Ўзбекистон-Франция ҳамкорлигининг янги босқичи
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21-22 ноябрь кунлари расмий ташриф билан Францияда бўлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Таъкидлаш жоизки, бу давлатимиз раҳбарининг Францияга иккинчи ташрифидир. Президент Шавкат Мирзиёев Франция Президенти Эммануэл Макроннинг таклифига биноан илк бор тўрт йил аввал, 2018 йилнинг 8-9 октябрь кунлари ушбу мамлакатга ташриф буюрган эди. Франция Ўзбекистон Президентининг 2016 йилда лавозимга киришганидан сўнг ташриф буюрган биринчи Европа давлати бўлди.
Ўзбекистон ва Францияни тарихий дўстлик ва ўзаро ҳурмат ришталари боғлаб туради. Айни пайтда Франция архивларидан бирида Амир Темурнинг Франция қироли Карл VI га 1402 йилда йўллаган мактублари, Карл VIнинг Соҳибқирон номига ёзган мактуби сақланади. Ҳукмдорларнинг мактублари мазмунида ўзаро савдо алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Кейинги йилларда кўп асрлик Ўзбекистон-Франция муносабатлари янги мазмун билан бойигани ҳолда жадал ривожланмоқда.
Жорий йил 1 март куни Тошкент ва Париж шаҳарларида Ўзбекистон ва Франция ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланди.
Олий даражадаги сиёсий мулоқот мунтазам равишда қўллаб-қувватланмоқда.
Франция Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳамда яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришдаги ролини юқори баҳолайди.
Ўзбекистон ва Франция парламентлараро алоқаларни ҳам фаол ривожлантирмоқда. Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида Франция Сенати ва Миллий ассамблеяси билан «Ўзбекистон-Франция» дўстлик гуруҳлари тузилди.
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 11-12 ноябрь кунлари V Париж тинчлик форумидаги иштироки доирасида Франция Сенатида ҳамда Миллий ассамблеясида музокаралар ўтказди.
Франция Ўзбекистон билан иқтисодий, сармоявий, молиявий ва техник соҳалардаги ҳамкорликка муҳим аҳамият беради.
Ўзбекистонда 46 та корхона, шу жумладан, 17 таси 100 фоиз Франция капитали асосида фаолият юритмоқда. Компаниялар фаолиятининг асосий йўналишлари қурилиш ва туризм, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги сингари соҳаларни қамраб олган.
Айни пайтда Ўзбекистонда Франция сармояси иштирокида қатор йирик сармоявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Самарқанд вилояти Нуробод туманида «Total Eren» компанияси билан қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш, «Orano Mining» компания билан ҳамкорликда уран қазиб олинадиган истиқболли ҳудудларда геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда, Сирдарё вилоятида халқаро консорциум, жумладан, «EDF» компанияси билан қуввати 1600 МВт бўлган буғ-газ электр станцияси, «SUEZ» билан ҳамкорликда «Тошкент сув хўжалигини ўзгартириш режаси» ва «Сурхондарё вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилаш» лойиҳалари ва бошқалар амалга оширилмоқда.
Томонлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик механизми - 2021 йил 10 май куни Тошкент шаҳрида 8-мажлиси бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия (ҲҲК) фаолияти диққатга сазовордир.
Ўзбекистон-Франция ишбилармонлар кенгаши доирасида Франциянинг «MEDEF International» тадбиркорлар ҳаракати билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳаракат таркибига Франциянинг «Airbus», «Total Eren», «Eiffage» «Voltalia», «EDF», «Alstom», «Orano», «Suez» ва бошқа етакчи компаниялари киради. Давлатимиз раҳбарининг ташрифи арафасида Парижда “MEDEF International” кўмагида бизнес-форум бўлиб ўтмоқда.
Давлатлар ўртасида ўзаро савдода энг қулай режим ўрнатилган, Даромадларга икки томонлама солиқ солишнинг олдини олиш ва Даромад ва капиталга солиқ солишдан бўйин товлашнинг олдини олиш тўғрисидаги конвенция амал қилади.
Ўзбекистон Франциянинг Марказий Осиё минтақасидаги етакчи савдо ҳамкорларидан биридир. 2021 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 280 миллион доллардан ошди, жорий йилнинг 9 ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 232 миллион долларга етди. Бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд.
Мамлакатларимиз ўртасидаги молиявий-техникавий ҳамкорлик Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) орқали мустаҳкамланмоқда. Бугунги кунга қадар Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси Тошкент шаҳрида жойлашган ФТА билан биргаликда Ўзбекистонда умумий қиймати 350 миллион евро бўлган 3 та лойиҳа амалга оширилган ва жами 434,3 миллион евролик 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги икки томонлама муносабатлар маданий-гуманитар ҳамкорликнинг юксак даражаси билан ажралиб туради.
Франция фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудига кириши учун 30 кун муддатга визасиз режим ўрнатилди. Таниқли француз актёри Жерар Депардье Ўзбекистоннинг Франциядаги туризм элчиси этиб тайинланди.
Кейинги йиллар давомида икки томонлама ҳамкорликда таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистонда704 та мактаб, коллеж ва лицейларда 170 мингдан ортиқ ўқувчи ҳамда 13 та олий ўқув юртида француз тилини ўрганмоқда. Француз тилини ўргатувчи француз оператори – Альянс Франсез Тошкентда фаолият юритади.
Сорбонна университети ҳузуридаги Шарқ тиллари ва цивилизациялари миллий институтида ўзбек тили курслари очилди.
2018-2022 йилларда туризм, археология, дизайн ва мода, француз филологияси, авиация, инклюзив таълим, бизнесни бошқариш, энергетика, сиёсатшунослик, авиация ва бошқа соҳаларда 30дан ортиқ келишув ва Меморандумлар имзоланган.
Хусусан, Тошкент Давлат транспорт университети таркибида Франция фуқаро авиацияси миллий мактаби билан биргаликда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Фуқаро авиацияси учун учувчиларни тайёрлаш мактаби очилди.
Давлат бошқаруви академияси ва Франция Давлат хизмати институти Ўзбекистон давлат тузилмалари ходимларининг малакасини ошириш соҳасида ҳамкорлик қилади.
Самарқанд ва Лион, Бухоро ва Руэй-Мальмесон шаҳарлари, Жиззах вилоятининг Зомин тумани ва Нормандия минтақасининг Флер шаҳри ўртасида биродарлашган шаҳарлар тўғрисидаги битим имзоланган.
2019 йилда Бухоро шаҳри билан биродарлик алоқалари ўрнатилганининг 20 йиллиги муносабати билан Руэй-Мальмесон марказий «Дўстлик» истироҳат боғида буюк табиб Абу Али ибн Сино ҳайкали ўрнатилган «Ўзбек боғи» очилди.
Археология ва маданий меросни сақлаш соҳасидаги алоқалар ҳам фаол ривожланмоқда. Франциянинг тўртта археологик миссияси Ўзбекистон археологлари билан ҳамкорликда фаолият юритади.
Қайд этиш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Парижга расмий ташрифи доирасида жаҳонга машҳур Лувр музейи ва Араб дунёси институтида мамлакатимизнинг энг бой маданий-тарихий меросига оид ноёб кўргазмалар очилади. Бу французларга Ўзбекистон тарихи ва маданияти билан яқиндан танишиш имконини беради.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга бўлажак расмий ташрифи кўп асрлик Ўзбекистон – Франция муносабатларида муҳим воқеа бўлиб, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш, уни янги босқичга кўтаришда янги саҳифа очиши шубҳасиз.