Қонунчилик палатасида Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича хориждаги ватандошлар томонидан билдирилган таклифлар муҳокама қилинди
Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари томонидан видеоконференция тарзида ташкил этилган йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасида фаол иштирок этган хориждаги ватандошларимизнинг таклифлари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Парламент қуйи палатаси маълумотига кўра, йиғилишда мамлакатимизда Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда бошиданоқ халқимиз билан ҳар томонлама маслаҳатлашган ҳолда нафақат юртимиз, балки жаҳондаги илғор тажрибалар чуқур ўрганилди ва шунга асосан иш олиб борилгани таъкидланди.
Хусусан, умумхалқ муҳокамаси давомида нафақат республикамиз, балки хориждаги ватандошларимизга ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини эмин-эркин билдириши учун зарур шароитлар, барча қулайликлар яратиб берилди. Шу даврда қонун лойиҳасига 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушгани халқимизнинг Конституциявий ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватлаётганидан далолат беради.
Шунингдек, хориждаги сиёсий доиралар ва етакчи экспертларга Конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етказиш бўйича АҚШ, Буюк Британия, Швейцария, Польша, Япония, Корея, Ҳиндистон, Саудия Арабистони каби давлатларда конференция, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур тадбирлар нафақат хорижлик етакчи экспертларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлардан хабардор қилиш, балки у ердаги ватандошларимизга қонун лойиҳаси юзасидан таклиф йўллаш имконини яратди.
Қайд этилганидек, муҳокамаларда хориждаги ватандошларимиз ҳам катта қизиқиш билан иштирок этди. Хусусан, Қозоғистон, Россия, Туркия, Жанубий Корея, Германия ва бошқа давлатлардаги ватандошларимиздан юзлаб таклиф, муносабатлар келиб тушди ва уларнинг аксарияти қонун лойиҳасида акс этди.
Ҳозирги кунда хориждаги ватандошларимиздан келиб тушган таклифлар масъул қўмиталарда экспертлар, мутахассислар, олимлар, сиёсатчилар иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, Конституциявий қонун лойиҳасини маромига етказишда эътиборга олинмоқда. Шунингдек, масъул қўмиталар Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича келиб тушаётган таклиф ва мулоҳазаларни “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ кўриб чиқаяпти.
Тадбирда, шунингдек, хориждаги ватандошларимиз ўзларини қизиқтирган барча саволларга депутатлардан батафсил жавоблар олишди.