Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисига киритиладиган масалалар кўриб чиқилди
2022 йил 17 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Кенгаш аъзолари парламент қуйи палатаси фаолиятига оид бир қатор муҳим масалаларни кўриб чиқдилар.
Дастлаб Кенгаш аъзолари томонидан қуйи палатанинг 18 октябрь ўтказиладиган мажлис кун тартибига киритилиши режалаштирилган масалалар кўриб чиқилиб, кун тартиби лойиҳаси тасдиқланди.
Йиғилишда шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2022 йил тўққиз ойидаги фаолияти якунлари тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ўтган даврдаги иши парламент фаолиятини тартибга солувчи Конституциявий қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг дастурий маърузалари, фармонлари ва қарорлари, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” давлат дастури ҳамда Қонунчилик палатасининг 2022 йил биринчи ва иккинчи ярим йиллигидаги фаолиятининг асосий йўналишлари асосида ташкил этилди.
Қонунчилик палатасининг фаолиятида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан янада ривожлантириш, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга асосий эътибор қаратилди.
Ҳисобот даврида Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги, парламент назоратини амалга ошириш йўналишларидаги ишлари янгича мазмун-моҳият касб этиб, палата фаолиятига сифат жиҳатидан янги шакл ва усуллар жорий қилинди.
Мазкур масала Кенгаш аъзолари томонидан атрофлича кўриб чиқилиб, фаолиятни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар берилди.
Кенгаш йиғилишида Қонунчилик палатаси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Официальный сайт Законодательной палаты Олий Мажлиса Республики Узбекистан