Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимида ўз фаолиятига киришган даврданоқ мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини демократлаштириш ҳамда либераллаштириш, Янги Ўзбекистонни қуриш бўйича улкан ишлар бошлаб юборилди.
Тарихан қисқа вақт ичида давлатимиз раҳбарининг бевосита раҳбарлигида туб ва жадал демократик ислоҳотларнинг мутлақо янги босқичи бошланишини белгилаб берувчи Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси – жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси ишлаб чиқилди.
Биринчидан, Ҳаракатлар стратегияси – Янги Ўзбекистонни қуриш учун тамал тоши бўлиб хизмат қилди. Бугунги жадал суръатларда ривожланаётган дунёда фақат замон билан ҳамнафас одимлаётган, жамият ва давлатни модернизация қилиш учун зарур ислоҳотларни амалга ошираётган давлатларгина рақобатбардош бўла олишини англашдан келиб чиқиб, Янги Ўзбекистон учун янги сиёсат ва мамлакат тараққиёти учун узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Иккинчидан, Янги Ўзбекистон давлати — халқники. Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати, қонуний эҳтиёжлари ва манфаатларини ҳимоя қилишдир. Ўзбекистон Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари фаолияти инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга катта ҳисса қўшмоқда.
Юртбошимиз ташаббуси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилиниб, амалга оширила бошланди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида амалга ошириш халқ учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратишга йўналтирилган демократик ислоҳотларнинг асосий мезонига айланди.
Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатдаги ҳолатлар миллий қонунчиликда ўз ифодасини топган.
Энг муҳими, кенг кўламли ислоҳотлар халқ ҳаётини, дунёқарашини, турмуш тарзини ўзгартирмоқда. Жамиятда “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз” деган юксак мақсад шакллантирилган ва “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” янги тамойили кундалик фаолият асосига айланган.
Учинчидан, Янги Ўзбекистон кучли парламентаризм институти амалда бўлган ва “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” тамойили амалга ошириладиган давлатдир.
Ўтган даврда давлат бошқаруви ходимлари сони 15 фоиз қисқартирилди. Марказий идора ва вазирликларнинг 26 та функцияси қуйи бўғинларга ўтказилди.
“Қонуннинг ягона манбаи ва яратувчиси – халқдир”, деган эзгу ғояни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қонунлар инсонлар ва жамият ҳаётини яхшилаш, қонун ижодкорлиги сифатини тубдан ошириш, қонунчиликни тизимлаштириш ва кодлаштириш, қонуности ҳужжатлар сонини кескин камайтириш ва “ақлли тартибга солиш” модели элементларини жорий этиш учун қабул қилинади.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутадиган суд тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, назорат инстанцияси бекор қилиниб, фуқаролар ва адвокатларнинг шикоятлари ҳам, худди прокурор протести каби, тўғридан-тўғри кўриладиган тартиб ўрнатилди.
Илк бор мансабдорларни ноқонуний ҳаракатдан тийиб турадиган ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқини тиклашга қаратилган маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилди. Иқтисодий ва фуқаролик судларида прокурорнинг иштироки чекланди, жиноят ишларини асоссиз равишда суддан чақириб олиш билан боғлиқ амалиётга барҳам берилди.
Тўртинчидан, Янги Ўзбекистон — инсоннинг ривожланиши ва истеъдоди қадрланадиган мамлакат. Бугунги кунда илмфан, таълим, инновация, технология ва кадрлар замонавий демократик жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омили эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Мамлакат тараққиётини замон талабларига мос равишда илмфансиз тасаввур этиш қийин.
Айни муҳим мақсадларга эришиш йўлида инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилган, Ўзбекистоннинг 2030 йилга келиб “Глобал инновацион индекс” рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига кириш стратегик режаси қабул қилинди.
Бешинчидан, Янги Ўзбекистон — давлат фаолияти, аввало, халқ тинчлиги ва фаровонлигини таъминлашга, жамиятда адолат ғоялари ва тамойилларининг тантана қилишига қаратилган мамлакат.
