Ўзбекистон ТИВ раҳбари МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди
Бугун Остона шаҳрида Қозоғистон раислигида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, тадбирда Арманистон, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида халқаро кун тартиби ва Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йил 14 октябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишига тақдим этиладиган ҳужжатлар лойиҳалари тасдиқланди.
МДҲ доирасида 2023 йили кўп даражали ташқи ишлар вазирликлариаро маслаҳатлашувларни ўтказиш режаси ҳамда 2021-2030 - йилларда МДҲга аъзо давлатларнинг Ёшлар бўйича халқаро ҳамкорлиги стратегиясини 2023-2024 йилларга амалга ошириш юзасидан Тадбирлар режаси маъқулланди.
“Ҳамдўстлик спорт пойтахтлари” давлатлараро дастури қабул қилинди. Унга кўра, МДҲ спорт пойтахти мақоми ҳар йили Ҳамдўстлик давлатларидаги шаҳарлардан бирига берилади.
Мамлакатимиз делегацияси раҳбари, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ўз нутқида Ўзбекистон томони МДҲни янада ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини доимий равишда оширишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Шу билан бирга, Ҳамдўстликни тез ўзгарувчан шароитларга мослаштириш, инқирозли вазиятларга тезкор жавоб бериш ва иштирокчи давлатларнинг уларни бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш чораларини кўриш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон томонининг МДҲ доирасидаги давлатлараро ва минтақалараро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш бўйича қатор ташаббуслари эълон қилинди.
МДҲ Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2023 йил 14 апрель куни Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.