Жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларни “инсон манфаатларига хизмат қилиш” тамойилидан келиб чиқиб ташкил этиш самарадорлиги
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда жамиятимизда қонунга итоаткорлик ва жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ишларни “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида ташкил этишнинг мутлақо янги механизм ва тартиблари жорий этилиб, давлат органларининг жамоатчилик тузилмалари билан ўзаро мақсадли ҳамкорлиги йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, жаҳонда кучайиб бораётган турли хавф-хатар ва зиддиятлар, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигига таҳдидлар, пандемия, табиий ва техноген офатлар масъул давлат тузилмаларига ўз фаолиятини “Барча саъй-ҳаракатлар инсон қадри учун” деган устувор ғоя асосида янада такомиллаштириш вазифасини юкламоқда.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, хусусан жиноятчиликка қарши курашиш сиёсатида ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг ўрни ва роли сезиларли даражада ошиб бормоқда. Ўтган давр мобайнида замон талабларига жавоб берадиган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг мутлақо янги тизими яратилди. Фақат жазолаш билан қўрқитиб, ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан курашиш эмас, балки ноқонуний ҳаракатлар содир этилишининг барвақт олдини олиш энг долзарб вазифага айланди”.
Маълумки, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш давлатнинг асосий функцияларидан бири сифатида эътироф этилган. Мазкур функцияни амалга ошириш мақсадида турли ташкилий ва ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади. Жумладан, республикамизда ҳар йили минглаб сиёсий, маданий ва спорт оммавий тадбирларини ўтказилиши юртимиздаги осойишталик ва тинчлик ҳукмронлигидан далолат беради.
Жамоат хавфсизлиги бу шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий манфаатларини жиноий ва бошқа ҳуқуққа хилоф ҳаракатлар, ижтимоий низолар, табиий офатлар, зилзилалар, эпидемиялар, эпизоотиялар, техноген фалокатлар, авариялар ва ёнғинлар натижасида келиб чиқадигап фавқулодда вазиятлар оқибатларидан ҳимояланганлик ҳолатидир.
Қонун ҳужжатларида одатда жамоат тартибига нисбатан “сақлаш” (муҳофаза қилиш), жамоат хавфсизлигига нисбатан “таъминлаш” терминлари ишлатилсада, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг ушбу турлари мазмуни асосан мос келади.
Жамоат хавфсизлиги тушунчаси шахснинг, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфаатларини бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар ва ижтимоий тўқнашувлар, табиий офатлар, эпидемия, эпизоотия, ҳалокатлар, ёнғин келтириб чиқарган фавкулотда вазиятларнинг оқибатида муҳофаза қилиш ҳолати сифатида таърифланади.
Таъкидлаш жоизки, “жамоат тартиби” ва “жамоат хавфсизлиги” тушунчаларининг моҳиятини таҳлил қилишда улар бир-биридан фарқ қилса-да, уларни таъминлаш ўзаро боғлиқ ва бир-бирини тўлдирувчи ҳамда бирини иккинчисидан ажратиш жуда ҳам мураккаб бўлган жараён эканлигини намоён қилади. Жамоат тартибини сақлаш бу бир вақтнинг ўзида фуқароларнинг шахсий хавфсизлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тушунчаларини ҳам ўз ичига қамраб олади. Лекин “фуқароларнинг шахсий хавфсизлиги” ва “жамоат хавфсизлиги” тушунчалари “жамоат тартиби” тушунчаси билан боғлиқ бўлса-да, ўзаро бир-биридан фарқ қилади.
Мамлакатимиз қонунчилигида ва ҳуқуқий фан доирасида мазкур тушунчалардан кенг фойдаланишига қарамай, юридик адабиётларда ҳамон уларни таърифлашга ягона ёндашув ишлаб чикилмаган. Бундай ёндашув “оммавий тадбир”, “жамоат тартиби”, “жамоат хавфсизлиги" каби тушунчаларнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш ва уларнинг назарий таърифларини шакллантиришни тақозо қилади.
Фикримизча, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш тушунчаси бўйича ягона фикр ва якдиллик мавжуд эмаслигини намоён этади. Жумладан, Франциялик олим Жорж Ведель “Хавфсизлик – жамоа ёки айрим шахсларга таҳдид солаётган хавф-хатарларни олдини олишга каратилган фаолият бўлиб, ўз ичига давлат хавфсизлигига таҳдидлардан тортиб оддий бахтсиз ҳодисаларга йзл қўймасликни камраб олади” – деган фикрни илгари сурган.
