Ўзбекистон ва ШҲТ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган фаол ва прагматик ташқи сиёсат бугунги кунда мамлакатимизнинг нафақат минтақада, балки жаҳон миқёсида нуфузи ва ўрнини мустаҳкамлаб, халқаро жараёнларга таъсирини оширмоқда.
Бу борада халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан кўп томонлама ҳамкорлик, хусусан, Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятидаги иштироки алоҳида аҳамият касб этади.
2021-2022 йилларда ташкилотга раислик Ўзбекистонга ўтиши кейинги 6 йилда амалга оширилган жадал ва очиқ ташқи сиёсатимиз маҳсули, мантиқий давоми бўлди, дейиш мумкин.
Ўтган йили ШҲТнинг Душанбе саммитида давлатимиз раҳбари ташкилотга раисликнинг ШҲТ маконида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини янада чуқурлаштириш, ўзаро транспорт-коммуникация алоқалари, камбағалликни қисқартириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маданий-гуманитар соҳада, соғлиқни сақлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашда мавжуд салоҳиятдан кенг фойдаланиш сингари энг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Ўзбекистон томонидан ШҲТга раислик даврида барча ҳамкорлик соҳаларида 80 дан ортиқ тадбир ўтказилди.
Кенг кўламда олиб борилган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, бўлажак саммитда имзолаш учун 30 дан ортиқ ҳужжат тақдим этилиши режалаштирилган.
Шубҳасиз, Самарқанд саммитининг асосий мақсадларидан бири ШҲТ оиласини янада кенгайтириш масаласидир. Давлат раҳбарлари кенгаши доирасида ШҲТга аъзолик мақомини олиш учун Эрон Ислом Республикасининг мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланиши кутиляпти.
Бу ўтган йили Эронни тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиш тартибини бошлаш тўғрисидаги қарорни амалга оширишда муҳим босқич бўлади.
Бундан ташқари, ШҲТнинг кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик давлатлари аъзолигини кенгайтириш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Саммитда ШҲТ ва қатор халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Яна бир қабул қилишга тайёрланаётган муҳим ҳужжат бу – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзо давлатлари ўртасида узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномани 2023-2027 йилларда амалга ошириш бўйича Кенг қамровли режадир.
Ушбу стратегик аҳамиятга эга ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва ШҲТга аъзо барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган.
Режа лойиҳаси ташкилот доирасида барча соҳалар бўйича амалга оширилаётган ҳамкорлик йўналишларини жалб қилган
ва ҳозирги кунда 120 га яқин тадбирларни ўз ичига олган. Айниқса, асосий урғу савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга каратилган. Масалан, инвестициялар, энергетика, транспорт, логистика, саноат кооперацияси, ахборот ва телекоммуникациялар, қишлоқ хўжжалиги, божхона ва бошқа соҳалардаги шерикликни янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ тадбирлар ва уларнинг бажарилишига масъул идоралар белгиланган.
Мазкур Шартномани ўз аҳамиятига кўра ШҲТ Хартияси билан солиштириш мумкин. Агар Хартия ташкилотнинг “руҳи”, унинг компаси бўлса, Шартнома ШҲТнинг “виждони” ва ҳар бир аъзо давлатнинг ўз ҳиссасини қўшиш мажбуриятидир.
Бу ҳужжат ташкилотга танланган йўлидан адашмаслик имкониятини берадиган “компас”нинг тўғри, ритмик ва барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган.
Хартия ва Шартнома моҳиятидан ШҲТнинг асосий сиёсий ва ҳуқуқий ришталари бўлиб, унинг фалсафаси ва қиёфасини узоқ муддатга, ташкилот мавжуд бўлган бутун даврга белгилаб беради.
Шартноманинг асосий хусусиятлари, авваламбор, ҳужжатнинг ҳар бир қоидаси барча аъзо давлатларнинг миллий манфаатларига, шунингдек, ШҲТнинг кенг ҳудудида узоқ муддатли ҳамкорликда ривожлантириш мақсадларига жавоб беради.
Миллий ва умумий манфаатларнинг уйғунлиги, уларнинг синергияси Шартномани барқарор қилади, унинг ҳар бир иштирокчиси манфаати учун хизмат қилади.
Демак, имзолашга тақдим этилиши кўзда тутилган кенг қамровли режа ва унда кўрсатилган аниқ тадбирлар ШҲТга аъзо барча давлатлар ва, биринчи навбатда, Ўзбекистон манфаатларига хизмат килади.
