Ўзбекистонда диний-маърифий таълим соҳасидаги ислоҳотлар: воқелик ва истиқбол
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан диний-маърифий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар, хусусан миллий анъана ҳамда қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, аждодларимиз хотирасини улуғлаш, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва масжидларни ободонлаштириш борасида бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.
2017 йилдан сўнг Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий мадрасаси каби янги диний таълим муассасалари ташкил этилиб, Мир Араб олий мадрасаси ҳамда Ҳадис илми мактаби ташкил қилиниб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари сони ўн учтага етди.
Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони диний-маърифий соҳада таълим тизимини юқори босқичга кўтариш, истиқбол режаларини ишлаб чиқиш ҳамда янги ислоҳотларни амалга оширишга замин бўлди.
Фармонга кўра, Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, исломий билимларнинг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганган, жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аллома ватандошларимизнинг улкан илмий меросини пухта ўзлаштирган, диний соҳада илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассисларни тайёрлаш ҳамда ислом динининг эзгу умуминсоний ғояларини халқимиз, айниқса, ёш авлодга етказиш мақсадлари қўйилган.
Диний ходимларга қўйилаётган замонавий талаблардан келиб чиқиб, диний ва дунёвий фанларни чуқур ўзлаштирган, мафкуравий хуружларга қарши тура оладиган, турли оқимларнинг ёт ғояларига раддия бера оладиган мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари, диний ташкилотлар ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида узвийликни таъминловчи янги узлуксиз тизим шакллантирилди.
Асрлар давомида юртимизда шаклланган анъанавий ҳанафий мазҳаби ва мотуридий таълимотига мувофиқ диний таълим тизими ҳамда хорижий етакчи диний олий ўқув юртлари тажрибасини эътиборга олган ҳолда, республикамиз олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари ўқув режа ва фан дастурлари янада такомиллаштирилди ҳамда таълимнинг узвийлиги таъминланди.
Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 11 августдаги 2020-2024 йилларда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни қўллаб-қувватлаш “Йўл харитаси”га мувофиқ диний таълим муассасаларининг ўқув дастурига “Мотуридия таълимоти ва замонавий ақидавий қарашлар” номли янги махсус курс киритилди.
“Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”га кўра, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент ислом институти кундузги таълим йўналиши талабалари кредит-модуль тизимига ўтказилди, ўқув режа қайта кўриб чиқилиб, мутахассисликка алоқаси бўлмаган ва такрорий фанлар ҳажми қисқартирилди, ихтисосликка йўналтирилган фанлар ҳажми оширилди.
Ўзбекистон Президентининг фармонига мувофиқ Ўзбекистон ислом академияси ва Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. Академия таркибидаги малака ошириш маркази фаолиятига қўшимча равишда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилгани ҳам диний таълим соҳасида ўзига хос аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистонда, шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкилди. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада кенг ислоҳотлар олиб борилиб, ислом оламидаги буюк аллома Имом Мотуридий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлодни эзгу инсоний ғоялар руҳида тарбиялаш ва мафкуравий иммунитетни шакллантиришда ушбу марказ фаолияти муҳим ўрин тутиши шубҳасиз.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг малака ошириш маркази ва унинг ҳудудий бўлимларида таниқли профессор-ўқитувчилар, ўз соҳасининг етук мутахассис-олимлари, имом-хатиблар, отинойилар, ёшлар етакчилари иштирокида мунтазам ўқув семинарлари ташкил этилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида талабаларнинг сифатли таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар уларнинг исломшунослик, диншунослик, ислом тарихи ва манбашунослиги, дин психологияси, ислом иқтисодиёти, халқаро муносабатлар, зиёрат туризми, шарқ тиллари каби соҳаларда юқори малакали кадрлар этиб тайёрлаш учун етарли даражада шароит яратилишига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар”, “Мумтоз шарқ филологияси” ҳамда “Исломшунослик” факультетлари фаолият кўрсатиб келмоқда.
Шунингдек, мазкур факультетлар таркибида “Ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми”, “Халқаро муносабатлар ва ижтимоий фанлар”, “Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари”, “Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар”, “Ўзбек тили ва мумтоз шарқ адабиёти”, “Чет тиллари”, “Дин психологияси ва педагогикаси”, “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO”, “Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA” ҳамда “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш UNESCO” каби замонавий ва халқаро даражадаги кафедралар ташкил этилди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида асосий иш ҳажмида жами 194 нафар профессор-ўқитувчи, жумладан, 28 нафар фан доктори, 97 нафар фан номзоди ва фалсафа доктори (PhD) фаолият кўрсатаётган бўлиб, илмий салоҳият 77.1 % ни ташкил қилмоқда.
