Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар “Жамоатчилик назорати қанчалик кучли бўлса, давлат шунчалик халқчил, эркин ва адолатли бўлади” тамойилига асосланади
Фуқаролик жамиятининг энг муҳим белгиси фуқароларнинг давлат тузилмалари фаолияти устидан тўлиқ назоратни амалга оширишларида намоён бўлади. Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясининг 36-моддасига кўра, фуқароларимиз жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда шакллантириш, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилади. Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади.
Давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2018 йил 12 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунга кўра жамоатчилик назорати давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш каби шаклларда амалга оширилади.
Юртимизда жамоатчилик назоратини амалга ошириш ва бу соҳани тартибга солиб турувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. 2018 йилнинг 4 май кунидаги Президент фармони билан “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонининг таъсис этилиш, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 4 июлдаги “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни жадаллаштиришда катта аҳамият касб этди. Ушбу қарорда давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари, функциялари, ваколатлари ва фаолиятини ташкил этиш тартиби белгилаб берилган бўлиб, унга асосан жамоатчилик кенгаши давлат органи раҳбарининг қарори билан ташкил этилиши, у ўз ишини жамоатчилик асосида олиб бориши ҳамда доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаши органи ҳисобланиши, унинг қарорлари тавсиявий хусусиятга эга ҳисобланиши назарда тутилган.
Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ”. Жамоатчилик назорати демократия ва халқ ҳокимиятчилигининг муҳим институти ҳисобланиб, у давлат органлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш орқали фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари муҳофазасини таъминлашга хизмат қилади.
Ўтган йиллар давомида республикамизда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини таъминлаш, ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишниг самарали механизмларини яратиш, жамоатчилик назорати функцияларини янада кучайтиришга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида 2020 йилда Жамоатчилик палатаси ташкил этилди. Жамоатчилик палатаси аҳоли фикрини мунтазам равишда ўрганиб бориши, уларнинг ечимини топиш бўйича давлат идоралари олдига аниқ вазифаларни қўйиши зарурлиги таъкидланди. “Жамоатчилик эшитуви”, “жамоатчилик мониторинги”, “жамоатчилик экспертизаси”, “жамоатчилик ташаббуси” каби таъсирчан назорат шаклларини ҳаётга татбиқ этиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрда қабул қилинган “Жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2022 йил июль-сентябрь ойларида ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёнларида ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 364 та лойиҳани амалга ошириш учун қўшимча 335 млрд сўм маблағ ажратилди.
Замонавий тараққиётнинг сўнгги йилларида республикамизда жамоатчилик бошқаруви тизими такомиллаштирилди, халқ билан мулоқотнинг самарали механизмлари жорий этилди, шунингдек маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлиги оширилди. Инсон манфаатларини таъминлаш, халқнинг муаммо ва эҳтиёжларини билиш ва ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Ушбу тузилмалар жойлардаги муаммоларни чуқур таҳлил этиш механизми ва давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги масъулиятини ошириш, уларнинг фаолиятини баҳолаш мезонига айланди.
Бугунги кунда давлат бошқаруви аппаратини сақлаш билан боғлиқ харажатларини мақбуллаштириш, коррупциявий омилларни бартараф этиш ҳамда бюджет маблағларининг сарфланиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида жойлардаги муаммоларни тезкор ва тежамкор усулда аниқлаш учун “онлайн қабул”, “виртуал ташриф” каби тизим жорий этилди.
Мисол тариқасида айтиб ўтиш жоизки, сўнгги йилларда халқ билан мулоқотнинг янги тизими – Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилди. Биргина Президент Виртуал қабулхонасига шу пайтга қадар 9 млн 465 мингга яқин мурожаат келиб тушган бўлса, 9 млн 379 мингга яқини кўриб чиқилган ва қолганлари ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинмоқда. Шунингдек, жамоатчилик муҳокамаси натижаларини “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳалари муҳокамалари портали” (regulation.gov.uz) мисолида яққол кўриш мумкин. Бугунги кунга келиб ушбу порталга 25384 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган бўлиб, улардан 25183 таси бўйича муҳокамалар якунланган.
Сўнгги йилларда жамоатчилик фикрини ўрганиш оммавий тус олмоқда. Манзилли бюджет харажатлари устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун “Очиқ бюджет” портали ишга туширилди. Фуқаролар ушбу портал орқали давлат бюджети, бюджети ижроси каби маълумотларни олиш билан бирга портал орқали бюджет қонунчилиги бузилаётгани ҳақидаги хабарларни, бюджет жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифларни юборишлари мумкин. Жумладан, “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали ҳар йили 2 марта ўтказиладиган “Ташаббусли бюджет” йўлга қўйилди. Бу портал орқали фуқаролар кўпчиликнинг муаммоларини биргаликда овоз бериш орқали ҳал этишга қаратилган. 2024 йил 1-мавсумда (февраль ойи) 35 575 та ташаббуслар илгари сурилган бўлиб, 3 390,5 млрд сўм ажратилди.
