Ўшда Ўзбекистон ва Қирғизистон олий таълим муассасалари ректорларининг биринчи форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг ўттиз йиллигини нишонлаш бўйича қўшма тадбирлар режаси ижроси доирасида кеча Ўш шаҳрида икки мамлакат олий ўқув юртлари ректорларининг «Олий таълим тизимида интеграция, ҳамкорлик ва инновация» мавзусидаги 1-халқаро форуми бўлиб ўтди.
Унда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон делегация иштирок этди. Қирғиз делегациясига таълим ва фан вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Усеков раҳбарлик қилди.
Тадбирда Қирғизистон давлат котиби Суюнбек Касмамбетов расмий меҳмон сифатида иштирок этди.
Шу куни Қирғиз-Ўзбек халқаро университети ҳудудида атоқли давлат арбоби, Қирғизистонинг Ўзбекистондаги биринчи элчиси Ботирали Сидиков ҳайкалининг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Иштирокчилар сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ҳамда сиёсий иродаси, улар ўртасидаги вужудга келган яқин дўстона муносабатлар натижасида икки мамлакат ўртасидаги тарихий алоқалар изчил ривожланиб бораётганлиги, ушбу омил ўзаро муносабатларни барча йўналишларда, шу жумладан таълим ва илм-фан соҳаларида, янада фаоллаштириш учун мустаҳкам асос бўлаётганлиги мамнуният билан қайд этдилар. Ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун ҳар икки томонда интилиш ҳамда кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Форум ялпи мажлиси ва иштирокчиларнинг секциялардаги йиғилишлари доирасида икки мамлакатнинг олий таълим соҳасида ҳамкорлик масалалари батафсил муҳокама қилинди. Турдош олий ўқув юртлари раҳбарлари ўртасида ўзаро музокаралар ташкил этилди. Тадбир якуни бўйича томонлар 60 га яқин битим ва меморандумлар имзоланди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Ўш давлат университетида бўлди. Ушбу олий таълим муассасаси раҳбарияти билан кечган мулоқот чоғида Ўш давлат университетида ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон томони кўмагида Ўш давлат университети қошида ташкил этилган «Ўзбек тили ва адабиёти маркази»нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Марказга ўзбек томонидан тақдим этилган 209 номдаги 247 та ўзбек тилидаги адабиётлар топширилди.
Тадбир доирасида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддиновга икки мамлакат ўртасидаги адабий-бадиий ва илмий алоқалар ривожига қўшган ҳиссаси учун Ўш давлат университети фахрий профессори унвони топширилди.
Учрашув якунида ушбу форматдаги мулоқотларни мунтазам ўтказиш ва икки мамлакат олий ўқув юртлари ректорлари форумининг навбатдаги йиғилишини 2024 йилда Ўзбекистонда ташкил этишга келишиб олинди.