Ўзбекистон-АҚШ: икки томонлама ва кўп томонлама мулоқотни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш йўлида
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида иштироки доирасида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтадиган «C5+1» форматидаги биринчи олий даражадаги саммитда қатнашади.
«C5+1» формати Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасидаги кўп томонлама мулоқот ҳисобланади. Ушбу мулоқот 2015 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида минтақа давлатлари ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг биринчи учрашувида бошланган эди. Бундан кўзланган мақсад долзарб масалалар юзасидан доимий фикр алмашиш, шунингдек, минтақавий савдони яхшилаш, транспорт-энергетика алоқаларини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, экологик муаммоларга, экстремизмга қарши курашиш, гуманитар алоқаларни кенгайтириш билан изоҳланади.
«C5+1» мулоқоти вазирларининг биринчи учрашуви якунлари бўйича «Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация» қабул қилинган бўлиб, унда АҚШнинг Марказий Осиё давлатларининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга содиқлиги, шунингдек, иштирокчи давлатларнинг мунтазам алоқаларни давом эттиришга тайёрлиги қайд этилган.
Бугунги кунга қадар вазирларнинг 12 та учрашуви бўлиб ўтди. 2021 йил сентябрь ойида «C5+1» мамлакатлари вазирлари иқлим ва атроф-муҳит масалаларини муҳокама қилиш учун биринчи марта учрашдилар.
«C5+1» формати доирасида Марказий Осиёда хорижий жангариларга ва радикаллашув жараёнларига қарши курашиш, тадбиркорликни ривожлантириш, транспорт ва савдо йўлакларини такомиллаштириш, келажак энергетика жабҳасини ривожлантириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича миллий режаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳалар семинарлар, конференциялар ва тренинглар шаклида ҳаётга тадбиқ этилмоқда. 2022 йил апрель ойида «C5+1» форматидаги ўзаро ҳамкорликни институционализациялаштириш мақсадида ушбу платформа Котибияти ўз ишини бошлади. Унинг асосий мақсади «C5+1» формати доирасида ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш, ўтказилаётган тадбирларнинг ташкилий масалаларини ҳал этиш, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлашдан иборатдир.
«C5+1» доирасида муайян йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорликни муҳокама қилиш учун ҳар йили уч йўналиш – иқтисодиёт, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва энергетика ҳамда хавфсизлик бўйича ишчи гуруҳларнинг йиғилишлари ўтказиб келинмоқда.
Марказий Осиё Ўзбекистон томонидан ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгилангани боис «C5+1» формати доирасидаги ўзаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу минтақадаги ижобий интеграция жараёнларига бевосита таъсир этувчи муҳим омил ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, мазкур формат доирасидаги самарали ҳамкорлик баробарида Ўзбекистон-АҚШ икки томонлама ҳамкорлиги изчил мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 15-17 май кунлари бўлиб ўтган АҚШга биринчи расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврига асос солди.
Сўнгги олти йилда юқори даражадаги делегациялар алмашуви, идоралараро ва парламентлараро алоқалар, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик фаоллашди.
АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида АҚШ-Ўзбекистон муносабатларини фаоллаштириш тарафдори бўлган конгрессменларнинг норасмий гуруҳи - «Ўзбекистон бўйича кокус» ташкил этилган бўлиб, у фаол фаолият юритмоқда.
Ўзбекистонда америкалик инвесторлар иштирокидаги корхоналарнинг сони ҳам йил сайин ортиб бормоқда. «Женерал Электрик», «Женерал Моторс», «Хаятт», «Жон Дир», «Боинг», «Ханейвелл», «Кока Кола», «Калатрава», «Силверлиф» ва бошқа концерн ҳамда компанияларнинг мамлакатимизда фаол ишлаётгани муваффақиятли иқтисодий ҳамкорликка мисол бўла олади.
Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эришган муваффақиятларини ҳам эътироф этади. Мамлакатимизда амалга оширилган туб ислоҳотлар туфайли «Cotton Campaign» (Коттон Кампейн) халқаро нодавлат ташкилотининг ўзбек пахтасига қўйилган бойкоти бекор қилинди.
Бугунги кунда Америка Қўшма Штатларида минглаб Ўзбекистон фуқаролари ишлаб, таҳсил олмоқда. Улар ўз урф-одатлари ва маданиятини авайлаб асраш, диаспора ва маданий уюшмалар доирасида яқиндан мулоқот қилиш имконига эгадирлар.
Тошкент ва Сиэтл, Бухоро ва Санта-Фе, Зарафшон ва Клинтон шаҳарлари ўртасида ўрнатилган биродарлик алоқалари маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари изчил ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон бу ҳамкорликни нафақат икки томонлама, балки кўп томонлама форматда ҳам кенгайтириш ва мустаҳкамлашга тайёр.
14 сентябрь Душанбеда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Бугун эса минтақа давлатлари раҳбарлари Марказий Осиё салоҳиятини мустаҳкамлаш ва унинг равнақи йўлида АҚШ билан ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишга тайёрдир.
«Дунё» ахборот агентлиги
Тошкент ш.