Давлат ҳокимияти органларининг парламент ҳамда маҳаллий кенгашларга ҳисобдорлиги йўлга қўйилиши ва “Электрон ҳукумат” тизимининг жорий этилиши жамоатчилик назоратининг янада кучайишига олиб келди. Натижада бугун юртимизда ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz), очиқ маълумотлар портали (data.egov.uz), норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш портали (regulation.gov.uz), “Лицензия” ахборот тизимлари комплекси (license.gov.uz), “Ягона дарча” марказлари фаолиятини автоматлаштириш бўйича ахборот тизими (birdarcha.uz) кабилар фаолият юритмоқда.
2023 йилдан бошлаб аҳоли орасидаги ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида республикамизда ҳар ойда маҳалла кенгашида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилиб, жамоатчилик назоратининг янги шакли – “маҳалла назорати” гуруҳлари ва “маҳалла раиси сўрови” институтлари жорий этилди. Шунингдек, Президент топшириғига кўра, “рақамли маҳалла” тизими ва “халқ назорати” платформаси такомиллаштирилди, фуқаролар “xalqnazorati.uz” иловаси орқали маҳаллий муаммолар бўйича мурожаатлар йўллаш ва уларни назорат қилиш имконига эга бўлдилар.
Жамоатчилик палатаси тасарруфидаги “Mening fikrim” веб-портали мамлакатимизда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятининг очиқлиги, қабул қилинаётган қонунларнинг ҳаётий ва самарали бўлишини таъминлаш мақсадида яратилди. Ушбу портал орқали фуқаро давлат ва жамият аҳамиятига молик муҳим масалалар юзасидан қонунчиликка таклифларни электрон жамоавий мурожаат шаклида юбориши мумкин. “Meningfikrim.uz” портали орқали бугунги кунда 6670 дан ортиқ яқин жамоавий мурожаатлар, 30 мингга яқин изоҳлар йўлланган.
Cўнгги йилларда юртимизда фуқаролик жамиятининг энг асосий субъектларидан бири бўлиб ҳисобланган сиёсий партияларга нафақат сайловларда эркин қатнашиши учун кенг имкониятлар яратилди, балки уларнинг ижро ҳокимияти устидан назорати ҳам таъминланмоқда. Сиёсий партиялар жамоат ва ўз электорати манфаатларидан келиб чиқиб, жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳуқуқига ҳам эгадирлар. Шунингдек, сайлов жараёнларида сайлов участкаларидаги маҳаллий кузатувчиларни сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари ташкил этади.
Жамиятимизда очиқлик ва ошкораликни ривожлантириш, давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда, фуқароларнинг қонуний мурожаатларини ўрганиш ва ҳал этишда оммавий ахборот воситалариниг ҳам ўрни беқиёсдир. Жумладан, 2016–2023 йилларда рўйхатдан ўтган оммавий ахборот воситалари сони 41 % га ўсган, яъни 2016 йилда уларнинг сони 1614 та бўлган бўлса, 2023 йилга келиб 2140 тага етди. Мобиль интернетдан фойдаланувчилар сони ҳам 33 млн дан ошган.
Юқоридагилардан ҳам кўриниб турибдики, жамоатчилик назоратининг асосий мақсади – фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятида қонунийликни таъминлаш, жамият манфаатларини ҳимоя қилишдир.
Халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш мақсадида жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида ҳам маҳаллий кенгашлар фаолиятида жамоатчилик иштироки учун зарур шароитларни яратиш, фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш, уларнинг фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш, давлат органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини жамоатчилик фикри асосида баҳолаш амалиётини йўлга қўйиш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш каби устувор вазифалар белгилаб олинган.
Жамоатчилик назорати натижасида мамлакатда давлат органлари фаолияти холисона ўрганилиб, уларнинг камчиликлари кўрсатилади, турли хил қонун бузилишларининг олди олинади, қонунлар ижросини таъминланиб, уларни тайёрлашда жамоатчилик иштироки таъминланади, жамиятдаги турли муаммоларнинг тезкор ҳал қилинишига ҳамда аҳолининг хоҳиш-иродасини ифода этишга янада кенг шароит яратилади, шунингдек, давлат бошқарувида, қонунларни ишлаб чиқишда фуқароларнинг кенг иштирок этиши таъминланади. Яна бир масалага алоҳида эътибор бериш керакки, жамоатчилик назорати нафақат бажарилаётган ишлар сифатини назорат этиш, балки фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиб юборишни ҳам назарда тутади, уларни ишлаб чиқишда иштирок этади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, республикамизда жамоатчилик назоратига конституциявий мақом берилган. Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштироки, жумладан, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилиши мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг тўлиқ шаклланишига ҳамда мустаҳкамланишига кенг имкониятлар яратади. Мамлакатда жамоатчилик назорати қанчалик кучли бўлса, давлат ҳам шунчалик халқчил, эркин ва адолатли бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги
университети доценти, т.ф.н. Н.С.Расулова