Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси раисини қабул қилди
Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев кеча Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси раиси Азиз Аалиевни қабул қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси 2021 йил 14 апрелда ўз ишини бошлаган. Жамғарма фаолиятининг устувор вазифаси аҳамиятли тармоқларда истиқболли ва юқори рентабелли қўшма инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш орқали икки давлат ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдир.
Учрашув кун тартибига Жамғарманинг операцион фаолияти масалалари, ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар натижалари, шунингдек Жамғарма маблағларини яқин келажакда инвестиция қилишнинг энг устувор йўналишларининг муҳокамаси кирди.
Жамғарма Кенгашига кўриб чиқиш учун таклиф этилаётган лойиҳалар, жумладан, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий аҳамияти, рентабеллиги ва амалга ошириш муддатларини ҳисобга олган ҳолда ўрганилди. Хусусан, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, чегараолди ҳудудларда савдо-логистика марказларини ташкил этиш бўйича лойиҳалар кўриб чиқилди.
Қисқа вақт ичида лойиҳаларни амалга оширишни бошлаш учун Жамғарманинг инвестициявий портфелини шакллантириш ва зарур ҳужжатларни тайёрлаш бўйича ишларни фаоллаштириш вазифаси қўйилди.
Учрашув якунида томонлар яқин келажакда Жамғарма Кенгашининг йиғилишини ўтказишга келишиб олди. Унда ташкилотнинг операцион ва инвестиция фаолияти билан боғлиқ бир қатор ҳужжатларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш режалаштирилган.