Самарқанд Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси
Жорий йил 4 октябрь куни Ўзбекистон Республика Қирғиз Республикасидаги Элчихонаси биносида “Қирғиз туроператорлари ассоциацияси” раҳбари С.Глуховеров бошчилигида уюшма таркибига кирувчи йирик туристик компаниялар “Travel Experts”, “Nomads Land”, “EcoNomad”, “Grand travel”, “Sun House”, “Kyrgyz Concept”, “Ulush”, “Voyager Group”, “CAT Company”, “Ak-Say Travel”, “Aziya Expedition” раҳбарлари ва вакиллари ҳамда сайёҳ блогерлар билан учрашув ташкил этилди.
Тадбир давомида “Самарқанд Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” мавзусида тақдимот ўтказилди. Унда мезбон мамлакат сайёҳлик компаниялари вакилларига Самарқанд шаҳридаги кенг имкониятлар ва миллий зиёратгоҳларга келаётган сайёҳлар сони, моддий ва маданий мерос объектлари ҳақида маълумотлар етказилди.
Қирғизистон туроператорлари Элчихона вакиллари билан суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида туризмни ривожлантириш бўйича Президент Ш.М.Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган амалий ишлар, жумладан, хорижий сайёҳларга шарт-шароитлар яратиш, визасиз ва электрон соддалаштирилган виза тартиблари жорий этилгани, меҳмонлар турар жойи учун туристик инфратузилма мажмуаларини, шунингдек, туризмнинг янги турлари ("зиёрат туризми", "соғломлаштириш туризми", “экологик туризм”, “тоғ туризми”) ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Учрашув давомида Ўзбекистоннинг барча минтақаларида туризмни ривожлантириш, чет эллик сайёҳларга бу борада республика ҳукумати, Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан яратилаётган қулайликлар, шу жумладан, ЎР туристик инфратузилмаси ва логистикаси йўналишларининг тобора ривожланиб бориши ҳақида гапириб берилди.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мепрос вазирлиги томонидан тайёрланган Самарқанднинг қадимий обидалари, зиёратгоҳ жойлари, савдо масканлари, янги меҳмонхоналари ҳақидаги буклетлар, флаерлар, тарқатма материаллар ва видеороликлар тақдим этилди.