Австриялик олим И.Петерс “Жамоат хавфсизлиги деганда шахс томонидан жамиятда юриш-туришнинг барча тартибга солинган ва ёзилмаган қоидаларига риоя қилиши, шунингдек давлат ва фуқарорларнинг ўзаро бир маконда фаолият юритиши ва яшашининг асосий шарти бўлган қоидаларнинг мажмуи тушунилади” – деб фикр билдиради.
Ўз навбатида россиялик олим Б.П.Кондрашев “Жамоат хавфсизлиги – бу жамиятнинг моддий неъматлари ва руҳий қадриятларини бир бутунлиги ва бузилмаслигини таъминлашдир” –деган тушунчани илгари сурган. Россиялик ҳуқуқшунос олим Е.Ф.Колонтаевскийнинг фикрича, жамоат тартиби жамоатчилик муносабатлари тизимини белгилаб, корхона, муассаса ва жамоат ташкилотларини фаолият кўрсатиши учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда жамоатчилик хавфсизлигини таъминлашдан иборат.
Демак, жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлиги ижтимоий муносабатларнинг ҳар хил тури бўлиб, улар ўртасида чамбарчас алоқадорлик мавжуд: ушбу гурух муносабатларнинг хар бирн бошқасининг мавжудлик шартидир. Бундан ташқари, жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлигининг мазмуни тегишли ижтимоий муносабатлар шахс ва жамиятнинг ҳаётий муҳим манфаатларига кирадиган шахс шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши, жамият ва шахс тинчлигини ҳурмат қилинишини таъминлайдиган соҳага мос келади.
Жамоат хавфсизлигига тахдид ҳолати темир йўл, сув, ҳаво, автомобиль транспортидан фойдаланиш, йўл ҳаракати, қурилиш, йўл ва бошқа ишларни олиб бориш қоидалари бузилишига йўл қўйилганда, ёнғиндан хавфли иншоот ва қурилмалардан фойдаланиш, шунингдек, портловчи материаллар ва бошқа хавфли предмет ва моддалар билан муомала қилиш талаблари бузилганда вужудга келади. Демак, темир йўл, дарё, автомобиль йўллари транспорти воситаларини эксплуатация қилиш қоидалари бузилганда, автомобиль йўли ҳаракати қоидаларига риоя қилинмаганда, қурилиш, йўл қурилиши ва бошқа ишлар жараёнида техника хавфсизлиги қоидалари бузилганда, ёнғиндан хавфли объектлар ва қурилмаларни эксплуатация килишда, ўқ отар қуроллар, ўқ-дорилар, портловчи материаллар, кучли таъсир қиладиган заҳарли моддалар, радиоактив изотоплар ва бошқа хавфли предметлар ва нарсалар билан муомала қилинганда жамоат хавфсизлигига нисбатан хавф-хатар туғилиши мумкин.
Бизнингча, жамоат хавфсизлиги бу шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфаатларини жиноий ва бошқа ҳуқуқка хилоф ҳаракатлар, ижтимоий низолар, табиий офатлар, зилзилалар, эпидемиялар, эпизоотиялар, катта фалокатлар, авариялар ва ёнгинлар натижасида келиб чиқадиган фавқулодда вазиятлар оқибатларидан ҳимояланганлик ҳолатидир. Шу сабабли уни турли жиҳатдан, шу жумладан, бошқариш объекти ва таъсир усуллари таърифи нуқтаи назаридан кўриб чикиш жуда муҳимдир.
Бугунги кунда давлатимнзнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар, айниқса мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги билан боғлиқ вазифалар ниҳоятда жиддий ёндашувни талаб этиб, бунда ички ишлар органларининг ҳаракатларини тизимли, аниқ ва қонунни бўлиши ва улар мунтазам такомиллаштирилиб борилиши ўз ечимини кутаётган масалалардан биридир.
Ўтган давр мобайнида ички ишлар органлари тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, ички ишлар органларининг маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш учун ташкил этилган қуйи бўғинини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича салмоқли ишлар қилинди.
