Янги Ўзбекистонда инсон қадр-қиммати ва халқ манфаатлари – олий қадрият
Инсоният мураккаб даврни бошдан кечираётган, қарама-қаршилик ва можаролар кучайиб барқарорликка жиддий путур етаётган тарихий шароитда, кўп миллатли Янги Ўзбекистонда инсон қадр-қиммати ва халқ манфаатлари – олий қадрият сифатида эътироф этилиб, бу борада кўплаб дунё мамлакатларига ўрнак ва намуна бўлиб келмоқда десак муболаға бўлмайди.
Зеро барқарор тараққиётга аввало инсонни қадрлаш ва эъзозлаш, аҳолининг бугун яхши яшаши учун шарт-шароит ҳозирлаш, аҳолининг келажакка юксак ишончи ва масъулиятини англаш орқали эришиш мумкин.
Атоқли жадид маърифатпарвари Абдулла Авлоний инсонга таъриф берар экан, “...оламнинг яратилишидан мақсад инсондир. Инсон бутун борлиқнинг кўрки ва шарафидир. Бутун мавжудод инсонга хизмат қилиши керак: инсон унинг соҳибидир. Чунки инсоннинг ақли бор. У шу ақл ёрдамида илм эгаллайди, илми туфайли дунёни бошқаради” дейди.
Шундай экан бугунги бугунги кунда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватланган ҳолда фуқароларнинг фаоллигини ва давлат бошқарувидаги иштирокини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва давлат бошқарувида фуқароларнинг фаол иштироки ва дахлдорлиги кузатилаётган бўлиб, бу айниқса мамлакатимизда келгуси тақдири учун мезон бўладиган ҳужжатларни қабул қилишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, 2023 йилда Ўзбекистон тарихида илк бор умумхалқ хоҳиш-иродаси асосида қабул қилинган “халқ конституцияси” мамлакатнинг келгуси тақдири ва бахтли келажаги пойдеворини яратишда дастуруламал бўлиб, мазкур конституция лойиҳасини тайёрлашда аҳолининг турли қатламларидан 220 000 ортиқ таклифлар келиб тушган ва бу ҳам аҳолининг давлат бошқаруви ва тақдирига бефарқ эмаслигининг намунасидир.
Шу боисдан ҳам, аввало аҳолидан келиб тушган таклифлар, шунингдек, 190 та мамлакатларнинг конституция тузиш тажрибалари ва нормалари чуқур ўрганилган ҳолда, янгиланган конституция моддалари 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага етди.
Замонавий таҳдидлар ва муаммолар тобора илдиз отиб бораётган бир шароитда Ўзбекистонда келгусида барқарор иқтисодиёт, самарали бошқарув, хавфсиз давлат ва ижтимоий кафолатларни таъминлаш масалалари чуқур таҳлил қилиниб, халқ таклифлари асосида асосий қонуннинг 65 фоизи янгиланди ҳамда миллий ва умуминсоний қадриятлар ва замонавий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда янги нормалар киритилди.
Ўзбекистон Президентининг таъбири билан айтганда, “Ҳеч шубҳасиз, том маънода халқчил қомус бўлган Асосий қонунимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз ортга қайтмаслигининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилади.”
Ўзбекистонда давлат бошқарувчи соҳасида фуқароларнинг фаол иштирокига яна бир исбот, бу – давлат дастурлари, қонунлар ва қонуности ҳужжатлари лойиҳаларига аҳолидан таклифлар олиш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (https://regulation.gov.uz/) ишга тушурилган бўлиб, сўнгги етти йил мобайнида 25283 та ҳужжат лойилари учун аҳолидан 77731 та таклифлар келиб тушган.
Яна бир аҳамиятли жиҳат шундаки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 27 фоиздан 35 фоизга кўтарилди. Хусусан, мамлакат парламенти (Олий Мажлис) Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизи, Сенат аъзоларининг 25 фоизи аёллардан иборат. Ишбилармон аёллар сафи икки баробар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган аёллар сони 205 мингдан ошди.
Жаҳон банки индексида Ўзбекистон гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилгани, очиқ гендер маълумотлар индексида энг яхши 20 та давлат қаторидан жой олгани алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда аввало ислоҳотларнинг консептуал асослари яратилиб, бунинг тизимли фаолияти учун бир қатор стратегик қарорлар қабул қилинди.
Олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси изчил амалга оширилди.
Стратегия 5 та – давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш ҳамда Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича умумжаҳон эътирофига лойиқ ислоҳотлар рўй берди.
Биргина мамлакатдаги иқтисодий ўсиш 2017 йилда 4,4 фоизга, 2018 йилда 5,4 фоизга, 2019 йилда эса 5,7 фоизга барқарор ўсиши таъминланди.