Пандемия миллий соғлиқни сақлаш тизими учун ҳам жиддий синов ва катта тажриба мактабига айланди. Мамлакатда бу хавфли касалликка қарши курашиш учун мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Жумладан, кўплаб янги шифохоналар ва карантин зоналари фойдаланишга топширилди. Кўплаб қўшимча тиббий асбобускуналар ва тез ёрдам машиналари харид қилинди.
Ҳар бир инсон давлат раҳбарининг “Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди”, деган қатъий иродаси ва принципига гувоҳ бўлмоқда.
Конституциявий адолат тамойилини амалда таъминлаш борасида ҳам улкан ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилиши туфайли қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитлари яхшиланмоқда. Камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий қўллабқувватлашнинг янги самарали механизмлари жорий этиляпти.
Мамлакатимизда ижтимоий муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий этилган “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизимлари дастлабки ижобий натижасини бераётганини таъкидлаш лозим. Айниқса, фахрийларимиз, хотин-қизлар, ёшлар, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларининг ҳуқуқ ва манфаатини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Олтинчидан, Янги Ўзбекистон — ўз халқаро мажбуриятларига содиқ давлат, ишончли ташқи иқтисодий шерикдир. Ўзгариб бораётган Ўзбекистон бизнес ва сармоядорлар учун иқтисодий очиқлиги ва жозибадорлиги билан тавсифланади, устувор вектори Марказий Осиё бўлган давлатнинг самарали ташқи сиёсати унинг қўшнилар билан алоқаларни йўлга қўйишига, Афғонистон билан ўзаро алоқаларни кучайтиришга, минтақа ва жаҳон давлатлари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашига ёрдам беради.
Америка ташқи сиёсати кенгаши ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти асосчиси ҳамда раиси, профессор Фредерик Старр қайд этганидек, “Ўзбекистон суверен давлат сифатида анча ёш мамлакат. Аммо унинг давлатчилик тарихи тўрт минг йилликка бориб тақалади. Назаримда, бугун биз Ўзбекистонда иккита муҳим жиҳатга гувоҳ бўляпмиз. Авваламбор, юртингиз суверен давлат, йирик иқтисодиёт сифатида янги қадамларни ташламоқда. Жадал суръатдаги ислоҳотлар муҳим натижаларга олиб келиши муқаррар”.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси –
халқпарвар давлат пойдевори
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давомидир. Тараққиёт ўзгаришларининг янги тарихий босқичда давом эттирилиши кўзда тутилган ҳолда, Тараққиёт стратегиясига 2 та янги устувор йўналиш қўшилди. Булардан бири – маънавий тараққиётни таъминлаш билан боғлиқ бўлса, иккинчиси – Ўзбекистоннинг дунёда юз бераётган глобал муаммоларга муносабати негизида белгиланган янги устувор йўналишдир.
Тараққиёт стратегиясида асосий эътибор, бир томондан, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга доир қонунлар, кодекслар, концепция ва дастурлар қабул қилинишига қаратилган. Иккинчи томондан, унда қонун устуворлигини таьминлаш, конституциявий ислоҳотни ҳаётга изчил татбиқ этиш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, маънавиятни ривожлантириш, шунингдек, глобал муаммоларга Ўзбекистоннинг муносабати, хавфсизлик ва ташқи сиёсат борасидаги муҳим вазифалар қамраб олинган.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида мамлакатимизни кейинги беш йилда ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналиши бўйича акс этган жорий демократик ислоҳотлар кўлами ва миқёси асл воқеликка янада аниқлик киритади, деб ўйлаймиз. Бунда, муҳими, нечоғлик халқпарвар ва инсонпарвар, халқчил ва эркин, ижтимоий ва маънавий, ҳуқуқий ва адолатли, хавфсиз ва барқарор, бахтли ва, фаровон, миллий ва умумбашарий давлат барпо этишдек қатъий ниятимиз ўзининг бор бўй-басти билан намоён бўлиши тайин.
