ЕХҲТ ДИИҲБ Миссияси: Фақат овоз бериш яширин
Бугун пойтахтимизда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ)нинг муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг дастлабки натижалари юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Сайлов – демократия кўзгуси. Негаки, ҳар қандай мамлакатда очиқлик, ошкоралик, сўз эркинлиги, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига оид умумэътироф этилган кўплаб демократик тамойилларнинг амалда нечоғлиқ таъминлангани айнан сайлов жараёнида намоён бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолиятининг асосий принципларидандир. Президент сайловини 800 га яқин халқаро кузатувчи кузатиб борди. Улар орасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент ассамблеяси ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Туркий давлатлар Парламент ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро ассамблеяси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар ва дунёнинг 47 давлатидан ташриф буюрган кузатувчилар бор. Айни пайтда Президентликка номзод кўрсатган сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 54 мингга яқин кузатувчи аккредитациядан ўтказилган. Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг аккредитациядан ўтган 1257 вакили сайлов жараёнларини ёритиб борди.
Сайлов участкаларини овоз беришга ҳозирлаш жараёнида кузатувчилар ва журналистлар учун махсус жой ажратилишига алоҳида эътибор қаратилди. Кузатувчилар овоз бериш жараёнини бемалол кузатишлари, ОАВ вакиллари бу жараённи ҳеч қандай тўсиқсиз ёритиб боришлари учун барча зарур шароитлар яратилди.