2023 йил 11 сентябрда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва кенг жамоатчиликнинг муҳокамалари асосида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилиниб, келгуси 7 йилда эришишимиз шарт бўлган стратегик вазифалар белгиланди. 100 банддан иборат мазкур стратегиянинг аҳамияти шундаки, мазкур ҳужжатда барча соҳалардаги эришилиши кўзда тутилаётган аниқ мақсад ва марралар белгиланиб, ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур ҳужжатда келгусидаги устувор мақсадлар белгиланган бўлиб, хусусан, мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмини ҳозирги 80 миллиард доллардан 160 миллиард долларга етказиш учун бор имкониятларни ишга солиш бу орқали
2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 баробар ошириш ва «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига кириш сари дадил қадамлар ташланмоқда.
Ўзбекистонда ҳаёт сифатига бевосита дахлдор бу соҳага катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги 7 йилда соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар ҳажми 5,9 триллион сўмдан 33,5 триллион сўмга, яъни 6 баробар оширилди. Шифохоналар замонавий жиҳозланиб, янгилари барпо этилмоқда.
Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳар бир қатлами муаммоларини туб илдизларини аниқлаш ва мақсадли ёрдам кўрсатиш, айниқса камбағалликни камайтириш бўйича тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
“Темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш усуллари айнан шу мақсадда жорий этилмоқда. Шу асосда муаммога оид мавҳум кўрсаткичлар эмас, балки ёрдам ва кўмакка муҳтож ҳар бир оила ва фуқаронинг, хотин-қизлар, ёшларнинг муаммолари ўз жойида аниқ ўрганилмоқда, улар вақтида ва самарали ҳал этилмоқда.
Кексалар, ногиронлар, оғир аҳволга тушиб қолган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр ва мурувват кўрсатиш каби эзгу анъаналар бугунги кунда янгича маъно-мазмун, амалий ҳаракатлар билан бойиб, такомиллашиб бормоқда. Бу борада, айниқса, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Беш муҳим ташаббус”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” каби дастурлар ўз ижобий натижасини бермоқда.
Шу ўринда, 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилганини таъкидлаб ўтиш жоиз. 2017–2021 йилларда Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган 5 млн. 780 мингдан зиёд мурожаатлар кўриб чиқилди, шундан 3 млн. 288 мингдан ортиғи қаноатлантирилди. Мурожаатларнинг тўлиқ, ўз вақтида ва қонуний ўрганиб чиқилиши натижасида уларни қаноатлантириш даражаси ҳам йил сайин ошиб бормоқда. Хусусан, бу кўрсаткич 2017 йилда 47,5 фоиз, 2018 йилда – 53,9, 2019 йилда – 60,9, 2020 йилда 60,4 фоиз бўлса, 2021 йилда 86,7 фоизни ташкил этди.
Яна бир мулоҳаза. сўнгги йилларда глобаллашув жараёнининг шиддати ва кўлами ортиб, интеллектуал дунёда ёш авлоднинг қалби ва онги учун кураш кучайиб бораётган мураккаб шароитда ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб, ёшларимизни чинакам ватанпарвар, юртпарвар этиб тарбиялаш зарурияти ҳар қачонгиданда кучайиб бормоқда. Дунёда мафкуравий курашлар, зиддиятларнинг сони ва кўлами ортиб, олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган янгидан-янги таҳдидлар юзага келмоқда.
Шундай вазиятда ёшларни Ватанга садоқат, миллий ўзлик ва қадриятлар, миллий манфаатларга дахлдорлик руҳида тарбиялаш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Уламолардан бири “ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинч ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлидур” деганида нечоғлик ҳаётий ҳақиқатлар мужассам.
Ўзбекистон раҳбарининг Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги нутқида “маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиий” деган фикрларидан келиб чиқиб, миллий маънавият ривожи бир қадам олдинда бўлиши кераклиги кундай равшан.
Бу борада мамлакатда 9 та йўналишда аниқ чора-тадбирларнинг белгилаб қўйилган бўлиб, хусусан, маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши кераклиги, жадидлар меросини янада оммалаштириш, 4 та секторга қўшимча “Маънавият сектори”нинг қўшилиши, театрлар, маданият марказларининг фаолияти ва мазмунини бойитиш, халқаро майдонда ўзбек маданий дипломатиясини, кино, тасвирий ва амалий санъат соҳасини ривожлантириш каби устувор масалалар шулар жумласидандир.
