Бугун китоб ўқиётган бола эртага миллатнинг нажоткори бўлади
Пойтахтимиздаги китоб дўконларидан бирида кўп китобларни варақлашса ҳам, излаётганларини тополмаётган ёш ота-онага кўзим тушди. Олдиларига яқинроқ келдим, гап-сўзлари қулоғимга чалинди. Улар фарзандлари учун китоб қидиришаётган экан. Ўғиллари ўн тўртга тўлибди. “Эртак китобларни кўп ўқиди, энди уларга қизиқиши қолмади. Шу ёшли болаларга мос китоблар бормикин”, дейди ота.
Уларга қўшилиб, мен ҳам қидиришга тушдим. Дўкон пештахталари китоб билан тўла. Баъзи ёзувчиларнинг бир эмас, ўндан ортиқ асари сотувга қўйилган. Жанг олдидан саф тортган аскарлардай ғоз туришибди. Саргузашт китобларнинг сон-саноғи йўқ. Тижорат сирлари, бой бўлиш, бойлик орттириш, узоқ умр кўриш, касалликдан дори-дармонсиз қутилиш, уйқусизлик, қўрқинчли туш кўриш, бепуштликнинг давоси ва яна бир қанча антиқа мавзуларга бағишланган китоблар хаёлингизни ўғирлайди. Эртак китоблар етарли. Нозик оилавий муносабатлар денг... Аммо муҳтарам китобёзарлар болаликдан ўтиб, катта ҳаёт остонасига яқинлашиб келаётган ўсмирларни унутишган чоғи.
Футбол ўйинининг муҳим бир қоидаси бор: қайси жамоанинг ярим ҳимояси кучли бўлса, улар ўйин марказини назоратга олиб, жамоа ғалабасига жиддий ҳисса қўшишади. Китобхонликда ҳам футболдагидай, уч босқич мавжуд: болалик, ўсмирлик, ёшлик. Болаликда асосан эртак китоблар ўқилади. Ўсмирликда ҳазми бир мунча енгил, ўқувчини чексиз хаёлот, орзу-умидлар дунёсига бошлайдиган ҳаётий ҳамда саргузашт қиссаларга қизиқиш кучаяди.
Биринчи ўқиган китобимни эслай олмайман, аммо тинглаганларим ёдимда қолган (у пайтлари китоб бугунгидай мўл эмасди). Улар катталар томонидан узоқ қиш тунлари жамоа бўлиб ўқиладиган, бир киши қироат билан ўқиса, бошқалар жон қулоқлари билан эшитадиган жангномалар, халқ достонлари, қасида ва бахшидалар эди. Абу Муслим жангномалари, Иброҳим Адҳам қиссалари, Сафед Булон ҳикояти қаерда, кимнинг ташқи ҳовлисидаги меҳмонхонада ўқилаётган бўлса, ўша ерга тортинмай бораверардим.
Мактабда адабиёт ўқитувчиларимиз қандай китоб ўқиётганимизга жиддий эътибор беришарди. Уларнинг тавсиясига кўра, “Чўлоқ лайлак”, “Уч оға-ини ботирлар”, “Мақтанчоқ қуён”, “Ростгўй бола”, “Тулки билан турна” каби эртакларни уйда ўқиб келиб, дарс пайти бир-биримизга айтиб, билганимизча муҳокама қилардик. Эртаклар асосида баён ёзардик. “Туяқуш билан қоплон” эртагини қандай муҳокама қилганимиз ҳали-ҳали ёдимда. Мана, ўша эртак: “Қоплон шошилиб овқат еяётган экан, томоғига суяк тиқилиб колибди. Туяқуш ёрдамга келиб, “Осмонга қараб оғзингни очиб тур, мен суякни олиб ташлайман”, дебди. Қоплон осмонга қараб оғзини очиб турибди. Туяқуш узун тумшуғини қоплоннинг оғзига солиб, томоғига тиқилган суякни олиб ташлабди. Қоплон хурсанд бўлиб, туяқушга: “Сен менга яхшилик қилдинг, раҳмат, энди икковимиз дўст бўламиз, бир-биримизга ёрдам берамиз”, дебди.
Шундай қилиб, туяқуш билан қоплон дўст бўлишибди. Орадан кўп вақт ўтибди. Бир куни туяқуш қоплонни синамоқчи бўлиб, ёлғондан, “Вой дод, ўляпман, мени қутқар, дўстим”, деб қоплонни ёрдамга чақирибди. Қоплон узоқроқда экан, ўрмондаги шох-бутоқлар орасидан ўтиб, жунлари юлиниб, териси шилиниб, туяқушнинг олдига етиб келибди. Қараса, туяқуш соппа-соғ экан. Қоплон ҳайрон бўлиб, ундан: “Нега мени ёрдамга чақирдинг?”, деб сўрабди. Туяқуш сурбетлик билан: “Анчадан бери кўришмадик, дўстлигимиз эсингдан чиқиб қолмадими, деб сени синамоқчи эдим”, дебди. Дўстининг бу гапидан қоплон қаттиқ хафа бўлибди”.
