Конституциявий қадриятлар ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тўғридан-тўғри амал қилиши
Жамиятнинг ижтимоий ёки ижтимоий-сиёсий тизими ўзига хос ташкилий, институционал хусусиятларга ва бошқа тизимлар билан алоқаларга эга. Шунинг учун у кенг ижтимоий ҳаёт ва ижтимоий муносабатлар мажмуида мавжуддир. Жамиятдаги мафкура, ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрлар, миллий ва умуминсоний қадриятлар, тарихий-маданий тажриба ижтимоий-сиёсий тизимга устқурма сифатида таъсир этади. Бироқ жамиятнинг бу ижтимоий унсурлари тизими билан ижтимоий-сиёсий тизимлар ўртасида мудом фарқ сақланиб қолади. Демак, ижтимоий-сиёсий тизим устқурма таъсирида бўлса-да, айнан унинг ўзи эмас, балки ўзининг институционал, функционал, регулятив ва аксиологик жиҳатлари билан бошқа ижтимоий тизимлардан фарқ қилади. Ушбу фарқ ижтимоий-сиёсий тизимнинг ички тартиби, ташкилий жиҳати, ҳеч бўлмаганда, минимал даражадаги сиёсийлигида намоён бўлади.
Ижтимоий-сиёсий тизим аввало ташкилот ёки иституционаллаштирилган бирликдир. Ушбу ташкилотга муайян бир тартибда ташкил этилганлик ва фаолият кўрсатиш, расмий-юридик ташкил қилинганига далил бўлувчи Низом ва бошқа таъсис ҳужжатларига, ўзига хос мақсад ва вазифаларига эга бўлиш, ижтимоий ҳаётда қабул қилинган маълум тамойилларга мувофиқ фаолият кўрсатиш, ички ва ташқи фаолиятни бошқариш органларининг тузилгани, мавжудлиги хосдир.
Замонавий жамият ва давлатнинг конституциявий қадриятлари деганда конституция ва конституциявий қонунлар томонидан тан олинган инсоний қадриятлар тушунилади.
Биринчидан, бу давлат конституциясининг миллий ҳуқуқда асосий ва таянч бўлиб, инсон ҳаётининг мақсадлари, идеаллари ва принципларини, жамият ва давлат тузилишини эълон қиладиган қадриятдир. Иккинчидан, булар асосий конституциявий принциплар сифатида эътироф этилган энг юқори даражадаги ғоявий-ҳуқуқий мазмунга эга бўлган қадриятлар: инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ёки инсон қадр-қиммати, уларни тан олиш, уларга риоя қилиш ва ҳимоя қилиш давлатнинг бурчидир; демократик, ҳуқуқий, республика (монархия), унитар (федерал), ижтимоий, дунёвий (диний), экологик ва маданий давлатчилик, шунингдек, давлат суверенитети, халқ суверенитети, давлат ҳокимиятининг бўлинишига асосланган бошқарув, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва конституция асосий хусусият бериши мумкин бўлган бошқа қадриятлар.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни инобатга олган ҳолда, конституциявий қадриятлар қаторига, энг аввало, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам киритилиши лозим. Шунингдек, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат принциплари, ҳокимиятлар бўлиниши принципи, шунингдек, ҳар қандай мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилишини таъқиқловчи принципи, шу билан бирга мафкуравий хилма-хиллик принципи ҳам шулар қаторига киритилиши керак.
Конституциявий қадрият сифатида давлатда олий давлат ҳокимиятини ташкил этишни ҳам кўриб чиқиш мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституцияси 2023 йилда жамият ва давлатнинг уйғун фаолиятини таъминлаш учун барча зарур нормаларни ўзида мужассам этган ҳолда, олий юридик кучга эга бўлган алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида алоҳида конституциявий аҳамиятга эга.