ШҲТ – дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот
ШҲТга аъзо давлатларнинг умумий майдони 34 миллион км², яъни Евроосиё қитъасининг 60 фоизини ташкил этади. Аъзо давлатлар нуфуси 3 миллиардга яқин ёки ер юзи аҳолисининг қарийб ярмига тенг. ШҲТ мамлакатлари жаҳон иқтисодиётининг 20 фоизини қоплайди.
Эроннинг ташкилотга тўлақонли аъзо этиб қабул қилиниши орқали ШҲТ стратегик муҳим минтақа ҳисобланган Яқин Шарққа эшик очади.
Ташкилот муваффақиятининг калити кўп қиррали ҳамкорлик ва очиқлик билан боғлиқ экани барчага аён. Шу боис ҳам тузилма очиқ мулоқот, минтақалараро кенг шериклик учун мос ва қулай майдон сифатида намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти асосчиларидан бири
Ўзбекистон ШҲТ доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг келгуси стратегиясини белгилашда доимо етакчилар сафида эътироф этилади.
Биз ШҲТга терроризм, экстремизм, сепаратизм, гиёҳвандлик, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, кўп томонлама ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги шерикликни ривожлантириш воситаси сифатида қараймиз.
Мамлакатимиз аввал ҳам ташкилотга уч марта раислик қилган. Ўзбекистон ташаббуси билан 2004 йил Тошкентда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси таъсис этилди, Хавфсизлик кенгашлари котиблари йиғилишлари формати жорий этилди, ШҲТда кузатувчи мақомини бериш механизми ишга туширилди.
2010 йил пойтахтимизда ўтган аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишида ташкилотнинг Иш тартиби қоидалари ва Янги аъзоларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 2016 йилдаги Тошкент саммитининг асосий натижаларидан бири ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш мақсадида Ҳиндистон ва Покистон мажбуриятлари тўғрисида меморандумлар имзоланишидир. Бу ташкилот салоҳиятини кўтаришга ва халқаро майдондаги ролини янада оширишга хизмат қилди.
2017 йилдан республикамиз ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ташаббускорига айланди.
Ўзбекистон Президенти томонидан беш йил мобайнида ШҲТ саммитларида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инновация ва бошқа соҳалар бўйича ҳамкорлик самарадорлигини оширишга доир 54 та ташаббус илгари сурилди. Шулардан 37 таси ҳаётга татбиқ этилган бўлса, қолган 17 таси амалга оширилиш жараёнида.
Душанбе саммитида ўзбек томони илгари сурган бир қатор ташаббуслар – ШҲТнинг “Яшил камар” дастури, Халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик режаси, ШҲТ Иқтисодий форуми концепцияси, шунингдек, ШҲТнинг Туризм ва маданий пойтахти тўғрисидаги низом қабул қилинди.
Таҳлил натижаларига кўра, Ўзбекистон амалга ошаётган ташаббуслар бўйича ШҲТда етакчи ўринни эгаллаб турибди. Ўтган йилларда ўзбек томони, асосан, хавфсизлик соҳасида фаоллик кўрсатган бўлса, эндиликда умумий салоҳиятни иқтисодиёт, транспорт ва логистика, инновацион ва рақамли ривожланиш, маданий ва халқ дипломатияси каби йўналишлар орқали кўтариш зарурлигига эътибор қаратмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан ШҲТ маконида амалга оширилаётган стратегия конструктивлик, прагматизм ва ташаббускорлик каби муҳим тамойилларга асосланган.
Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устунлиги ШҲТ доирасида Тошкент илгари сурган ташаббуслар, айниқса, ҳудудни барқарор ривожлантиришга қаратилган вазифалар ҳақида гап кетганда, аъзо мамлакатлар миллий манфаатига ҳам тўла жавоб беришида ўз ифодасини топади. Шу боис мазкур ташаббуслар ШҲТга аъзо барча давлатлар томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.
Самарқанд саммити олдидан мамлакатимиз раислигида олиб борилган ишлар Ташкилот фаолиятини аниқ ва самарали, янги ва салмоқли лойиҳалар билан бойитди. Демак, Ўзбекистон яна бир мураккаб сиёсий синовдан шараф билан ўтди, деб айта оламиз.
Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган саммитда сарҳисоб қилинади.
Ишончимиз комилки, анжуман йирик сиёсий ва дипломатик форумга айланади ва ташкилотнинг кейинги эволюцияси йўлидаги муҳим қадам сифатида тарихга муҳрланади.
Анвар НАСИРОВ, Марказий Осиё халқаро институти директори.
ЎзА