Шу эртакни муҳокама қилаётганимизда, ҳаммамиз: “Ёлғончи билан дўстлашмаслик керак”, деганмиз. Ўқитувчимиз бўлса: “Овқатни шошилиб еса шундай бўлади, чайна-ааб ейиш керак”, деганди.
Кейинроқ ўқиган китобларим ёдимда қолган. Ҳаким Назирнинг “Кўкорол чироқлари”, “Ёнар дарё”, “Кенжатой” қиссаларини, Қудрат Ҳикматнинг “Тошбақалар ҳужуми”, “Шамол ботир”, “Алишер ва китоб”, Учқун Назаровнинг олтмишинчи йиллари ёшлар ўртасида бениҳоя машҳур бўлган жажжи қиссасини бир эмас, бир неча марта ўқиб чиққанман. Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”си анча вақт қўлимдан тушмаган. Шу асар таъсирида маҳалла болалари бир-икки марта шумлик ҳам қилганмиз... “Бошсиз чавандоз” мени ўзига ром қилган... Бугун Худойберди Тўхтабоев, Носир Фозилов, Шукур Холмирзаев, Ўктам Усмонов, Менгзиё Сафаров, Латиф Маҳмудов, Эркин Маликов, Анвар Обиджон каби ўсмирларга мўлжаллаб асар ёзадиган адиблар етишмаяпти. Нега шундайлигини тушуниш қийин.
Шу ўринда ўзим кузатган бир ҳолатга тўхталмоқчиман. Ёшлигидан китоб ўқишга ўргатилган ва бундай фазилатдан мутлақо йироқ бола характерида кескин фарқ бор. Китобхон болаларнинг нутқи равон, фикрлаш доираси кенглигини сезиш қийин эмас. Бундайлар бошқа болалар билан осон дўстлашади, катталар тили билан айтганда, характери босиқ, айни чоғда киришимли, мурувватли бўлади, бирор егуликни ўртоқлари билан баҳам кўради, ўйинчоқларини қизғонмайди, тенгдошларига беминнат ёрдам беради. Нутқи ривожлангани боис, ҳар қандай вазиятдан осон чиқиб кетади.
Фақат шулар эмас, китоб ўқиб катта бўлган болалар жониворларга озор етказмайди, гулларни юлмайди, кўчатларни меҳр билан парвариш қилади. Эртаклардаги девларнинг “Саломинг бўлмаганда етти ямлаб, бир ютардим”, деган сўзлари таъсирида катталарга салом беради.
Шундан келиб чиқиб, ҳар бир мамлакат ёшларининг маънавий-ахлоқий даражасини у ердаги китобхонлик даражасига қараб ҳам аниқлаш мумкин. Бугун дунёнинг мана-ман деган давлатлари молиявий инқирозга юз тутиб, иқтисодий муаммолар гирдобида қолаётган бир пайтда пойтахтимиз марказида китобхонларга атаб янги муҳташам зиё маскани қурилаётгани, адабиёт оламига кириб келаётган ёш ижодкорларнинг ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланиши, ижод намуналари тўплам ҳолида чоп этилаётгани бежиз эмас, албатта. Чунки, қадим-қадимдан илм-маърифатга, зиёга интилган халқмиз. Дунё тамаддуни ривожига беадоқ ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз жуда ёшликдан китоб мутолаасига берилишган. Шундай экан, вақт ўтмай туриб, фарзандларимиз онг-шуурини китобларга жо бўлган бебаҳо ҳикматлар билан безайлик, демоқчиман. Тасаввур қилайлик: бугун фойдаланишга топширилаётган уйларда қурувчилар ҳиммат кўрсатиб, уй эгаларига битта китоб жавони совға қилсалар, унда “Ҳамса”, “Бобурнома”, ЎзФА Тил ва адабиёт институти олимлари тайёрлаган эллик жилдли “Ўзбек халқ оғзаки ижоди” намуналари бўлса қани энди.
Яхши асарлар бир эмас, бир неча марта ўқилади. Ҳар ўқиганингизда ўзингиз учун асарнинг янги-янги қирраларини, муаллифнинг бадиий ифода маҳоратини кашф этиб борасиз. Шу маънода, “Баъзи китобларни уч марта ўқиб чиққанман”, деган гапим муболаға эмас. Болаликда ўқитувчиларимиз “Зўр одам бўлиш учун кўп китоб ўқиш керак”, дейишарди. Зўр бўлиш кимга ёқмайди дейсиз, қўлимизга нима тушса, танламай ўқийверганмиз.