Конституциявий қадриятлар, албатта, авваломбор ҳуқуқий асос орқали шундай бўлади, яъни улар биринчи навбатда тегишли ҳуқуқий қадриятлар ёки қонундаги қадриятлардир. Шу билан бирга, улар ўзларининг алоҳида аҳамиятига кўра, бутун ҳуқуққа, жумладан, мустақил қадрият сифатида қонунга сезиларли таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасида аниқ кўрсатилишига кўра, конституциявий қадриятлар қаторига биринчи навбатда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари киради. Шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият деб эътироф этиш давлатнинг ҳар қандай юридик аҳамиятга молик хатти-ҳаракатлари инсоннинг турмуш тарзини яхшилаш, унинг ҳуқуқларини ва эркинликларини амалга ошириш кўламини кенгайтириш ва кафолатларини яхшилаш мақсадида белгиланиши кераклигини англатади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар давлат ва жамият бошқаруви тизимидаги тафаккур парадигмаси ва фаолият принципларини тубдан ўзгартиришга қаратилган бўлиб Янги Ўзбекистонда «давлат-жамият-инсон» тамойили ўрнига «инсон-жамият-давлат» постулатини муносабатлар асосига қўйди. Ўз навбатида, янгиланган Конституциядаги янги нормаларнинг ярмидан кўпи инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ва механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Конституция ҳуқуқий давлатнинг барча белгиларини қамраб олди, бунда ҳокимият ўз ҳаракатларида қонун билан чекланиши, суверен халқ иродасига бўйсуниши ва инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга даъват этади. Мамлакатни демократик янгилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолати сифатида Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашнинг конституциявий механизмлари сезиларли даражада мустаҳкамланди.
Парсонснинг "Замонавий жамиятлар тизими" асарида таъкидланганидек, жамият ўз характери ва тузилишига кўра "ўз-ўзини юксак даражада таъминлай оладиган ижтимоий тизим"дир. Ўз-ўзини таъминлаш ён-атрофдаги табиий, иқтисодий, сиёсий тизимлар билан алоқаларни, интеграцияни инкор қилмайди. Аммо жамият ўзининг бутунлигини сақлаш учун зарур алоқаларни қўллаб-қувватлайди, зарарли алоқаларнинг олдини олиш ёки уларни ижтимоий манфаатлар томон буриш чора-тадбирларини кўради. Ушбу вазифани жамиятнинг махсус институтлари, энг аввало, давлат бажаради. Т. Парсонснинг фикрига кўра, давлат икки функцияни бажаради — жамиятни глобал таҳдиддан ҳимоя қилади ва ижтимоий манфаатлар нуқтаи назаридан жамоа хатти-ҳаракатларини бошқаради.
Биз кўраётган мавзуга давлатнинг иккинчи функцияси бевосита тааллуқлидир. Чунки, давлатнинг ислоҳотчилиги аслида жамият ҳаётини, ижтимоий-сиёсий институтлар (қуйи тизимлар) фаолиятини такомиллаштиришга қаратилгандир. Такомиллаштириш вазифаси эса давлатнинг ички сиёсий ва ҳуқуқий механизмлари билан боғлиқ. Ислоҳотлар — тарихий зарурат, ҳуқуқ — ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш механизми, масъулият эса давлатнинг жамият олдидаги ўз бурчини идрок этиши, вазифаларини бажаришидадир.
Ушбу концепцияга кўра, Бош Қомуснинг тўғридан-тўғри амал қилиши деганда ижро ҳокимияти ва судлар томонидан ҳуқуқни қўллаш қарорларида уларга ҳавола қилиш орқали аниқ конституциявий қоидаларни қўллаш деб тушунилади.
Таъкидлашни жоизки, Конституциянинг устуворлиги ва унинг нормалари тўғридан-тўғри амал қилиши ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгилари бўлиб, уларга нафақат бутун ҳуқуқий базанинг балки давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқаролар фаолиятининг ҳам риоя этилишини таъминлаш зарурлигини билдиради.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.
Шунингдек, фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли. Бу ҳуқуқининг Конституцияда мустаҳкамланиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг энг муҳим кафолати бўлиб, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлайди.
Ҳозирнинг ўзидаёқ амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг хукукий давлат барпо этиш ва хукукий давлат асосида очик, эркин ва албатта, адолатли жамиятни шакллантиришга қаратилгани фуқаролик жамиятини реал воқеликка айлантирмокда. Демак, фуқаролик жамияти ижтимоий-утопик модел бўлгани учун эмас, балки тенг ҳуқуқли, эркин ва фаровон ҳаёт, ҳар бир шахсга ўз иқтисодий қобилиятини, ижодий кучларини тўла намоён қилиш учун зарур ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий-маданий муҳит яратиб бериши туфайли мафтункордир. Ушбу жамиятни барпо этишнинг шарти эса демократик ҳуқуқий давлат куришдир. Ўзининг сиёсий уюшқоқлиги, институтларининг барқарорлиги, ислоҳотларни амалга ошириш имкониятларига эга эканлиги, халқ ҳокимияти сифатида умумхалқ манфаатларига хизмат килиши билан давлат фуқаролик жамияти барпо этиш вазифасини ўз зиммасига олади.
Сардор Мусаев
Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтининг
Конституциявий қурилиш ва давлат бошқарувининг
самарадорлигини таҳлил қилиш шуъбаси мудири