Ўзбекистон Президентининг “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир” деган тушунча барчамиз учун аллақачон ҳаётий тамойилга айланган. Янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган мамлакат учун аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият мустаҳкам устун бўлиб хизмат қилади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда “Инсон-жамият-давлат” – ортга қайтмас стратегик тамойилга айланиб, инсонга эътибор, унинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, хусусан янгиланган конституция орқали инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиш – энг олий қадрият сифатида ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди.
Бир ҳақиқатни тан олиш керак инсон ва унинг фаолияти билан боғлиқ бўлган барча соҳаларда халқаро стандартларга мос равишдаги ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Шу билан бирга мавжуд сўз эркинлигиданн фойдаланган ҳолда шахсан мамлакат раҳбари томонидан фаолиятимизни танқидий таҳлил этилаётгани ҳам келажакда янги марраларга эришишимиз сари ўз-ўзимизни доимий равишда тафтиш қилишга ва чора-тадбирларимизни мунтазам такомиллаштириб боришга ундайди.
Масалан, 2 миллион 200 мингдан зиёд оилалар ижтимоий кўмакка муҳтож бўлиб, булар орасида ёшлар ҳам анчагинани ташкил этади. Бу борада жорий йилда аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, Янгиланган Конституцияда давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари 3 баробар кўпайтирилиб, бунга давлат бюджетидан ҳар йили қўшимча 30-40 триллион сўм ажратиш кўзда тутилган.
“Инсон-жамият-давлат” тамойили мамлакатимизнинг келгуси тараққиёти учун алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, бу борада конституциявий кафолатлар ҳам кучайтирилди.
Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётган бўлиб, сўнгги йилларда ташқи сиёсатда амалга оширилган ислоҳотларни келгусида янада чуқурлаштириш учун ҳуқуқий асос ҳам мустаҳкамланмоқда.
Масалан қардош Қирғизистон билан 30 йиллик чегара муаммо ҳал этилгани туфайли 2 миллиондан зиёд водий аҳолиси ўз яқинлари, қариндош-уруғлари билан эркин борди-келди қиладиган бўлишди.
Ўзбекистоннинг минтақамизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги салоҳиятини кенгайтириш ва хорижий давлатлар билан кенг қамровли ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларини ривожлантириш йўналишлари қонун билан тасдиқланган “Ташқи сиёсий фаолият концепцияси”да мустаҳкамланган.
Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг 131 та давлати билан дипломатик муносабатлар ўрнатиб, 38 та давлатда 37 та элчихоналар, 17 та шаҳарда бош консулхоналар, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларда доимий ваколатхоналаримиз фаолият юритмоқда.
Бир сўз билан айтганда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидганидек, “Бундан кейин ҳам асосий эътиборимизни Марказий Осиёдаги барча қўшни мамлакатлар ва дунёдаги стратегик шерикларимиз бўлган давлатлар, халқаро ташкилотлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга қаратамиз”.
Ўзбекистонда фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлаш ҳам энг муҳим йўналишлардан ҳисобланади.
Дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш ва улар билан алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш мақсадида “Ватандошлар” жамғармаси ташкил этилди.
Жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларимиз сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Ҳар йили Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланадиган 30 июль санаси Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб эълон қилинди. Бу йил ушбу байрам мамлакатимизда биринчи бор кенг нишонланди. Буни ҳам ички ва ташқи сиёсат омиллари бирлашадиган муштарак ҳодиса сифатида қабул қилиш мумкин.
Фуқаролараро тотувлик, миллатлараро дўстлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этиш лозим бўлади.
Ташқи сиёсатда келгусида амалга ошириладиган стратегик вазифалар ҳам аллақачон белгилаб олинган бўлиб, бу аввало чуқур ўйланган ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатия борасидаги ҳаракатларнинг изчил давоми сифатида хизмат қилади.
Бу борада аввало, минтақа мамлакатлари билан яқин дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кучайтириш, дунёнинг узоқ-яқин давлатлари билан ўзаро манфаатли ва кўпқиррали алоқаларни кенгайтириш, айниқса, қўшни Афғонистонда тинч ва осойишта ҳаётни тиклаш учун афғон халқига ёрдам кўрсатишни давом эттириш, ушбу мамлакат билан биргаликда йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш каби устувор вазифаларни сифатли даражада олиб бориш мақсадга мувофиқ. Бунда халқаро минтақавий ташкилотлар ҳамда молиявий институтлар билан кўп томонлама муносабатларни янги босқичга кўтаришнинг даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Бир сўз билан айтганда Янги Ўзбекистон аталмиш катта карвон тизимли ислоҳотлар, машаққатли меҳнат ва бунёдкор халқ иродаси билан барқарор тараққиёт сари дадил одимлаб бормоқда. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган юртимизда бугун амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар асрларга татигуликдир.
Худойберди Хакназаров,
тарих фанлари доктори