Тошкент Давлат дорилфунунига (ҳозирги ЎзМУ) ўқишга келгач, кўплаб салмоқли китобларни домлаларимиздан баҳо олиш учун ўқишга тўғри келди. Тасаввур қилинг - имтиҳонга уч кун қолганида тунни тун, кунни кун демай, Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”, “Анна Каренина” асарларини, Балзак, Золя, Купер, Хемингуэй каби забардаст классикларнинг машҳур асарларини чўқилаб бўлса-да ўқиб, мазмунини айтиб беришга мажбур бўлганмиз. Йиллар ўтиб “Уруш ва тинчлик”ни ҳам, “Анна Каренина”ни ҳам, юқорида номлари келтирилган ва келтирилмаган кўплаб адибларнинг асарларини ўзим учун, ички эҳтиёж сабаб учинчи марта ўқишимга тўғри келди. Бу – ҳақиқий ўқиш бўлди.
Китоб ўқир эканман, улардан топган дур-жавоҳирларим, англаган ҳақиқатларим, мутолаа жараёнида хаёлимга келган ўй-фикрларни бошқалар билан баҳам кўриш, бу буюк тафаккур хазинасидан баҳраманд бўлмаганларни китобхонликка чорлаш мен учун ёқимли машғулотга айланди. Бу одатимни ҳануз ташламаганман. Қайта-қайта ўқиш ҳаётий ҳақиқатларни қайта-қайта идрок этиш, мазмун-моҳиятини тўла англаш имконини беради.
Лев Толстойнинг “Иқрорнома” асарини биринчи бор рус тилида, сўнг ўзбек тилида ўқиганман. Журналистика факультетидаги сабоқларимда ундан муттасил фойдаланиб келаман. “Иқрорнома” хусусида иншо ёздираман. Қаердаки яхши китоблар ҳақида гап бошланса, “Иқрорнома”ни тилга оламан. Унинг ҳар жумласи фикр-мушоҳада, фикр-инкор, фикр-тасдиқ, фикр-даъватдан иборат. Адибнинг иқрорномаси дастлаб унинг шахсий ҳаёти манзаралари, умри баёнига ўхшаб кетади. Аммо бир-икки саҳифадан кейиноқ, ёзувчининг ҳаёт, тириклик, диний эътиқод, борлиқ ҳақида ўзига ўзи бераётган саволлари юзага қалқиб чиқади. Китобхон ҳам беихтиёр уларни қайтара бошлайди, адиб сингари, ўтаётган умрини, ўй-қарашларини, ҳаётдан олган сабоқ-хулосаларини, ютуқ камчиликларини тафтиш қилишга тушади.
“Ғалати манзара, — деб ёзади улуғ адиб, — одамлар диний эътиқодларга сиғиниб, уларга зид тарзда ҳаёт кечирганларини кўрганимда шу эътиқодлардан безиб кетгандим. Аммо одамлар худди шу эътиқодларнинг ўзига амал қилиб яшаганларини кўрганимда уларнинг ҳаёти менга ғоятда жозибадор ва оқилона кўринди. Шунда мен нега бир вақтлар бу эътиқодлардан безганимни, нега уларни маъносиз деб ҳисоблаганимни, эндиликда эса нима сабабдан уларни қабул қилганимни... тушундим. Мен адашганимни ва қандай қилиб адашганимни англаб етдим. Мен нотўғри фикр юритганим учун эмас, гуноҳкорона ҳаёт кечирганим учун адашган эканман. Мен англаб етганим – ҳақиқат юзини мендан яширган нарса фикрларимдаги хатолик бўлмаган экан, балки фавқулодда ишратбозлик, маишатпарастлик шароитида, балои нафсни қондириш йўлида ўтказган ҳаётим бўлган экан...”.
“Иқрорнома”дан англашиладиган буюк хулоса шуки, нотўғри фикрлаш айб эмас, ҳақиқат излаётган инсон адашиб, янглишиб, ўзининг бу ҳолатларини идрок этибгина кўзлаган мақсадига эришади. Бунгача у, адиб уқтирганидай, ҳаётнинг номаълум соҳиллари томон қайиқда, шиддатли оқим билан ёлғиз қолдирилган ҳолда, тажрибасиз қўллари билан эшкак эшади, оқим уни манзилдан бошқа томонга аёвсиз равишда судрайди, йўл-йўлакай ўзи каби оқим ихтиёрига тушиб қолган, қўлларидан эшкаклари тушиб кетган йўловчиларни учратади, ва яна, у олислаб сузиб борар экан, оқимни менсимайдиган ҳайбатли кемаларга, шовваларга урилиб, дабдаласи чиққан қайиқларга дуч келади. Бундай ҳолатга тушган адиб, ниҳоят, хулоса қилади: “Соҳил – Худо эди, йўналиш – ривоят эди, эшкаклар – менга берилган эрк эди. Мен уларнинг ёрдамида соҳилга – Худонинг жамолига эришмоққа сузмоғим керак эди”.
