Тошкентда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ташқи сиёсатини ўрганиш бўйича расмий марказ ва кузатувчиларнинг 8-йиғилиши бўлиб ўтади
14-15 октябрь кунлари Тошкентда туркий давлатларнинг ташқи сиёсатини ўрганиш бўйича расмий марказларининг Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) маконида савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт-логистика нуқтаи назаридан ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш масалаларига бағишланган навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан мамлакатимизда илк бор ташкил этилаётган ушбу экспертлар йиғилишида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон Туркия, Венгрия, Туркий савдо-саноат палатаси, шунингдек, ТДТ котибияти ва бошқа мамлакатларнинг етакчи таҳлил марказларидан 60 нафардан ортиқ вакиллар иштирок этиши режалаштирилмоқда.
Транспорт-логистика компаниялари раҳбарлари, халқаро экспедиторлар, автомобиль ташувчилар, логистика ассоциациялари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон олий ўқув юртлари, жумладан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент Давлат шарқшунослик университети, Тошкент Давлат транспорт университети олимлари ва мутахассислари ҳам форумда иштирок этишга таклиф қилинган.
Кун тартибидан туркий давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари, транспорт-коммуникациянинг ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва савдо, инновация технологиялари ва рақамли ечимларни жорий этишда шерикликни фаоллаштириш масалалари юзасидан экспертлар муҳокамаси ўрин олган.
Форум дастурида ТДТ мамлакатлари таҳлил марказлари ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг кейинги механизмларини ишлаб чиқиш, ташкилот фаолиятини экспертлар томонидан қўллаб-қувватлаш жараёнини чуқурлаштиришга қаратилган Англашув меморандумини имзолаш кўзда тутилган.
Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, транспорт-логистика ўзаро боғлиқлиги ва иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича тавсияларни ўз ичига олган якуний ҳужжат қабул қилинади.
Тадбир 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг олий даражадаги Биринчи саммити арафасида ўтказилади. У туркий давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг янги истиқболларини очишга хизмат қилади. Давлат раҳбарларининг учрашувидаги муҳим воқеа 2022-2026 йилларга мўлжалланган ТДТ Стратегиясининг қабул қилиниши бўлиб, ҳужжат айни пайтда якуний босқичда турибди.
Эслатиб ўтамиз: ТДТга аъзо давлатлар ташқи сиёсатини ўрганиш бўйича расмий марказлар ва кузатувчилар йиғилиши 2009 йилдаги Туркий кенгашни ташкил этиш тўғрисидаги Нахичеван келишуви қоидаларига мувофиқ 2015 йилда ташкил этилган.
Ўзбекистон унинг ишида 2019 йилдан бери иштирок этиб келади. Президент Шавкат Мирзиёев қисқа муддатда ташкилотга аъзо давлатлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича 30 дан ортиқ ташаббус ва таклифларни илгари сурди. Улар орасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун туркий давлатларнинг Савдо ҳамкорлиги бўйича тадқиқотлар маркази ташкил этилди, доимий экспертлар ва IТ мутахассислар платформаси шакллантирилди, ТДТ доирасида иштирокчи давлатларнинг транспорт сектори ўртасида Ўзаро алоқалар дастури қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.