Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия ўзаро боғлиқлик ва кўп қиррали ҳамкорликни янада фаоллаштириш тарафдори эканини тасдиқлади
Жорий йил 2 август куни Тошкентда “Ўзбекистон-Озарбайжон-Туркия” шаклида ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Уч томонлама шаклдаги анжуманда олий даражада эришилган келишувларни ҳаётга тадбиқ этиш масалалари, шунингдек, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашнинг амалий механизмларини ишлаб чиқиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, ташқи сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги муносабатларни кенгайтириш, транспорт-коммуникация соҳасида минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш имкониятлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов учрашувни очар экан, халқаро муносабатлар ва глобал иқтисодиётда кечаётган жадал жараёнларни инобатга олган ҳолда “Ўзбекистон – Озарбайжон – Туркия” мулоқот майдончасини яратишга ҳар қачонгидан ҳам эҳтиёж юқорилигини таъкидлади.
Ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари мазкур учрашув арафасида ўзаро муносабатларимиздаги жуда муҳим воқеалар – Туркия Президенти Ражаб Таййиб Эрдоғаннинг 2022 йил март ойида мамлакатимизга расмий ташрифи ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг жорий йил июнь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи бўлиб ўтганини алоҳида таъкидлади. Уч давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва белгилаб берган ҳамкорлик йўналишлари самарасида сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Озарбайжон ва Туркия билан муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, стратегик аҳамияти янада юксалди, ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун кенг истиқболлар очилди.
Мамлакатлар ва ҳудудларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида ҳамкорликнинг ушбу шаклига мунтазамлик мазмунини касб эттириш ва ҳар йили уч давлатнинг бирида навбатма-навбат учрашувлар ўтказиш таклифи илгари сурилди.
Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов, ўз навбатида, мамлакатларнинг икки томонлама муносабатларидан ташқари ташқи ишлар, иқтисодиёт ва транспорт вазирлари иштирокидаги ушбу ноёб ҳамкорлик шаклининг ривожлантирилиши тармоқлараро алоқалар, иқтисодий ва савдо муносабатлари, трансчегаравий тадбиркорлик фаолиятидаги ришталарни кенгайтиришга хизмат қилади, деган фикрни билдирди.
“Биз Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу учрашувни ўтказиш бўйича саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз ва Ўзбекистон раҳбариятига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирамиз”, деди Озарбайжон ТИВ раҳбари.
Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли иқлим, энергетика ва озиқ-овқат инқирози таъсири барча минтақаларда сезилаётганига эътибор қаратиб, бундай вазият хавф солиши билан бир қаторда янги имкониятлар тақдим этаётгани ҳақидаги фикрни ўртага ташлади.
“Халқаро майдондаги рақобат муҳити чуқурлашиб бораётганига қарамай, Евроосиё ва тарихий Ипак йўли яна марказий савдо йўлига айланмоқда, - деди у. – Дунёдаги энг йирик бўлган Осиё - Европа савдо ҳажми кунига 1,5 миллиард доллар, йилига 500 миллиард долларга етмоқда. Мамлакатларимиз ушбу тижорат оқимининг марказида жойлашган”.
Уч мамлакат иқтисодиёт вазирлари томонидан ўзаро савдо ва сармоявий ҳамкорлик тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилди, Ушбу муносабатларни уч томонлама ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, жумладан, транспорт-коммуникация соҳасидаги алоқаларни чуқурлаштириш орқали кенгайтирилиши кутилмоқда.
Сўнгги беш йилда уч томонлама товар айирбошлашнинг умумий ҳажми қарийб икки баробарга ортиб, бугунги кунда 3,5 миллиард долларга етгани таъкидланди.
Томонлар ушбу кўрсаткични яна бир неча карра ошириш учун катта имкониятлар мавжудлиги ҳақида якдил фикр билдирди. Бунда давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, мамлакатларимиз аъзо бўлган Туркий давлатлар ташкилоти томонидан яратилган мавжуд асос алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, саноат кооперацияси ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашишда кучларни бирлаштиришга оид ташаббусларни илгари сурди.
“Бундан ташқари, “яшил иқтисодиёт” соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ҳам кун тартибида бўлиши керак”, - деди у.
Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микойил Жабборов, ўз навбатида, мавжуд стратегик шериклик уч давлатга иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш имкониятини тақдим этаётгани, бу алоқалар изчил ривожланиб бораётгани эътирофга молик воқелик эканини таъкидлади.
“Сиёсий ирода, халқларимиз ўртасида тарихан шаклланган қардошлик муносабатлари, улкан иқтисодий салоҳият ва ўзаро манфаатдорлик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун қулай шарт-шароит яратди, – деди вазир. - Шу муносабат билан ушбу уч томонлама майдонча ўта муҳимлигини яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман. Биз самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни бундан кейин ҳам мустаҳкамланишига ишонамиз”.
Туркия савдо вазири Меҳмет Муш уч томонлама учрашув натижаларини юқори баҳолади.
“Бугунги учрашувда қабул қилинган қарорлар мамлакатларимиз ўртасидаги, жумладан, ҳудудлараро ҳамкорликни жадаллаштиришга хизмат қилади, — деди Туркия савдо вазирлиги раҳбари. – Мамлакатларимиз умумий ялпи миллий маҳсулоти 900 миллиард доллардан юқори экани, аҳоли сони 130 миллионни ташкил этиши нақадар салмоқли салоҳиятга эга эканимиздан далолат бериб турибди.