Академия 2023 йилда республика олий таъдим муассасалари миллий рейтингида илмий салоҳият бўйича 1-ўринни, умумий даражада 2-ўринни қўлга киритди.
Академияда 6 та ихтисослик, жумладан, “Ислом тарихи ва манбашунослиги”, “Қуръоншунослик. Ҳадисшунослик”, “Фиқҳ, калом илми. Илоҳиёт”, “Мумтоз шарқ адабиёти ва манбашунослиги”, “Диншунослик” ҳамда “Дин психологияси” ихтисосликлари доирасида жамиятдаги дин билан боғлиқ феноменлар, дин ва жамият муносабатлари, мафкуравий хуружларга қарши миллий ғоя, ментал хусусиятлар инобатга олиб курашишда буюк аждодларнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг асарлари тадқиқига оид изланишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида таъсис этилган Илмий кенгашда, мазкур ихтисосликлар доирасида йилига 20 дан ортиқ фан доктори ва фалсафа доктори илмий даражасини олиш диссертация ҳимоялари муаффақиятли амалга оширилиб келинмоқда.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Манбалар хазинасида 460 та қўлёзма, 1521 та тошбосма ҳамда 5710 номдаги 13000 мингдан ортиқ замонавий нашрдаги китоблар мавжуд. Мазкур давр мобайнида 300 та қўлёзма китобнинг 2 жилдли кенгайтирилган каталоги нашр этилиб, 1-жилдда 150 та қўлёзма, 393 та асарнинг кенгайтирилган тавсифи, 2-жилдда 150 та қўлёзма, 504 та асарнинг кенгайтирилган тавсифи берилган.
Сўнгги йилларда диншунослик ва у билан боғлиқ замонавий масалаларга бағишланган “Ўзбекистондаги диний-мистик рамзларнинг тарихий-қиёсий таҳлили”, “Глобаллашув даврида диний ксенофобия ва унинг намоён бўлиш хусусиятлари”, “Ахборотлашган жамият ижтимоий идентиклиги шаклланишида дин омили”, “ИШИД” террорчи ташкилотининг ахборот хуружи ва уни бартараф этиш йўллари”, “Кибермакон ва ислом билан боғлиқ диний-маънавий жараёнлар”, “Бағрикенглик маданияти экстремизмнинг олдини олиш омили”, “Миссионерликнинг ижтимоий тарихий мазмуни ва Ўзбекистонда намоён бўлишининг ўзига хос жиҳатлари”, “Замонавий ўзбек оилаларида ислом одат ва анъаналари эволюцияси” каби тадқиқотлар амалга оширилган. “Христианлик ва исломда аскетик қарашлар тарихи ва эволюцияси қиёсий таҳлили”, “Христиан ва ислом манбаларида тиббий масалаларнинг эътиқодий-ижтимоий асослари”, “Ўрта Осиёдаги ижтимоий-маданий жараёнларда яҳудий жамоаларининг тутган ўрни”, “Жаҳон динларида бағрикенглик ғояларининг уйғунлиги”, “Зардуштийликда маъбудаларнинг функциялари ва ижтимоий-тарихий моҳияти” каби мавзулардаги илмий тадқиқотлар мазкур йўналишда амалга оширилган самарали изланишлардан ҳисобланади.
Соҳа бўйича илмий тадқиқотларнинг самарадорлигини оширишда илмий, амалий, инновацион лойиҳаларнинг ўрни катта. Мана шу мақсадда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 2021-2023 йиллар учун молиялаштирилган “Динлар тарихи, таълимоти, манбалари ва анъаналарини тадқиқ этиш асосида “Дунё динлари” электрон дастури ва мобиль иловасини яратиш” мавзусидаги инновацион лойиҳа бўйича изланишлар олиб борилган. Мазкур лойиҳа доирасида дунёда кенг тарқалган буддавийлик, ҳиндуийлик, жайнийлик, зардуштийлик, конфуцийлик, даолик, синтоийлик, сикхийлик, яҳудийлик, христианлик, ислом каби 11 та дунё динлари бўйича алоҳида монографиялар тайёрланди.
