Кўнёдаги зафар – спорт соҳасидаги ислоҳотларнинг ёрқин ифодаси
Туркиянинг қадимий ва мафтункор шаҳарларидан бири Кўнёда ниҳоясига етган Ислом бирдамлик ўйинларини вакилларимиз мезбонлардан кейин обрўли иккинчи ўрин билан якунлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Спортчиларимиз 51 та олтин, 42 та кумуш ва 65 та бронза, жами ҳисобда 158 медални қўлга киритди.
56 та давлатдан келган спорт усталари ичида мамлакатимиз жамоаси ўзига хос иродаси, тартиб-интизоми ва Ватан шаънини юқори кўтаришга бўлган интилиши билан алоҳида ажралиб турганини таъкидлаш зарур. Ватандошларимиз учун ажратилган тураргоҳда ҳам ушбу ҳолат яққол намоён бўлди. Бу ерда ўрнатилган улкан байроқ спортчиларимизни ҳар куни олға чорлаб турди.
Умуман олганда, Кўнё мусобақаларида эришилган натижалар сўнгги йилларда мамлакатимизда спортнинг барча соҳаларини комплекс ривожлантириш бўйича ишларнинг самараси бўлди. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори боис жисмоний тарбия ва спорт соҳаси янгича тамойиллар асосида ривожланиб бормоқда. Нафақат марказий ҳудудлар, балки вилоятларнинг чекка қишлоқларигача кириб бораётган соғлом турмуш тарзи ва спорт билан шуғулланиш маданияти янги-янги ёш спортчиларни кашф этишга йўл очмоқда.
“Ўзбекистондаги ислоҳотларни яқиндан кузатиб келаман, барча соҳада бўлганидек, спортга бўлган эҳтиборни яққол ҳис қиламан, - дейди туркиялик мутахассис Масъуд Қоракўса. - Хоразм, Шаҳрисабз ва Бухоронинг чекка маҳаллаларида, ҳар манзилда ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун инфратузилма ва имкониятлар яратилганини кўрасиз. Барча спортга ташна ва иштиёқманд. Ҳатто ёши катталар ҳам кунлик маълум миқдорда юриш меъёрларига амал қилаётганини кўрасиз. Соҳадаги янгича ташаббуслар, хусусан, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшларни спортга жалб қилишга йўналтирилган кенг миқёсли лойиҳалар эҳтиборга молик. Коньядаги ғалабаларда ана шу лойиҳалар муҳим роль ўйнади, деб ҳисоблайман.
Ҳақиқатан ҳам, Янги Ўзбекистонда йўлга қўйилган “Беш ташаббус олимпиадаси”, маҳалла спорти каби лойиҳалар асосида юртимизда оммавий спортни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бунёд этилаётган мажмуалар, маданий масканлар, инфратузилма объектларида етишиб чиққан ёшлар ўзбекнинг довруғини бутун дунёга тараннум этмоқда.