Бизнинг Озарбайжон ва Ўзбекистон билан имзолаган имтиёзли савдо шартномаларимиз мазкур салоҳиятни рўёбга чиқаришга катта аҳамият бераётганимизни ифодаламоқда. Келгусида ушбу келишувлар кўламининг кенгайиши билан савдо алоқаларимизда янги давр бошланади, деб ҳисоблайман”.
Тарихдан маълумки, туркий тилли халқлар истиқомат қилган ҳудудлар минг йиллар давомида Шарқ билан Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида транспорт ва савдо кўприги бўлиб хизмат қилган. Шу боис мамлакатларимизнинг минтақалараро транспорт йўлакларини ривожлантиришга бўлган интилиши алоҳида долзарблик касб этади.
Учрашувда Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов “Туркия – Кавказ – Марказий Осиё – Афғонистон орқали Жанубий Осиё” янги мультимодаль коридорини шакллантириш ташаббуси билан чиқди.
“Жанубий Осиё давлатларининг қисқа ва ўрта муддатли истиқболда ўсиш суръатларини тезлаштириш учун ниҳоятда юқори салоҳиятга эга эканини ҳисобга олиб, Жанубий Осиё мамлакатлари билан юк ташишни ривожлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш зарур, - деди вазир. – Айни пайтда Афғонистон ҳудуди орқали Покистонга юк ташиш учун қулай имконият мавжуд. Шу боис мамлакатимиз транспорт компаниялари босқичма-босқич ушбу йўналишни ўзлаштириб, Афғонистон ҳудуди орқали юк ташишни бошлаб юборди.
Статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, Покистон-Афғонистон-Ўзбекистон йўналиши бўйича юк ташишнинг ўсиш суръати сезиларли даражада ошмоқда. Биргина 2022 йилнинг биринчи ярмида ташилган юклар ҳажми 2,6 баробарга ошиб, 330 минг тоннани ташкил этди”.
Озарбайжон рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашад Набиев, ўз навбатида, глобал геосиёсий воқеалар шароитида Ўрта йўлакка қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлади. У 2022 йилнинг биринчи чорагида мазкур коридор бўйлаб 266 минг 300 тонна юк ташилгани, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 123 фоизга кўп бўлганини урғулади.
“Озарбайжон, Туркия ва Марказий Осиё минтақаси учун муҳим ташаббус Зангезур йўлагининг очилиши бўлиб, у Ўрта йўлакнинг транзит салоҳиятини кенгайтиришга сезиларли таъсир кўрсатиши ва минтақанинг транспорт-коммуникация харитасида стратегик ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкин, - деди у. – Зангезур йўлаги энг қисқа ва хавфсиз транзит йўлаги бўлиб, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги транспорт алоқаларини Европага йўналтиришни таъминлайди”.
“Биз мамлакатларимиз иқтисодиёти, тараққиёти ва фаровонлигига беқиёс ҳисса қўшаётган Ўрта коридорга катта аҳамият бераяпмиз, - деди Туркия транспорт ва инфратузилма вазири Одил Қораисмоилўғли. – Осиё ва Европа ўртасидаги Ўрта йўлак халқаро савдо жараёни учун фойдали ва хавфсиздир. Биз имкониятларни тезкор баҳолаб, юзага келаётган талабга тезкор жавоб беришимиз керак”.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов учрашув якунлари бўйича матбуот учун баёнот бериб, томонлар ушбу мулоқот шаклининг юқори самарадорлигини биргаликда таъминлаш бўйича келишувга эришгани, бу эса туркий тилли давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлишини таъкидлади.
“Биз халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонни тинч йўл билан тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириши зарурлиги, афғон халқи манфаатлари йўлида инклюзив ҳукумат яратиш муҳимлиги, ушбу жараёнда БМТнинг марказий мувофиқлаштирувчи ролга эга бўлиши кераклиги тўғрисида якдил фикр билдирдик, - деди Ўзбекистон ТИВ раҳбари. – Иқтисодиёт, савдо, сармоя, туризм ва транспорт, жумладан, барча турдаги транспорт ва транзит коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича ҳамкорлик қилишга бел боғлаганмиз. Делегацияларимиз саноат кооперацияси, рақамли иқтисодиёт ва савдо соҳаларида амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олди”.
Учрашув якунида Тошкент декларацияси имзоланди. Ҳужжатда томонлар минтақавий ва халқаро масалалар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, иқтисодиёт, савдо, инвестициялар ва транспорт соҳаларидаги алоқалар, шу жумладан, барча турдаги транспорт ва транзит коммуникациялари йўналишида мавжуд салоҳиятни тўла рўёбга чиқариш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришда қатъийлигини, ўзаро манфаатли соҳаларга сармоя киритишни янада рағбатлантиришга тайёр эканини, саноат, дастурий таъминот, ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамли савдо соҳаларида амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдори эканини билдирди.
Декларацияда томонлар ўзаро манфаатли бошқа масалалар бўйича ҳам ўз режаларини тасдиқлади.
Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия ташқи ишлар, иқтисодиёт ва транспорт вазирларининг Тошкентда бўлиб ўтган биринчи учрашуви мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш жараёнида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва амалий натижаларга эришишга эътиборни кучайтириш муҳимлигини намойиш қилди.
Анвар Илёсов олган суратлар