Президент Шарль Мишель: Биз Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ролини юқори баҳолаймиз
Пойтахтимизда Европа Иттифоқи делегациясининг Ўзбекистондаги янги офисининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
“Кўксарой” қароргоҳида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунлангач, Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ҳамроҳлигида Европа Иттифоқи делегациясининг Тошкентдаги янги офисининг очилиш маросимида иштирок этди.
Юқори мартабали меҳмон тадбир доирасида ОАВ вакилларига интервью берди.
– Бугун Ўзбекистон Президенти билан учрашув чоғида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очадиган, сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик ва инсоний ўлчовлар соҳаларидаги кенг кўламли масалалар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг парафилланганини олқишладик.
Биз Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ролини юқори баҳолаймиз. Ўзаро боғлиқликни муҳим деб ҳисоблаймиз ва келгусида Марказий Осиё давлат раҳбарлари билан мунтазам равишда учрашиб, ўзаро боғлиқлик, “яшил” иқтисодиёт ва барқарорлик масалаларини биргаликда муҳокама қилишни режалаштирганмиз. Бундай мазмундаги мунтазам учрашувлар ўзаро англашувни яхшилашга ёрдам беради.
Кеча биз ЕИ ва Марказий Осиё ҳамкорлиги масалаларига бағишланган анжуман ўтказдик. Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа давлатлар катта ҳажмдаги табиий ресурсларга эга ва географик жойлашуви нуқтаи назаридан Европа ва Осиё ўртасидаги кўприкдир. Халқларимиз манфаатлари йўлида барқарорликка эришиш йўлида янада кўпроқ ишлар қилишимиз мумкин, деб биламан.
Яқин кунларда Самарқандда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро боғлиқлик масалаларига бағишланган конференция бўлиб ўтади. Ушбу конференцияда биз «яшил» ва рақамли иқтисодиёт соҳасида аниқ таклифларни тақдим этамиз.