ЕХҲТ ДИИҲБ Миссияси: Озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг ҳам ҳуқуқлари таъминланди
Бугун пойтахтимизда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижалари юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда ҳудудларда бўлиб ўтган сайлов жараёнларининг хавфсиз ўтиши, қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида ташкил қилинган сайлов участкалари ҳақида ҳам сўз борди.
Қайд этиш лозимки, жорий йилда қонунчиликка киритилган ўзгаришларга асосан, аввалги сайловлардан фарқли равишда, жазони ижро этиш муассасаларида илк бор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этгани учун жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳам бу йилги сайловда иштирок этди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган 33 753 нафар шахс сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга. Уларнинг мазкур қонуний ҳуқуқини таъминлаш учун Марказий сайлов комиссияси билан келишилган ҳолда қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида жами 48 та сайлов участкаси ташкил этилди. Ҳар бир маҳкумнинг сайловда иштирок этиш ҳуқуқи тўлиқ таъминланди.
Шунингдек, сайловолди кампанияси пайтида қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумлар билан номзодларнинг ишончли вакиллари иштирокида жами 272 та тадбир ташкил қилинди.