Диншунослик фанига бўлган қизиқиш ва талабнинг ошириб бораётганлигини инобатга олган ҳолда соҳани замон талаблари даражасига олиб чиқиш, уни янги авлод адабиётлари, ўқув қўлланма ва дарсликлар билан таъминлаш ва такомиллаштириш мақсадида “Ибн Сино теологик таълимотида гносиологик тамойиллар”, “Шарқий Осиёда ислом дини тарқалиши ва унинг минтақавий хусусиятлари”, “Қадимги Афғонистон тарихи, диний эътиқоди ва маданияти” номли монографиялар, “Қиёсий диншунослик” ва “Ислом фалсафаси”, “Жануби-Шарқий Осиё диний-фалсафий таълимотлари” номли дарсликлар, “Диний манбаларни қиёсий ўрганиш”, “Кибермакондаги диний жараёнлар”, “Дунё динлари тарихи”, “Диний бағрикенглик маданияти” номли ўқув қўлланмалари яратилди.
Ёш илмий тадқиқотчиларининг илғор ишланмаларини кенг жамоатчиликка тақдим этиш мақсадида “Ислом зиёси”, “Ислом тафаккури” ва “Мотуридийлик” илмий журналлари чоп этиб келинмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, “Ислом зиёси” журнали республика олий таълим муассасалари илмий журналлари ноёб платформаси – uzjournals.edu.uzдаги энг фаол 5 та журналдан бири сифатида эътироф этилган нашрдир.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўз мақомига муносиб бўлиш ҳамда халқаро миқёсда етакчи ўринларни эгаллаш мақсадида кенг кўламли янгиликларни амалиётга татбиқ этмоқда. Хусусан, кейинги йилларда академиянинг нуфузли хорижий олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари сезиларли кенгайди. Натижада Академия профессор-ўқитувчилари ва ёш илмий тадқиқотчиларининг халқаро конференция, илмий семинар ҳамда халқаро грантлардаги иштироки фаоллашди. Ўз навбатида, хорижлик профессор-ўқитувчилар, талабалар ва докторантларнинг академия ўқув жараёнига жалб этилиши ҳамда юртимизда илмий-тадқиқот олиб боришга қизиқиши ҳам йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро ислом академияси 43 та хорижий олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан Меморандум шартномалари имзолаган.
Академияда талабаларнинг иқтидорини юзага чиқариш, бўш вақтларини мақсадли ва мазмунли ташкил этишга муҳим эътибор қаратилган. Энг аввало, ҳар бир талабанинг дарслардаги иштироки, фаоллиги ҳамда фанларни ўзлаштириш даражаси таҳлил этиб борилади. Бунда талабанинг таълим сифати ва ўқув жараёни самарадорлиги бўйича фан ўқитувчилари ҳамда гуруҳ сардори билан узвий ҳамкорлик ўрнатилган.
Талабаларнинг билим олишлари, касб-ҳунар ўрганишлари ва спорт билан шуғулланишлари учун ҳам кенг имкониятлар яратилган. Жумладан, “Тилшунослик” (араб, инглиз, рус тили), “Психологик тренинг”, “Хаттотлик”, “Компьютер саводхонлиги”, “Веб-дизайнери” каби тўгаракларда талабалар замонавий билим ва касб-ҳунарларни ўрганса, “Дуторчилар”, “Фортепиано”, “Скрипка”, “Доира” каби санъат йўналиши машғулотларида ўз истеъдодларини намоён этиш имконига эга бўлмоқда. “Волейбол”, “Стол тенниси”, “Баскетбол”, “Мини футбол”, “Шахмат ва шашка”, “Бадминтон” каби спорт тўгараклари эса ёшларнинг жисмонан соғлом бўлишларига кўмаклашмоқда.
Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда ходимлари томонидан юртимиз бўйлаб республикада ижтимоий-маънавий муҳим барқарорлигини таъминлаш ва диний вазиятни янада соғломлаштириш бўйича турли тарғибот тадбирлари фаол иштирок этмоқдалар.
Учрашувларда соҳа мутахассислари томонидан “Ислом – маърифат дини”, “Илмдан бошқа нажот йўқ”, “Маърифатли жамият – жаҳолатни қоралайди” каби мавзуларда маърузалар тингланмоқда.
Бу каби тадбирларда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни қадрига етиш, лоқайд ва бепарволикка берилмаслик бўйича тушунчалар берилиб, ўсиб келаётган ёш авлодни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқатилишига йўл қўймаслик, ёшларни диний экстремизм, терроризм, радикализм каби салбий иллатлардан огоҳлантириш ва асраш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланмоқда.
Мухтасар айтганда, кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.