“Пахтакор кидс” футбол мактабининг 7 ёшли тарбияланувчилари Москвада бўлиб ўтган болалар футбол турнирида ғолиб бўлди
Москва шаҳридаги “Чертаново арена” стадионида футбол бўйича 2014-2015 йилларда туғилган ёш футболчилар ўртасида “Игорь Чугайново кубоги” III болалар турнири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мусобақа “Келажак сари” ёшлар футболини ривожлантириш жамғармаси томонидан Россия пойтахтининг «Чертаново» академияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Чемпионатда 15 та жамоа қаторида бош мураббий Азиз Тўхтаматов ва иккинчи мураббий Дилшод Ҳамраев бошчилигидаги “Пахтакор кидс” тарбияланувчилари иштирок этди.
2019 йилда фаолиятини бошлагандан буён «Пахтакор кидс» болалар футбол мактаби Тошкент шаҳрида 7 та ва Қўқон шаҳрида 1 та филиалини очди. Футбол мактабига 3 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар қабул қилинади.
Турнирда “Пахтакор кидс” футбол мактаби ўйинчилари 6 та жамоани йирик ҳисобда мағлуб этиб, энг яхши натижа кўрсатган ҳолда турнирнинг мутлақ ғолиблиги ва бош соврин соҳиблигини қўлга киритди. Хусусан, ёш юртдошларимиз турнирнинг турли номинациялари бўйича ҳам энг кўп тақдирланган футболчилар бўлди. Хусучан, Максим Ким, Умархон Алимбеков ва Темурбек Аъзамжонов “Энг яхши дарвозабон”, “Энг яхши ўйинчи” ва “Жамоанинг энг яхши футболчиси” деб топилди.
Турнир ғолиб ва совриндорлари кубок ва медаллар, энг яхши ўйинчилар эса қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.