Хориждаги ватандошлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий йўналишларидан бири
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида ва халқаро муносабатларида ватандошлар билан алоқларга устувор вазифа сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштирокини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Ватандошлар билан ҳамкорлик қилишнинг узоқ муддатли ва мустаҳкам тизимини яратиш ҳамда 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 25 октябрдаги Қарорига асосан тасдиқланган Ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси бу соҳадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди.
Айни пайтда кўплаб хориж мамлакатларида истиқомат қилаётган ватандошларимиз иқтисодиётимиз, ижтимоий соҳа, илм-фан, маданият, спорт ва бошқа йўналишларни ривожлантиришга, ўзларининг тарихий Ватани - Ўзбекистоннинг обрўсини ошириш ҳамда унинг ташқи дунё билан муносабатларини мустаҳкамлашда муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Фаол, жонкуяр, фидойи ватандошларимиз давлатимиз томонидан алоҳида эътироф этиб келинмоқда. Бугунги кунга қадар АҚШ, Россия, Буюк Британия, Германия, Франция ва Хитойда истиқомат қилаётган 20 нафарга яқин ҳамюртларимиз Ватанимизнинг юксак давлат мукофотлари — “Дўстлик” ордени, “Шуҳрат” ва “Келажак бунёдкори” медаллари билан тақдирландилар.
Жумладан, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 11 декабрдаги Фармонига билан миллий қадриятлар ҳамда анъаналарни авайлаш, АҚШдаги ватандошларимизни жипслаштириш, Ўзбекистон ва Америка халқлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдаги фидокорона хизматлари учун Туркистон-Америка уюшмаси президенти Абдулла Хўжа Ўзбекистон давлат мукофоти — “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
Хориждаги ҳамюртларимиз қалбида юрт билан фахрланиш туйғусини мустаҳкамлаш, у ерда туғилиб ўсаётган фарзандлар орасида урф-одатларимиз ва она тилимизни кенг ёйишда ватандошларимиз томонидан тузилган ташкилотлар жуда муҳим ўрин тутади.
Шундай марказлар аслида Ўзбекистондаги сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий йўналишларда кечаётган ўзгаришлар ва янгиликлар билан боғлиқ хабарларни етказишда кўпроқ ватандошларимизни қамраб олишга, улар билан Ватанимиз манфаатлари йўлида ҳамкорлик ўрнатишга имконият яратади.
Уларга халқимиз маданиятини кенг ёйиш, ўзбек тилини тарғиб қилиш, ватандошларимиз фарзандларида Ватан туйғусини шакллантириш, ўзлигини унутмаслик мақсадида миллий маданий жамиятлар қошида кечки ва якшанбалик мактаблар очилмоқда. Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқари Қўмитаси ташаббуси билан ўтган давр мобайнида ҳамюртларимизнинг истиқомат қилаётган давлатларда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасидаги фаолиятларини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга ўзбек тилидаги 30 мингга яқин бадиий китоб, дарслик ва журналлар тақдим қилинди.
Ушбу муассасалар ҳамда хорижда яшаётган ватандошларимизни ўқув дарсликлари ва ўзбек тилидаги бадиий адабиётлар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари, консуллик муассасалари ва ўзбек миллий маданий марказларини ҳамда таълим қардош тилларда олиб борилаётган умумий ўрта таълим мактабларини бадиий адабиётлар билан таъминлаш ва китобхонликни тарғиб қилиш учун қатор ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, 2022 йилнинг ўзида биргина Қозоғистонда истиқомат қилаётган ватандошларга 15 мингдан ортиқ ўзбек тилидаги бадиий адабиётлар 100 яқин миллий чолғу асбоблари етказиб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 11 августдаги “Ватандошлар” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисидаги қарори асосида ташкил этилган жамоатчилик ташкилоти чет элда истиқомат қилаётган ватандошларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий, маданий ва сайёҳлик салоҳиятини ошириш жараёнларига фаол жалб қилишнинг аниқ механизмларини яратади.
Ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясининг самарали амалга оширилиши Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга, мамлакатнинг миллий манфаатларини минтақада ва жаҳонда илгари суришга, ватандошлар билан мулоқот ва ҳамкорлик ўрнатиш орқали хорижий мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ва дўстона муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилади
Хулоса қилиб айтганда, чет элдаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистоннинг халқчил сиёсатини дунёга танитиб, халқаро нуфузини оширибгина қолмай, хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларни янада мустаҳкамланиши таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси