024-2030-йиларга амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури” ишлаб чиқилди. Унга кўра, Афғон шамоли хавф туғдирадиган ҳудудларда паст рентабелли, эскирган, сийраклашиб очиқ майдонга айланган боғ, узум ва тутзорлар ўрнида янги интенсив боғ-токзорлар барпо қилиш, афғон шамоли эсадиган ҳудудларда мавжуд боғ ва узумзор майдонларига интенсив технологиялар (томчилатиб суғориш, узумзорларга шпаллер ўрнатиш ва бошқа интенсив усуллар)ни жорий этиш каби бир қатор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Президентнинг 2019 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4204-сон қарорининг ижроси юзасидан мамлакатда бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Республикада 21,2 млн гектар яйловлар мавжуд бўлиб, шундан, 16,6 млн гектари чўл ва 4,5 млн гектари тоғ ва тоғолди яйловларни ташкил этади.
Мавжуд яйловларнинг 16,3 млн гектари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасининг доимий фойдаланишида, 3,1 млн гектари ўрмон фонди ҳисобида ҳамда қолган 1,8 млн гектар яйловлар бошқа ташкилотларга тааллуқли ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти томонидан ҳар йили давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан яйловларда геоботаник тадқиқотлар ўтказиб борилмоқда.
Жумладан, Республика бўйича 16,8 млн гектар яйловларда геоботаник тадқиқотлар ўтказилган, 13 фоиз яйловлар деградацияга учраганлиги ва 32 фоиз яйловларда ўсимлик қопламаси кескин камайиб кетганлиги аниқланган.
2024 йил якунига қадар 4,2 млн гектар яйловларда геоботаник тадқиқот ишлари тўлиқ якунланиб, уларнинг электрон рақамли хариталари ишлаб чиқилади ҳамда ушбу яйловларнинг ҳолати, ўсимлик қопламаси миқдори ва деградацияга учраган қисмида яйловлар ҳолатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.
Ўтказилган ўрганишларга кўра, ҳудудлардаги яйлов майдонларида жами 2 908 дона сув хўжалиги иншоотлари (1 014 дона тик қудуқ, 1 894 дона шахтали қудуқлар) мавжуд.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 535 дона, Бухорода 396 дона, Жиззахда 338 дона, Қашқадарёда 303 дона, Навоийда 1 052 дона, Самарқандда 210 дона, Сурхондарёда 71 дона ва Хоразмда 3 дона суғориш қудуқлари мавжуд бўлиб, шундан 2023-2024 йилларда 167 та янгидан сув чиқариш иншоотлари ташкил этилди ва 36 та сув иншоотларига ресурстежамкор агрегатлар ўрнатилган.
Жорий йилда давлат бюджетидан суғориш қудуқларини ташкил қилиш мақсадида 21 млрд сўм миқдорда субсидия маблағлари ажратилиши белгиланган.
Чорвачилик соҳасининг асосий озуқа базасидан бири ҳисобланган яйлов ерларида 2024-2026 йилларда деградацияга учраган 677 минг гектар яйловларни тиклаш ва табиатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилинишини таъминлаш чоралари кўрилади. Бунда, ушбу яйлов ер майдонларида чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилигини ташкил этиш, ўсимлик қоплами камайган яйловларда чорва молларини алмашлаб боқиш тизимини жорий қилиш ҳамда дельтапланлар ва бошқа учувчисиз учиш қурилмалари ёрдамида уруғлар сепиш ишлари амалга оширилади.
Деградацияга учраган яйловлар ҳолатини яхшилашда Италиянинг Дельфино 3 шудгорлаш агрегати (плуг) орқали ёмғир суви ва сув оқимларини, шунингдек енгил тупроқ, органик моддалар, уруғлар каби бошқа ресурсларни тўплайдиган кичик ҳовузлар (микробассейн) ва ер ости “чўнтак”лари тизими ҳосил қилинади.
Тизимни қўллаш орқали ёмғир сувининг микробассейнларда тўлиқ тўпланиши, буғланишнинг сезиларли камайиши пасайишига, яйлов ўтларини унумдорлиги ошишига ҳамда яйловларда био хилма-хиллик сақланишига эришилади.
Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини бартараф этиш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳам бир мунча ишлар амалга оширилди. Хусусан, ҳукуматнинг 2024 йил 7 мартдаги 144-Ф-сонли фармойишга асосан 2024 йил баҳорда жами 64,6 млн дона шундан, дала четида 34,9 млн туп иҳота дарахтлар, 29,7 млн туп мевали кўчатлар, токзор ва тут экиш белгиланган.
Амалда жами 66,6 млн дона кўчатлар экилди. Шундан, фермер ва кластерлар дала четида 36,4 млн дона ихота дарахтлар ҳамда янги ташкил этилган боғ ва токзорларда 30,1 млн дона кўчат экилди.
2024 йил куз мавсумида фермер ва кластерларда жами 37,4 млн дона кўчат ҳамда қаламчалар экилиши таъминланади.
Бугунги кунда ҳудудларда 59 та кўчатчилик хўжаликлари фаолият юритаётган бўлиб, мазкур хўжаликларда жорий йил куз ойларида янги боғ-токзорлар барпо этиш учун жами 22,4 млн дона (шундан 9,4 млн дона мевали, 13 млн дона ток) кўчатлари тайёрланди. Ўзбекистон кўчат импорт қилувчидан экспорт қилувчи давлатлар қаторига ўтиб, кейинги 3 йилда 7,5 млн дона (2,8 млн долл) мева ва бошқа кўчатлар экспорт қилинди.
Республика бўйича барча тоифада 358 минг га боғ ва 196 минг га узумзор мавжуд. 2024 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 26,4 минг га мевали боғ ва 101 минг га токзорлар барпо этиш режалаштирилган. Бундан ташқари 2024 йил куз ва 2025 йилда 43,2 минг гектар майдонга саноатлашган боғ ва токзорлар барпо этилади.
Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатишга қаратилган чора-тақдирларни ҳамкор давлатлар билан биргаликда нафақат мамлакат ёки минтақа миқёсида балки, дунё миқёсида амалга ошириш тарафдори. Шу боис қўшни Тожикистонда ва Озарбайжон Республикасида “Дўстлик боғлари”ни ташкил этишдек хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳам иқлим ўзгаришнинг олдини олиш, ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек глобал муаммоларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бир сўз билан айтганда бугун иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларидан дунё давлатлари бирдек азият чекмоқда. Шу боис, унга қарши курашда нафақат ён қўшни давлатлар биргаликда ҳаракат қилиш, балки дунё давлатлари биргаликда самарали саъй ҳаракатларни амалга оширсагина кўзланган мақсадларга эришилади.
Иброҳим Абдураҳмонов,
Ўзбекистон Республикаси
Қишлоқ хўжалиги вазири