Адабиётшунос олим Сувон Мели: “Ҳақиқий асар ҳеч қачон ўлмайди, у ҳар қандай ҳолатда ҳам (замонлар, тузумлар ўзгарганда ҳам демоқчи А.М.) тириклигини сақлаб қолади”, дейди. Тўғри хулоса. “Ҳамса”, “Иқрорнома”, “Ўткан кунлар”, “Бобурнома” шундай асарлар сирасига киради.
Мақолаларимдан бирида адабиётни соғин сигирга ўхшатиб олган баъзи қаламкашларни танқид қилиб, бемаза китобларнинг умри қисқа, ҳадемай меъдага тегади, дея ўзимга ўзим далда бергандим. Янглишган эканман, олди-қочди асарлар ҳали-вери меъдага тегадиганга ўхшамайди. Натижада ғаройиб янги тоифа – бадиий идрок савияси ўта паст “китобхон” пайдо бўлди. Бундай ўқувчи китобни синчиклаб, мазмун-моҳиятини тушуниб ўқимайди, шунчаки варақлайди-қўяди. Бирор жойда асар муаллифини кўриб қолса, уни саволга тутмайди ҳам.
Бундай “тарбияли” ўқувчи яна қаерда бор? Шу боис, китоб дўконлари, қўлбола расталарда кўнгилни айнитадиган даражадаги кўчирма, улама-ёпиштирма, ағдарма-тўнтарма “асар”лар кун сайин кўпайиб, чинакам бадиий асарларни бир четга суриб қўймоқда. “Бу йил учта роман, бешта қисса ёзишни режа қилганман”, деган гап ҳатто адабиётшуносларни ҳам ажаблантирмай қўйди. Иллатнинг иллатлиги фақат шу эмас, ўзи ёзган китобга бошқалар номидан тақриз, тавсия ёзиш, сюжет ўғирлаш, мақтов мақолалар уюштириш оддий бир ҳол бўлиб қолди.
Инсоният тарихида келгуси авлодлар эътибор бериши зарур бўлган сабоқлар кўп. Улардан бири шуки, ёш авлод тарбиясини бир зум бўлсин ўз ҳолига қўйиб бўлмайди. Бир кунлик эътиборсизлик кейинчалик минг кунлик ташвишга сабаб бўлиши мумкин. Алломалар авваллари зарур китобларнинг йўқлигини офат деб билишган. Шундай экан, бемаза китобларнинг кўпайиши ҳам офатга айланишига йўл қўймайлик. Онг-шуурни ёритадиган, фикрлаш қобилиятини оширадиган китобларни тарғиб қилайлик.
Китоб ва китобхонлик ҳақида гап кетганда, айрим кузатувчилар “Қоғоз китобларнинг умри тугайди, китобхонлик компьютер зиммасига юкланади”, деган гапни жуда ишонч билан айтмоқда. Фикримча, “қоғоз китоб” билан “интернет китоб”нинг бир-биридан кескин фарқ қилувчи жиҳати бор. Қоғоз китоб ўқувчининг онг-тафаккурига таъсир кўрсатади, интернет имкониятлари эса асосан хабардорликни оширади. Қоғоз китобларнинг умри тугаётганини башорат қилган ёш олимдан: “Айтинг-чи, севги-муҳаббатда Мажнун ҳолига тушган ёки шунга яқинлашган ошиқ учун маҳбубаси висолига етиш, юз-кўзларидан олов янглиғ бўса олиш яхшими ёки севгилисини ойна ортидан кўриб, ҳаво орқали бўса қабул қилиш маъқулми?”, деб сўрадим. У биринчи висол тарафини олди. “Қоғоз китоблар, билсангиз, шу биринчи висолнинг нақд ўзи. Уларни ўқиётиб, илҳомингиз жўшиб кетса, бағрингизга босасиз, қўйнингизга соласиз, пешонасидан ўпасиз, йўлда, уйқусиз тунда ҳамроҳингиз бўлиши ҳам мумкин”, дедим.
Аслида ҳам шундай.
Аҳмаджон Мелибоев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист