Акрамжон Неъматов: ШҲТнинг халқаро ҳамкорликка очиқлиги – унинг муваффақиятидаги муҳим омил
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити ва унда илгари сурилган янги ташаббуслар тарихий аҳамият касб этади. Халқаро ва минтақавий ташкилотлар имкониятларидан фойдаланиш эса ушбу ташаббусларни муваффақиятли амалга оширишда муҳим омил бўлмоғи лозим, деди Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг йиғилиши олдидан “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюсида.
– 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон раислигида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади.
Бўлажак саммитнинг алоҳида хусусияти шундаки, анжуманда илк бор кенг доирадаги иштирокчилар, 15 давлат раҳбарлари, яъни ШҲТга аъзо барча мамлакатлар етакчилари, кузатувчи давлатлар (Беларусь, Эрон, Мўғулистон), шунингдек Туркия, Туркманистон, Озарбайжон Президентлари, Арманистон Бош вазири, Саудия Арабистони, Қатар ва Мисрдан юқори даражадаги вакиллар қатнашади.
30 дан зиёд, жумладан, концептуал ва стратегик хусусиятга эга қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилаётган сермазмун кун тартиби Саммитнинг яна бир ўзига хос томонини белгилайди. Бу ҳам ташкилот тарихида ҳали кузатилмаган воқелик.
Кўтариладиган масалалар орасида ШҲТга аъзо мамлакатлар ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш концепцияси, “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва агроинновацияларни жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлатиш бўйича ҳамкорлик дастури, инфратизимни ривожлантириш, саноат кооперациясини рағбатлантириш, рақамли саводхонликни ошириш ва ҳудудлараро савдони кенгайтириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволаш бўйич “йўл харита”ларини қайд этиш мумкин.
ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномаси бандларини амалга ошириш бўйича 2023-2027 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар режаси, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг иқлим ўзгаришига муносиб жавоб бериш бўйича Қўшма баёноти қабул қилиниши алоҳида эътиборга лойиқ.
Ушбу ҳужжатлар кўп томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб бериши баробарида аъзо давлатлар саъй-ҳаракатини бирлаштириш ва бугунги кунда халқаро ҳамжамият олдида турган таҳдидларга биргаликда жавоб беришга қаратилган.
Бўлажак олий даражадаги учрашув ва Саммитнинг халқаро тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича кун тартибининг долзарблигини кўрсатувчи яна бир омил шуки, анжуманда биринчи марта БМТ, БМТнинг Осиё ва Тинч океани бўйича иқтисодий ва сиёсий комиссияси, ЮНЕСКО, МДҲ, КХШТ, ЕОИИ, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чораларини кучайтириш кенгаши, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, АСЕАН, Араб давлатлари лигаси каби кўплаб халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари иштирок этади.
Ўзбекистон томонидан кўплаб мамлакатлар, қолаверса, ҳудудга кирмайдиган давлатлар манфаатини илгари сурувчи халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг Самарқандга таклиф этилиши ушбу қарорларни ШҲТ таркибидаги барча давлатлар қўллаб-қувватлаши жаҳонда кучайиб бораётган ишончсизликни бартараф этиш, халқаро муносабатларни конструктив ривожланиш йўналишига буриш ва барчанинг манфаатларига жавоб берадиган хавфсизлик, барқарорлик ва тараққиётга сезиларли туртки берадиган халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича Ўзбекистон раҳбариятининг кўп томонлама мулоқот учун самарали платформа яратиш йўлидаги қатъий интилишини англатади.
Дарҳақиқат, Самарқанд саммити халқаро муносабатлар тизимига бўлган ишончни тиклашга муҳим ҳисса қўшиши, давлатлараро ва кўп томонлама ҳамкорликнинг мулоқот ва ўзаро тушунишга асосланган янги босқичга кўтарилиши учун ўзига хос бошланғич нуқтага айланиши кутилаётир.
Шу билан бирга, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг бўлажак саммитда иштирок этишга тайёрлиги, ШҲТнинг халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдаги ўрни тан олинишидан, кўп томонлама ҳамкорликнинг самарали механизми ва халқаро кун тартибидаги масалаларни ҳал этишда муҳим шерик сифатидаги нуфузи сезиларли даражада ошганидан далолатдир. Шубҳасиз, бу кўп томонлама мулоқотни йўлга қўйиш, глобал ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларга ўзаро мақбул ечимларни биргаликда излаш борасида ишончли воситачи сифатида ҳаракат қила оладиган Ўзбекистонга нисбатан юксак ишонч ифодасидир.
Бугунги кунда халқаро ҳамжамиятда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган прагматик, конструктив, мувозанатли ва ташаббускор ташқи сиёсат туфайли Марказий Осиё тарихан қисқа даврда яхши қўшничилик, ишонч ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик минтақасига айланиб, Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро муаммоларни ечишга улкан ҳисса кўшувчи давлат сифатида қабул қилиниши қатъий мустаҳкамланди.
ШҲТ саммити кенг кўламда, халқаро ва минтақавий ташкилотларни жалб этган ҳолда, кенгайтирилган таркибда ташкил этилиши ҳам Ўзбекистоннинг очиқ ташқи сиёсат юритиш, халқаро ҳамжамият билан ҳар томонлама инклюзив мулоқотни давом эттириш ва ривожлантириш тарафдори эканлигидан дарак беради.
Ўзбекистон бу масалада доим изчиллик кўрсатиб келган. Тошкент ташаббуси билан ШҲТнинг таъсис ҳужжатларида, хусусан, Декларация ва Низомда ташкилотнинг очиқлиги, халқаро ташкилотлар билан алоқани ривожлантириш асосий мақсадлар қаторида белгиланди. 2004 йил - Ўзбекистоннинг ШҲТга биринчи раислиги йилида ташкилотнинг бошқа халқаро тузилмалар билан ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича қарор қабул килинди.
Кўп томонлама тузилмалар билан алоқани ривожлантириш бўйича стратегик йўналиш шу йили Ўзбекистон ташаббуси билан ШҲТнинг БМТ Бош Ассамблеясида кузатувчи мақомини олиши билан мустаҳкамланди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТ саммити арафасида эълон қилинган “ШҲТнинг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласида давлатимиз раҳбарининг халқаро ва минтақавий ташкилотлар давлатлараро ҳамкорликнинг энг муҳим воситачиси бўлиб хизмат қилишини, мамлакатларга ўзаро келишмовчиликларни енгиб ўтиш ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-сотиқни кенгайтириш ва маданий-гуманитар алмашувни рағбатлантиришга ёрдам беришини қайд этгани бежиз эмас.
Шу маънода Ўзбекистон томонининг бўлажак саммит давомида БМТнинг Осиё ва Тинч океани бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссияси, ЮНЕСКО, Араб давлатлари лигаси каби ташкилотлар билан шериклик муносабатини расмийлаштириш бўйича ташаббуси ШҲТга аъзо давлатлар олдида турган долзарб масалаларни ҳал этишда халқаро ташкилотлар салоҳиятидан фойдаланиш борасидаги саъй-ҳаракатнинг мантиқий давомидир.
Қолаверса, бу ШҲТнинг очиқлик тамойилига содиқ қолаётгани, блоклардан холи экани ва фаолияти учинчи давлатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмаганини яна бир бор исботлади.
Шу нуқтаи назардан, Тошкент ШҲТ бундан кейин ҳам кенг халқаро ҳамкорлик учун очиқлигини давом эттириши, сиёсий қарама-қаршилик ва конфронтацион рақобатга йўл қўймаслиги, яхши қўшничилик, тенглик ва ўзаро ҳурмат тамойилига амал қилиши, давлатларнинг ички ишига аралашмаслиги, оқилона муросага асосланган ўзаро мақбул консенсус ечим излаши лозимлигини қайд этади.
