Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар икки мамлакат халқларининг узоқ муддатли манфаатларига мос келади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни Россия Федерациясига амалий ташриф буюради
1992 йил 20 мартда ўрнатилган дипломатик муносабатлар Ўзбекистон-Россия ўртасидаги самарали ва ўзаро манфаатли алоқаларининг муҳим босқичи бўлди.
Салкам 32 йил давомида кўп қиррали Ўзбекистон-Россия алоқалари ўзаро келишув асосида тобора мустаҳкамланиб, янги йўналишларни қамраб олмоқда.
Икки томонлама муносабатлар 2016 йилдан сўнг янги босқичга кўтарилди. Икки давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган ишончли ва дўстона яқин алоқалар Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигига янги суръат бағишлади. Сўнгги йилларда амалга оширилган олий даражадаги 16 та ўзаро ташриф деярли барча жабҳаларда самарали давлатлараро мулоқотни сезиларли даражада фаоллаштириш имконини берди.
Томонлар ўз орбитасига тобора кўпроқ янги иштирокчиларни, жумладан, ҳудудлар миқёсида жалб этиб, барча даражаларда интенсив ва кенг кўламли алоқаларни давом эттирмоқда.
Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги мунтазам алмашинувлар ўзаро ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасида ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия тузилди ва у муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Россиянинг Давлат Думаси даражасида ҳам парламентлараро гуруҳлар тузилган. Икки мамлакат парламент аъзоларининг мунтазам учрашувлари нафақат қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, балки икки томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун ҳужжатларини келишилган ҳолда қабул қилиш имконини бераётир.
Икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги самарали алмашинувлар тизимли асосда ривожланиб бораётир. Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг турли масалалари, жумладан, икки томонлама ва кўп томонлама форматдаги ҳамкорликнинг долзарб ва муҳим жиҳатлари юзасидан Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда. Ўзбекистон ва Россия БМТ, МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа глобал ҳамда минтақавий тузилмалар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилади ҳамда бир-бирининг ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистон-Россия мулоқотининг асосий йўналиши савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ҳамкорликдир. Айтиш жоизки, ҳозирги кунда мамлакатлар ўртасида эркин савдо режими амал қиляпти. Умуман олганда, ўтган йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 9,8 миллиард доллардан ошди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги 2900 га яқин корхона ишлаяпти. Сўнгги йилларда тоғ-кон, металлургия, ёқилғи-энергетика, кимё, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда 100 дан ортиқ йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилди.
Томонлар икки мамлакат ишбилармон доиралари ва етакчи иқтисодий тузилмалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ҳам йўлга қўйган. Ҳудудлардаги ишлаб чиқариш корхоналари бу жараёнда ўз ўрнини фаол ривожлантирмоқда, янги таъминот тармоқлари ва биржалар ташкил этиляпти. 2023 йилда икки давлат ҳудудлари етакчиларининг 80 дан ортиқ ўзаро ташрифлари бўлиб ўтди. Бунга ёрқин мисол сифатида нисбатан янги ҳамкорлик институти – Минтақалараро ҳамкорлик форумини келтириш мумкин. Хусусан, 2023 йил 4 октябрь куни Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида бўлиб ўтган 3-форум якунлари бўйича умумий қиймати 3,5 миллиард долларлик битим ва шартномалар имзоланди.
Бой ва ранг-баранг маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам таҳсинга лойиқ. Ўзбекистон бугунги кунда Россия университетларининг хорижий филиаллари сони бўйича етакчи ҳисобланади. Сўнгги тўрт йил ичида мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 14 та етакчи Россия университетларидан 11 тасининг филиали очилди. Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Москва давлат халқаро муносабатлар институти, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, “МИСИС” Миллий тадқиқот технологик университети филиаллари шулар жумласидандир. Шунингдек, ўн мингдан зиёд Ўзбекистон ёшлари Москва ва Россия ҳудудларидаги олий ўқув юртларида бугунги кунда талаб қилинадиган замонавий мутахассислик ва кўникмаларни ўзлаштирмоқда.
Икки мамлакат ўртасида сайёҳлар алмашинуви жадал ривожланмоқда. Ўзбекистонга келаётган россиялик сайёҳлар сони йил сайин ортиб бораётгани фикримизни тасдиқлайди. Жумладан, 2023 йилда уларнинг сони 714,2 минг кишини ташкил этди, бу рақам ундан олдинги йилга нисбатан 25,8 фоизга кўп демакдир. Ўзбекистон Туризм қўмитаси таҳлилларига кўра, 2025 йилга бориб мамлакатимизга келадиган россиялик сайёҳлар сони бир миллион кишига етади.
Ўзбекистон ва Россия, шунингдек, маданият ва санъат намояндалари ўртасидаги анъанавий ижодий алмашинувларни ҳам фаол қўллаб-қувватламоқда. Икки давлат театрларининг ижодий гастроллари, маданият кунлари ўзаро асосда ташкил этилаётгани шундан гувоҳлик беради. Ўзбекистонда ташкил этилаётган халқаро фестиваль ва тадбирлар – “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, бахшичилик санъати фестивали, Тошкент халқаро кинофестивали ва бошқаларда россиялик ижодкорлар мунтазам иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев ушбу ташриф доирасида Қозон шаҳрида бўлиб ўтаётган “Келажак ўйинлари” мусобақасининг расмий очилиш маросимида қатнашади. Соврин жамғармаси 10 миллион долларни ташкил қилувчи мазкур халқаро турнирда 100 дан ортиқ давлатдан 277 жамоалар қатнашмоқда. Улар 21 та инновацион йўналиш бўйича ўзаро беллашадилар. Уларнинг ҳар бири фижитал тушунчасини бирлаштиради, яъни классик спорт ва киберспорт ёки VR-/AR технологиясини ўз ичига олади. Мусобақа бешта — спорт, тактика, стратегия, технология ва тезлик каби жиҳатларга асосланган.
Қозон шаҳрида бўлиб ўтадиган олий даражадаги ўзбек-рус музокаралари ва давлат раҳбарларининг “Келажак ўйинлари” мусобақасининг расмий очилиш маросимида биргаликда иштирок этишлари, шубҳасиз, Ўзбекистон ва Россия халқларининг узоқ муддатли манфаатларига асосланган стратегик ва иттифоқчилик хусусияти билан ажратиб турадиган кўп қиррали икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлайди.
“Дунё” АА