Ушбу муҳим ҳужжатда қуйидаги улуғ мақсадлар аниқ белгиланган:
– инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;
– мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;
– миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;
– адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;
– маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш;
– миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш;
– мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш.
Умуман, дастлаб Ҳаракатлар стратегиясида, сўнг Тараққиёт стратегиясида Ўзбекистон бажаришни ўз зиммасига олган БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларини мамлакатимиз ҳаётига татбиқ этишнинг аниқ тактика ва стратегиялари белгилаб берилди.
Бошқача айтганда, Ўзбекистон ташқи халқаро муносабатнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида БМТ Барқарор тараққиёт мақсадлари билан ҳамоҳанг ҳолда ривожланиш йўлига тушиб олиб, бу борада ўзига хос ўрни ва аҳамиятини, янада муҳими, ибратли тажрибасини бутун дунёга кўрсата олди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ушбу муҳим тараққийпарвар жараён узлуксиз давом этаётганидан далолат.
Янги Ўзбекистонда мутлақо янги миллий ҳуқуқий тизим шаклланмоқда. Бу даврда “инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, айниқса, қадри – энг муҳим қадрият” деган тамойил эътироф этилмоқда.
Шу муносабат билан миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётда “шахс – жамият – давлат” тамойилини мустаҳкамлаш керак. Зеро, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида йиллар давомида амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойили “инсон – жамият – давлат” тамойилига ўзгартирилмоқда.
Халқ билан бевосита мулоқот қилиш, юртдошларимизнинг дарду ташвишлари, муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича мутлақо янги демократик тизим – Халқ қабулхоналари ўтган беш йилда ўзини оқлади. Бундан ташқари барча давлат органлари фаолиятида “халқ дардига кулоқ солиш”, муаммоларни жойида ҳал этиш ва халқни рози қилиш бўйича самарали ишлар қилинмоқда.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида халқ билан очиқ мулоқот механизмини янада такомиллаштириш, муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш, давлат органларига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини рақамлаштириш, мурожаатларни тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш кўзда тутилган. Энг асосийси, “Давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт” ғоясини татбиқ этишни назарда тутувчи “Халқчил давлат” миллий дастури ишлаб чиқилмоқда.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, шу жумладан БМТнинг 7 та асосий шартномаси ва 4 та Факультатив протоколига қўшилган. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан миллий маърузалар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда шартномавий қўмиталарига доимий равишда тақдим этиб борилмоқда.
Жорий йил февраль ойида ана шундай иккита даврий маъруза эшитилди. Булардан бири – БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси ижроси бўйича Ўзбекисоннинг Олтинчи даврий маърузаси бўлса, кейингиси – Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактни бажариш бўйича Учинчи миллий ҳисоботдир.
Ўзбекистон Республикаси томонидан 2021 йил 7 июнда ратификация қилинган БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини мамлакатимизда амалга ошириш мақдсадида Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Айни вақтда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва унинг қўшимча протоколларини амалга ошириш юзасидан Ўзбекистоннинг Бешинчи миллий маърузаси муҳокамасига ҳозирлик кўрилмоқда.
Мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Тараққиёт стратегияси доирасида Президентимиз 2022 йил 29 мартда “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонуннинг мақсади қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартибини ҳуқуқий мустаҳкамлашдан иборат.
Мамлакатимизда жазони ижро этиш хизматини ислоҳ қилиш соҳасида узоқни кўзлаган, мақсадли ва кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, маҳкумларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари доирасини янада кенгайтириш, турмуш шароитини яхшилашга қаратилган 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини 1995 йилда ратификация қилиб, қийноқларга йўл қўймаслик учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга доир халқаро мажбуриятларини бажариш йўлида тизимли, изчил ва босқичма-босқич чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Миллий қонунчилигимиз БМТ Бош Aссамблеясининг 2015 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан қабул қилинган “Маҳбуслар билан муомала қилишнинг минимал стандарт қоидалари”га (Нелсон Мандела қоидалари) изчил уйғунлаштирилмоқда.
