ТДШУнинг ёш таржимон-волонтёрлари халқаро саммитларда фаол иштирок этмоқда
Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаларидан ташкил топган таржимонлар гуруҳи жорий йил 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотини (ТДТ) биринчи саммитининг юқори даражада ўтишида муҳим ҳисса қўшди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Самарқанд мезбонлик қилган ТДТнинг биринчи саммитининг юқори савияда ташкил этилгани ҳолда унда ташкилот фаолиятини ривожлантириш, аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларни янада жадаллаштириш билан боғлиқ бир қатор муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ташкилотнинг асосий мақсади аъзо давлатларнинг ҳар томонлама дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини ривожланиришига қаратилган бўлиб, саммит доирасида 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди.
Ўзбекистон Президентининг 2023 йилни «Туркий цивилизация юксалиши йили деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифини бир овоздан қўллаб-қувватлади.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, саммитда Тошкент давлат шарқшунослик университетининг 15 нафар талабаларидан тузилган волонтёр-таржимонлар жамоаси бир қатор хорижий делегацияларга кўмаклашди.
Хусусан, ёш таржимонлар саммит давомида «A Haber«, «Anadolu Ajansı», «İhlas News Agency», «Kyodo News», «Sabah Gazetesi», «TRT», «TRT World», «TRT Arabi» ва бошқа ОАВ делегацияларига ҳамроҳлик қилдилар.
Ўз навбатида, хорижий меҳмонлар Ўзбекистонда ёшларнинг таълим-тарбияси, билими ва таржимонлик маҳоратларини эътироф этиб, ТДШУ раҳбариятига миннатдорлик номаларини йўлаамоқда.
-Университетимиз талабаларига бундай йирик тадбирларга ишонч билдирилиши Тошкент давлат шарқшунослик университетида таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижаси деб биламан,- деди ТДШУнинг халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Авазмуҳаммад Муҳсинов.- Бугуги кунда унивеситетда юқори малакали шарқшунослар ва таржимонларни тайёрлаш бўйича кенг кўламли изланишлар олиб борилмоқда. Хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиляпти. Қўшма таълим дастурлари ва лойиҳалари амалга оширилаяпти. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ талабаларимизнинг халқаро тадбирлар, фан олимпиадалари ва танловларда эришаётган натижаларида кўринмоқда. Талабаларимизнинг эришаётган натижалари биз ўқитувчиларни хурсанд қилади, албатта.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, юртимизда хорижий тилларни чуқур ўргатишни таълим сиёсатининг устувор йўналиши сифатида ривожлантириш, ўқитувчи ва ёшларни хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. ТДШУ талабларининг республика миқёсидаги ижтимоий жараёнларда, хусусан ТДТ саммити каби йирик давлат тадбирларида ўзларининг билим ва кўникмаларини намоён этаётгани мамлакатмизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга ошрилаётган чора-тадбир ҳамда дастурларнинг самараси сифатида баҳолаш мумкин.