Бошқа кўп томонлама ҳамкорлик институтлари самарадорлиги пасайиб бораётган бир шароитда ШҲТнинг ушбу тамойилларга эътибор қаратиши халқаро ва минтақавий ташкилотлар томонидан ШҲТ билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтиришга қизиқиш ортиб боришига асосий сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, ШҲТнинг бошқа давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар учун жозибадорлиги қуйидаги омиллар билан ҳам белгиланади:
Биринчидан, ШҲТнинг Евроосиё маконида хавфсизлик
ва барқарор ривожланиш архитектурасини қўллаб-қувватловчи тузилма сифатида роли ўсиб бораётгани, жаҳон тартиботи ва халқаро иқтисодий муносабатлар транформациясида муҳим омилга айланаётгани тан олинмоқда. Бугунги кунда Евроосиё ҳудудининг 2/3 қисми, дунё аҳолисининг 50 фоизи (3.4 миллиард), жаҳон ЯИМнинг 20 фоизи, ердаги мавжуд табиий газ захирасининг 50.1 фоизи, глобал миқёсда чорвачилик ва ўсимлик дунёсининг 40 фоиздан кўпроғи ШҲТ ҳиссасига тўғри келади. Тузилма улкан инсон ресурсига, интеллектуал ва технологик интеллектуал салоҳиятга эга.
Кўплаб давлатлар ва кўп томонлама ташкилотлар яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ШҲТнинг географик ядроси ҳисобланган Марказий Осиёда барқарор ривожланиш маконини шакллантириш бўйича ижобий жараённинг фаол иштирокчиси, бенефициари бўлишга интилмоқда.
Иккинчидан, ШҲТнинг долзарб глобал, жумладан, хавфсизлик, иқтисодиёт, савдо, саноат, озиқ-овқат, экология
ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги муаммоларни ҳал этиш мақсадида барча томонлар билан конструктив, ўзаро манфаатли алоқа ўрнатиш борасидаги ёндошуви қўллаб-қувватланмоқда.
Бу савдо ва сармоявий алоқа узилишига, озиқ-овқат ва энергия хавфсизлиги муаммолари кескинлашишига олиб келаётган, глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда ўзаро ҳамкорлик даражасини пасайтираётган, табиий ва сув ресурслари етишмаслиги, биологик хилма-хиллик камайиши, хавфли касалликлар тарқалишига сабаб бўлаётган, глобал даражада геосиёсий рақобат ва қарама-қаршилик келтириб чиқараётган чуқур ишончсизлик даврида муҳим ахамиятга эга.
Айнан конструктивлик, барчанинг манфаатини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликкина ушбу масалаларни ечишга ҳисса қўшиши мумкин, бу муаммоларни алоҳида ҳал этиб бўлмайди.
Ушбу тамойилга амал қилган ҳолда ШҲТ сўнгги йилларда ҳамкор ташкилотлар тармоғини сезиларли даражада кенгайтирди, кўплаб масалаларни ҳал этишда халқаро ташкилотлар билан самарали иш олиб бормоқда. Жумладан, ШҲТ БМТнинг терроризмга қарши кураш бошқармаси ҳамда Наркотик ва жиноятларга қарши кураш бошқармаси, КХШТ билан юқоридаги йўналишларда ҳамкорлик қилмоқда, ЮНИДО, ЮНКТАД, МДҲ, ЕОИИ, АСЕАН каби тузилмалар билан савдо, транспорт, логистика, саноат кооперацияси, БМТнинг ФАО тузилмаси билан озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги, БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси билан гуманитар йўналишларда ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Учинчидан, ШҲТнинг ўзига хос хусусияти – ташкилот фаолиятида ғоявий тор фикр йўқлиги, умуминсоний қадриятларга, умумэътироф этилган меъёрларга риоя қилиш ва барча манфаатдор томонлар билан прагматик муносабат ўрнатиш орқали аниқ натижага эришишга қаратилгани билан боғлиқ.
