Тарихда илк бор UNWTO Бош Ассамблеяси сессияси Ўзбекистонда ўтказилади
16 – 20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессияси ўтказилиши кутилмоқда. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта БМТ оиласига кирувчи ташкилотнинг энг муҳим тадбири ҳисобланган ва икки йилда бир марта ўтказиладиган Бош ассамблеяга мезбонлик қилмоқда.
Тадбир 160 га яқин давлатдан туризм йўналишида фаолият юритувчи давлат идоралари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва туристик бизнес вакилларини бирлаштиради.
Бугунга келиб, Саудия Арабистони, Албания, Озарбайжон, Багама, Бахрейн, Гватемала, Гаити, КотДивуар, Индонезия, Монако, Нигер, Панама, Португалия, Сиерра Лионе, Украина, Уругвай, Яман каби мамлакатларнинг туризм идоралари раҳбарлари Самарқандга келиши кутилмоқда.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон кейинги 2023-2027 йиллар учун UNWTO Ижроя кенгашининг Ваколатлар бўйича қўмитаси аъзолигига қабул қилинди. Бу UNWTO Ижроия кенгаши томонидан қабул қилинадиган муҳим қарор ва ҳужжатлар, уларда аъзо давлатлар иштирокининг ҳаққонийлиги ва тамойилларга мослигини назорат қилиш ваколати Ўзбекистонга ишониб топширилганлигини билдиради.
Мамлакатимизга халқаро миқёсда билдирилган бундай ишонч юртимизнинг нафақат жаҳон туризм бозоридаги позицияси мустаҳкамлигини, балки халқаро муносабатлардаги фаолиятининг ҳам нечоғли самарали эканини намоён қилади.
Бош Ассамблеянинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, маданий ва туризм салоҳиятини тарғиб қилишда янги имкониятларни тақдим этади.
Бош Ассамблеянинг 25-сессияси доирасида туризм соҳасидаги халқаро ҳамкорлик масалалари ялпи сессиялар ва бошқа қатор кенг миқёсли анжуманларда муҳокама қилинади.
Жумладан UNWTO доирасида ташкиллаштирилиши режалаштирилаётган Инвестиция форуми Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги инвестициявий салоҳияти юқори бўлган объектлар, ҳудудлар, лойиҳалар йирик хорижий инвесторларга тақдим этилиши, юртимизга фаол мақсадли ва манзилли инвестициялар жалб этилиши бўйича кўплаб муҳим бизнес келишувларига эришилиши кўзда тутилмоқда. Форум туризм секторидаги имкониятларни ўрганиш учун глобал манфаатдор томонларни, саноат раҳбарларини ва инвесторларни бирлаштиради ҳамда мамлакатимизда яратилган қулай инвестицион муҳит ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини намойиш этиш, шунингдек иштирокчилар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Инвестфорумдаги асосий сессиялар давомида мамлакатимизнинг сармоявий муҳити ҳақида жаҳон жамоатчилигида ижобий фикрни шакллантириш, йирик хорижий инвесторларда Ўзбекистонга сармоя киритишга қизиқишни ошириш мақсади кўзланган. Тадбир якунига кўра, мамлакатимизга киритиладиган инвестициялар кўламини ошириш орқали барқарор ривожланишга кўмаклашиш, юртимизнинг сармоявий салоҳиятини янада ошириш ва глобал миқёсда секторлар бўйлаб ҳамкорликни кучайтиришга эришиш кутилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва табиий ресурсларини сақлаб қолган ҳолда, мамлкатимизнинг иқтисодий ўсишига ҳисса қўшадиган инвестицияларни жалб қилиш кўзланмоқда.
Бош Ассамблея доирасида ўтказилиши кутилаётган Таълим форуми туризм соҳасидаги таълимнинг бугунги кундаги ҳолатини намоён этиш, малака ошириш ва барча учун инклюзив имкониятлар яратишга сармоя киритиш нақадар муҳим эканини намоён қилади.
Тадбирда UNWTO томонидан ўрта, олий ва бошқарувчи таълим бўйича етакчи академик ҳамкорлар билан ишлаб чиқилган қўшимча ташаббуслар, инновацион таълим воситалари тўплами, Халқаро барқарор туризм бўйича янги фанлар бўйича ўқитиш ҳар бир соҳадаги сўнгги ютуқлар намойиш этилади. Форумнинг кенг қамровли дастури манфаатдор томонлар, сиёсатчилар, профессорлар ва саноат раҳбарларини жамоавий ҳаракатларга илҳомлантириш ва сафарбар этишга интилади.
Бундан ташқари, тадбир доирасида UNWTO томонидан йилнинг энг яхши сайёҳлик қишлоқлари (Best Tourism Villages) эълон қилинади. Бунинг учун ҳудуднинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатдан барқарорлигини таъминлашга қаратилган, аҳолининг анъанавий ҳаёт тарзи ва қадриятларини сақлаб қолган ҳолда, тараққиёт ва фаровонликни таъминлайдиган илғор туризм соҳаларига эга бутун дунёдаги туризм қишлоқлари танлаб олинади. Мазкур танловда мамлакатимиздан ҳам қатор қишлоқлар иштирок этаётгани барчамиз учун қувонарли.
Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеяси 25-юбилей сессиясининг қадимий Самарқанд шаҳрида ўтказилиши мамлакатимизнинг маданий, туризм, инвестиция ва интеллектуал салоҳиятини дунёга танитиши баробарида, жаҳон ҳамжамияти билан олиб бориладиган савдо-иқтисодий, туризм ва маданий соҳалардаги халқаро алоқаларининг янада мустаҳкаланиши йўлида хизмат қилади.
Умид Шадиев,
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси раиси