Дарҳақиқат ички ишлар органлари мустақил Ўзбекистоннинг мамлакатдаги тинчлик ва барқарорлик мавжуд бўлиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайди. Ўзбекистонда олий қадрият деб тан олинган инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари таъминланишини янада мустаҳкам кафолатлаш мақсадида, ички ишлар органлари тизимидаги амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартда “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6196-сон Фармони ва мазкур Фармонга мувофиқ, 2021 йил 2 апрелда “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5050-сон Қарори, 2021 йил 15 апрелда “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5076-сон Қарорилари қабул қилинди.
Давлат раҳбари томонидан қабул қилинган мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ички ишлар органларининг фаолиятини такомиллаштириш, уни тартибга солиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш каби бир қатор вазифалар белгиланган.
Шунга мос равишда ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш борасидаги ишлари ҳам яхшиланди. Энг муҳими, тизим ходимларининг халқ билан ҳамкорлиги кучайтирилди. Эл-юрт тинчлигига рахна солувчи ва жамият ривожига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларга қарши кенг жамоатчилик билан биргаликда, ҳамжиҳатликда кураш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилди.
Жамиятда барқарорлик, тинчлик ва осойишталикни қарор топтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ҳуқуқий демократик давлат қуриш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган мақсадларга эришишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича республикада яхлит ҳуқуқий тизим яратилган бўлиб, унда ички ишлар органлари муҳим ўрин эгаллайди.
Ўтган йиллар давомида ички ишлар органлари фаолиятиии, шу жумладан унинг жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таьминлашга доир йўналишини такомиллаштириш юзасидан амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар натижасида, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг барча соҳавий хизматлари ва уларнинг жойлардаги қуйи тузилмаларининг фаолияти замон талаблари асосида такомиллаштирилди, уларнинг ташкилий тузилиши ва асосий вазифалари аниқ белгилаб берилди. Шунингдек, оммавий тадбирларни ўтказиш вақтида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ички ишлар органларининг, хусусан унинг патруль-пост хизмати саф бўлинмаларининг фаолияти такомиллаштирилиб, уларда хизмат қилувчи ходимларнинг масъулияти оширилди. Ички ишлар органларининг барча соҳавий хизматлари қатори бевосита жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш фаолияти билан шуғулланувчи патруль-пост ва жамоат тартибини сақлаш хизмати тизими такомиллаштирилди.
Ички ишлар органлари тизимидаги асосий вазифаси жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлашдан иборат бўлган сохавий хизматлар, таркибий тузилмалар ва саф бўлинмаларининг моддий-техникавий базаси такомиллаштирилди, улар замонавий автотранспорт, компьютер ва алоқа воситалари, хизмат қуроллари билан таъминланди, ва ниҳоят, ички ишлар органларининг фаолияти, хусусан унинг жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолияти ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида “Бугунги кунда биз “Хавфсиз шаҳар – хавфсиз мамлакат” концепцияси асосида юртимизда жамоат тартибини таъминлашга қаратилган катта ишларни амалга оширмоқдамиз. Энди бундан буён ҳар бир шаҳар ва вилоятда хавфсиз ҳудуд лойиҳасини амалга ошириш, жамоат тартибини сақлаш учун Ички ишлар вазирлиги билан бирга Миллий гвардия масъул ва жавобгар этиб белгиланади” – деб барча жабҳаларда жамоат тартибини сақлашни бирдай иккита тузилмага юклади.
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки барча тадбирларда Ички ишлар вазирлиги билан бирга Миллий гвардия масъул бўлиб хизмат олиб боришмоқда. Оммавий тадбирларда шу тадбирга қўйилган талабларни бажариш учун ички ишлар ва Миллий гвардия ходимининг ўз ваколат доирасида жамоат тартибини таъминлайди, агарда ички ишлар органлари ходимининг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш, ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаслик ёхуд жамоат тартибини сақлаш билан боғлиқ қонуний талабларини бажармаслик маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради.
Бизнинг фикримизча, ҳозирги кундаги жиддий муаммолардан бири оммавий тадбирлар ўтказиладиган жойларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги маъмурий-ҳуқуқий муаммолардир. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонунида, оммавий тадбирлар ўтказиладиган жойларни қурилиш лойиҳасига Ички ишлар вазирлигининг Йўл харакат хавфсизлиги Бошқармаси томонидан белгиланган ҳудудда транспорт воситаларининг ҳаракат хавфсизлиги ва сақлаш жойлари бўйича қўйиладиган талаблар тўғрисида ҳуқуқий ваколатлари белгиланмаган. Бунинг натижасида охирги даврларда қурилаётган ўйингоҳ, концерт заллари, ресторан, супермаркет ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказиладиган жойлардаги транспорт ҳаракатлари ёки тўхташ жойлари, умуман йўл ҳаракати хавфсизлигига жавоб бермайди.
