Минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш - Марказий Осиё иқтисодий фаровонлигининг гарови
23-24 ноябрь кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Озарбайждонда бўлади ва Боку шаҳрида ўтказиладиган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастури (СПЕКА) йиғилишида иштирок этади.
БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастури (СПЕКА) 1998 йил 26 мартда иштирокчи давлатлар - Озарбайжон, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон томонидан имзоланган Тошкент декларацияси билан таъсис этилган.
СПЕКАнинг асосий вазифаси минтақадаги иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш, иштирокчи мамлакатларнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш учун трансчегаравий ҳамкорлик платформасини тақдим этишдир.
Бошқарув кенгаши СПЕКА қарорларини қабул қиладиган олий раҳбарлик органи ҳисобланади. У вазирлар ёки вазир ўринбосарлари даражасидаги миллий координаторлардан ҳамда БМТ Европа иқтисодий комиссияси (ЕЭC) ва Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссиянинг (ЭСКАТО) ижрочи котибларидан иборатдир.
СПЕКАга аъзо мамлакатлардан бири Бошқарув кенгашининг раиси ҳисобланади. Раислик қилаётган мамлакат ҳар йили навбатма-навбат, одатда бир йиллик муддатга сайланади. Қарорлар консенсус асосида қабул қилинади.
Ҳозирги пайтда Озарбайжон СПЕКАга раислик қилмоқда.
СПЕКА иқтисодий форуми ҳар йили ташкил этилади, унда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга кўмаклашадиган минтақадаги иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорликнинг алоҳида стратегик масалаларига асосий эътибор қаратилади. Форум барча манфаатдор томонлар ўртасида юқори даражадаги сиёсий мулоқот учун платформа бўлиб хизмат қилади ва СПЕКА Бошқарув кенгаши учун аниқ тавсияларни ишлаб чиқади.
2021 йил 17 – 19 ноябрь кунлари Тошкентда Бошқарув кенгашининг 16-йиғилиши гибрид форматда бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича СПЕКА масалаларининг кенг доирасини қамраб олган ўндан ортиқ қарорлар қабул қилинди.
Шу даврда “Пандемиядан кейин “яшил” ва инклюзив иқтисодиётни ривожлантириш учун барқарор транспорт ва савдо” мавзусига бағишланган СПЕКА иқтисодий форуми ҳам бўлиб ўтди.
Иқтисодий форум якунлари бўйича пандемиядан кейинги экологик, кўп қиррали ва инклюзив иқтисодиётни тиклаш учун транспорт, савдо ва алоқа барқарорлигини мустаҳкамлаш бўйича Тошкент баёноти қабул қилинди. СПЕКА субминтақасининг иқтисодий ўзаро боғлиқлигини ошириш, уни барқарор транспорт тизимининг маркази сифатида ташкил этиш учун шароит яратиш, минтақа ичидаги савдо тартиб-қоидаларини янада соддалаштириш ва БРМга эришишни жадаллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
2022 йил 26 – 27 октябрь кунлари Тошкентда Транспорт ва логистика алоқасини ривожлантириш бўйича СПЕКА ишчи гуруҳининг 27-йиғилиши бўлиб ўтди. Иштирокчилар СПЕКАга аъзо давлатларнинг ташқи савдо, транспорнт ва транзит соҳасидаги халқаро конвенция ва битимларга қўшилиши масаласини муҳокама қилдилар. Учрашув якуни бўйича Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ минтақасида мавжуд ва янги транспорт йўлакларини ривожлантириш, шунингдек, Тошкент шаҳрида Транспорт ва коммуникацияларни ривожлантириш минтақавий марказини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Ҳозирги вақтда дастурда иштирок этувчи давлатлар СПЕКА Котибиятини яратиш, шунингдек, БМТнинг Кўпшериклик траст фондлари асосида СПЕКА жамғармасини яратиш бўйича ишларни давом эттирмоқдалар.
Қайд этиш жоизки, 2023 йил апрел ойида Женевада бўлиб ўтган СПЕКА Вазирлар учрашувида Қўшма баёнот қабул қилинди, унга биноан Мақсадли жамғармани ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.
Минтақа мамлакатлари ўртасидаги мустаҳкам алоқалар, иштирокчи мамлакатлар халқларининг анъаналари, урф-одат ва маданий қадриятлари яқинлиги Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги фаол ташқи иқтисодий сиёсати билан биргаликда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш нуқтаи назаридан салмоқли натижаларни берди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва СПЕКАга аъзо давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга ошиб, 9,2 миллиард долларга етди. Ўзбекистонда минтақа ҳудудида фаолият юритаётган компаниялар билан ҳамкорликда ташкил этилган корхоналарнинг сони 2017 йилдан буён беш баробарга кўпайгани ҳолда 2212 тага етди.
Минтақа мамлакатларининг савдо-иқтисодий салоҳияти, салмоқли табиий ва инсон ресурслари, қулай географик жойлашуви ҳисобга олинган ҳолда ушбу салоҳиятни рўёбга чиқаришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Булар рақобатдош устунликлардан фойдаланган ҳолда ўзаро савдони мустаҳкамлаш ва кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мавжуд савдо тўсиқларини бартараф этиш, техник регламентларни соддалаштириш, божхона ва чегара тартиб-қоидаларини рақамлаштиришдан иборат.
БМТ стандартларидан фойдаланган ҳолда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, транспорт йўлакларини диверсификация қилиш ва Транс-Каспий транспорт йўлаги бўйлаб мултимодал маълумотлар ва ҳужжатлар алмашувини рақамлаштириш бўйича йўл харитасини қабул қилиш бўйича ташаббусларни илгари суришдаги ҳамкорлик фаоллашмоқда.
Бокуда бўлиб ўтадиган саммитда устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, СПЕКА тузилмаси ва фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинади.
Давлатимиз раҳбарининг бўлажак саммитдаги иштироки Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати ва минтақалараро ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларининг мантиқий давоми бўлиб, унда илгари суриладиган ташаббуслар мамлакатимизнинг СПЕКА доирасидаги кўп томонлама, очиқ, амалий ва ўзаро манфаатли шерикликни изчил ривожлантиришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.