Қирғизистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари диққатига!
Ҳурматли Фуқаролар !
Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 10.10.2023 йилда 541-сонли қарори билан визасиз режим жорий этилган 62 давлат фуқароларига нисбатан “Чет эл фуқароларининг Қирғизистон Республикаси ҳудудида бўлиш тартиби тўғрисида”ги низомни тасдиқлади.
Ушбу низомга кўра, Қирғизистон томони амалда бўлган “visa-run” режимини бекор қилди. Унга кўра мамлакат чегарасидан ташқарига қисқа муддатга чиқиш орқали, қайта мамлакатга кириб, қолиш муддатини узайтириш имконияти бекор қилинган.
Маълумотнома: “visa-run” – бунда чет эл фуқаролари Қирғизизстон Республикаси ҳудудида визасиз режимда бўлиш муддатини узайтириш учун, Қирғизистондан бошқа давлатга чиқиб ва Қирғизистонга қайтиб кириши, яъни чегара пунктлари орқали чегарани кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар асосида чиқиш-кириш ҳаракатини амалга ошириш бўлган.
Масалан: Ўзбекистон фуқароси Қирғизистонда визасиз режимда 60 кун бўлиб, визасиз режимда бўлиш муддатини узайтириши учун Ўзбекистон ёки Қозоғистонга чиқиши ва Қирғизистонга қайта кириш ҳаракатини амалга оширар эди.
Қирғизистон томонининг янги низоми бўйича, қуйидаги 2 турдаги виза режими жорий этилган:
- Визасиз режим, яъни Ўзбекистон фуқаролари 60 кунгача бўлган муддатга визасиз режимдан фойдаланилганда, Қирғизистондан чиққан кунидан эътиборан 60 кун ўтгач қайта Қирғизистонга киришга рухсат берилади;
- Визали режим, яъни Ўзбекистон фуқаролари 60 кунгача бўлган муддатга визасиз режимдан фойдаланиб бўлиб, Қирғизистондан чиқиб ва қайта Қирғизистонга кирмоқчи бўлишса (60 кун кутмасдан), Қирғизистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналаридан тегишли виза расмийлаштиришлари ёки evisa.e-gov.kg сайтидан “электрон виза” олишлари керак.
Шу муносабат билан Қирғизистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон талабаларни ва турли соҳаларда фаолият юритётган Ўзбекистон фуқароларни Қирғизистон томонидан қабул қилинган ушбу қарор талабларига риоя этишлари тавсия этилади.