Президент Шавкат Мирзиёев юқорида қайд этилган мақолада таъкидлаганидек, ШҲТ турли маданий ва цивилизацион кодларга, ўз ташқи сиёсати йўналишларига ва миллий ривожланиш моделларига эга мамлакатларни бирлаштиришга муваффақ бўлган ноёб давлатлараро тузилма ҳисобланади. ШҲТ муваффақияти концепцияси – минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Тўртинчидан, ШҲТнинг кўп томонлама ҳамкорлиги ривожланиши халқаро ҳамжамият томонидан глобал ўзаро боғлиқлик тан олиниши, халқаро тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш муаммоларини ҳал этишдаги умумий масъулият ҳис этилиши билан белгиланади.
Умуман, бугунги кунда ШҲТ жадал ривожланаётган халқаро ташкилот сифатида намоён бўлиб, глобал стратегик барқарорликни таъминлаш тизимининг муҳим таркибий қисмига айлангани ҳолда ўз тараққиётининг янги, янада масъулиятли босқичига қадам қўймоқда.
Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик тармоғи кенгайиб бораётгани ШҲТнинг халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдаги муҳим роли тан олинаётганидан, ташкилотнинг очиқлик, глобал хавф ва таҳдидларга қарши самарали курашиш, барқарор тараққиётга эришишда муқобили йўқ кўп томонлама ҳамкорлик тузилмаси эканидан далолатдир.
Бундан ташқари, халқаро вазият тобора кескинлашиб бораётган ва таҳдидлар кучайиб бораётган ҳамда хавф-хатарларга қарши турувчи механизмлар заифлашаётган бир даврда ШҲТнинг халқаро майдонда глобал иқтисодий ривожланишнинг ҳаракатлантирувчи кучларидан бири ва дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот сифатидаги нуфузи ошишига, жаҳон ҳамжамияти олдида турган таҳдидларларга биргаликда самарали жавоб излаш учун кўп томонлама тузилмалар ўртасида ҳамкорлик тармоғини кенгайтириш янада долзарблашишига шубҳа йўқ.
Шу билан бирга, ШҲТнинг ўзаро ишонч, умумий манфаат, тенглик, маслаҳатлашув, маданиятлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш, биргаликда ривожланиш истагига асосланган “Шанхай руҳи”га содиқлигини сақлаб қолиш ҳамда ШҲТ Хартияси тамойилига қатъий риоя қилиш, блоклардан холи мақом, очиқлик, учинчи давлатларга ёки халқаро ташкилотларга қарши турмаслик, барча иштирокчилар тенг ҳуқуқлилиги ва суверенитетини ҳурмат қилишни кафолатлаш айни жараён изчил ва барқарор ривожланишининг асосий шартидир.
Фақат шу йўл билан, Ўзбекистон раҳбари таъкидлаганидек, “ШҲТ тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши” мумкин.
"Шанхай руҳи"га асосланган ҳамкорликнинг тасдиқланган тамойилига асосланган ҳолда аъзо давлатлар кўп томонлама институтлар билан бирга замонавий шароитда кўп қиррали шерикликнинг янги асосий йўналишларини белгилаши мумкин. Шу билан бирга, дунёда пайдо бўлаётган янги реалликни ҳисобга олган ҳолда минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг долзарб муаммоларини ҳал қилишда ШҲТнинг улкан салоҳиятини тўлиқ очиб бериш ва барқарорлаштирувчи ролини ошириш учун кун тартибини янгилашнинг аниқ истиқболини белгилаш лозим.
Шу нуқтаи назардан Самарқанд саммити ва анжуманда илгари суриладиган Ўзбекистоннинг янги ташаббуслари тарихий роль ўйнайди, халқаро ва минтақавий ташкилотлар имкониятидан фойдаланиш белгиланган вазифаларни муваффақиятли амалга оширишда муҳим омилдир.
Ёки Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзлари билан хулоса қиладиган бўлсак, “самарали халқаро ҳамкорлик дунёни барқарор, ишончли ва фаровон қилади. Айнан шундай ёндошув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул ва самарали йўл ҳисобланади.