Оммавий тадбир ўтказиладиган объект атрофида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда транспорт воситаларининг харакатини мумкин қадар чеклаш ёки тақиқлаш чоралари кўрилади. Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ушбу ҳаракатлари ҳам ҳуқуқий асослар етарли бўлмаганлиги сабабли кўп ҳолларда фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Бунинг учун оммавий тадбирларни ўтказишда ушбу тадбирларга жалб қилинадиган барча иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиланиши лозимдир. Оммавий тадбирни ўтказишда ички ишлар органларининг ҳуқуқларига оммавий тадбирни ўтказиш объектига бориш жойларида тўсиқни объектига туташ ҳудудларни ўраб олиш, томошабинларни тадбир коидаларига риоя этишни назорат қилиш белгиланган бўлса, Миллий гвардия бўлинмаларининг вазифаларига эса оммавий тадбирларни ўтказишда объектнинг жамоат хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органларининг бўлинмаларига кўмаклашишдир.
Давлат хавфсизлик хизматиларининг оммавий тадбирни ўтказиш объектида ёки унга яқин ҳудудда террорчилик хавфи юзага келиши мумкин бўлган ахборотни йиғиш ҳамда ушбу маълумотларни бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан маълумотлар алмашиб уларни бартараф этиш чораларини кўриш лозимдир. Фавкулодда вазиятлар вазирлиги ёнғинни келтириб чиқариши мумкин бўлган хавф ва таҳдидлар омилларини ўз вақтида аниқлаш, уларнинг профилактикасини ва юзага келишининг барвақт олди олинишини таъминлашлари лозим. Оммавий тадбирларни ўтказишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жабрланганларга шошилинч тиббий ва биринчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш даркордир.
Фикримизча, юқорида қайд этилган тадбирларни ўтказишда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашни маъмурий-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ.
Жамоат тартибини сақлаш, жамоат хавфсизлиги, ташкилотларнинг нормал фаолият кўрсатиши, фуқароларнинг меҳнат қилиши ва дам олиши учун тўлиқ шароит яратишга, уларнинг шаъни, қадр-қимматини ҳамда умумаҳлоқий қадриятларини ҳурмат қилишга йўналтирилган ҳуқуқий ва ижтимоий нормалар асосида жамоат жойларида юзага келадиган ва ривожланадиган ижтимоий муносабатлар тизими сифатида ҳуқуқ субъектлари томонидан амал қилиши лозим бўлган кўплаб императив характердаги нормалар билан тартибга солинади. Ушбу императив характердаги нормалар тизимда маъмурий-ҳуқуқий нормалар ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, биринчидан, жамоат тартибига оид мажбурий тартиб-қоидаларни белгилайди, иккинчидан, тегишли ижроия ҳокимият субъектларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича функциялари, ваколатлари ва ҳуқуқларида намоён бўлади, учинчидан, жамоат тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини белгилайди.
Фикримизча, юқорида қайд этилган муаммолар таҳлили, ҳозирги кунга келиб, “Ўзбекистон Республикасининг оммавий тадбирлар ўтказиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни қабул қилиш ва бошкқа оммавий тадбирлар ўтказишда жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бир қатор қонунларга ўзгартиришлар киритилиши лозим эканлигини тасдиқлайди.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, барча давлатларда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш муҳим масалалардан бири бўлиб, ушбу вазифа билан шуғулланувчи таркибий бўлинмаларни бошқариш турли йўллар ва усуллар орқали амалга оширилади. Ушбу соҳада ҳар бир давлат ўзига хос тажрибага эга бўлиб, уларни ўрганиш ҳамда юртимизда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш тизимига татбиқ этиш бугунги кунда долзарб масалалардан биридир. Зеро, мамлакат Президенти Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, “бугунги кунда ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш учун ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда, амалий фаолиятга янгича иш услублари ва механизмларини, хусусан, рақамли технологияларни кенг татбиқ этиш вазифасига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим”.
Умиджон Қодиров,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси
мустақил изланувчиси, ю.ф.н., доцент