Бундан уч йил олдин мамлакатимизга ташриф буюрган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотчилик фаолияти самарадорлигини эътироф этиб, хусусан: “Ўзбекистоннинг янги Президенти мамлакат бошқурувига келган даврдан эътиборан юртингиз ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришлар шиддатли суръатларда амалга оширилаётганини кузатиб келмоқдамиз. Шу жумладан, очиқлик ва транспарентликни таъминлаш, судьялар ва адвокатларнинг мустақиллигига эришиш йўлида салмоқли одимлар қўйилганига гувоҳ бўлиб турибмиз”, деб таъкидлагани бежиз эмас.
Конституциявий ислоҳот –
барқарор тараққиётнинг зарур юридик замини
Сўнгги йилларда “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” доирасида конституциявий ислоҳот ғоясининг туғилиши, ривожланиши ва амалга оширилиши жараёни алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотнинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси, шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев, асосий ташаббускори эса мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламидир. Давлат раҳбари бутун халқимизни ана шу буюк мақсадга эришишда ўзаро бирдамликка ва ҳамжиҳатликка чақирди. Юртбошимиз уқтирганидек, “Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси бўладиган янгиланаётган Конституциямизга таяниб, Янги Ўзбекистонни албатта биргаликда барпо этамиз”.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясини жамиятдаги бугунги реал воқеликка мослаштиришни, аслида, мамлакатимиздаги изчил ислоҳотлар тақозо этди. Бинобарин, атоқли француз сиёсатчиси ва давлат арбоби Шарль Андре де Голль таъбири билан айтганда, “Конституция бемалол ўзгартирилиши мумкин. Уни мўмиёдек қотириб қўйиш керак эмас”.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида илгари сурилаётган кенг кўламли вазифалар, хусусан, адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби улуғвор мақсадлар бу борада зарур ҳуқуқий асосни таъминловчи конституциявий маконни янада такомиллаштириш эҳтиёжини кун тартибига қўйди.
Шу асосда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия ташкил этилиб, унинг таркиби ва вазифалари белгиланди. Конституциявий комиссия бугунги кунда фаол ишламоқда.
Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг бу ҳақда шундай дейди: “Конституция – халқ учун ёзилади. Мамлакатингизда бўлиб ўтаётган умумхалқ муҳокамаси ва келиб тушаётган кўп сонли таклифлар эътибор билан ҳисобга олиниши натижасида халқаро стандартларга, энг муҳими, Ўзбекистон халқининг хоҳиш-иродаси ва орзу-истакларига тўлиқ мос келадиган Конституциявий қонун лойиҳаси шакллантирилиши тайин. Парламентлараро Иттифоқ Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан мамлакатда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳот жараёнини тўла қўллаб-қувватлайди. Биз бу борада ҳар қандай техник кўмак кўрсатишга ҳамиша тайёрмиз”.
Ўз навбатида, Женева Дипломатлар доираси Президенти Роберт Блюмнинг фикрича, “Конституциявий ислоҳот аввало инсон ҳуқуқини кафолатлашга қаратилган. Бу муҳим жараён Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасида дунёдаги нуфузли халқаро ташкилот – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолиги даврида кечаётгани жорий ислоҳотлар аҳамиятини янада оширади”.
Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари
ва жаҳон ҳамжамияти эътирофи
Турли халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг мавқеи яхшиланмоқда. Ўзбекистон раҳбарининг прагматик ташқи сиёсий ташаббуслари бутун дунёда эътироф этилмоқда. Кўплаб халқаро ташкилотлар ва етакчи хорижий экспертларнинг баҳолашича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев минтақадаги тараққиёт “локомотиви” ҳисобланади.
Дунёдаги ҳеч бир мамлакатда сўнгги йилларда Ўзбекистондаги каби кенг кўламли ислоҳот амалга оширилмаган. Тошкентнинг яхши қўшничилик сиёсати туфайли Марказий Осиё давлатлари илк бор бугунги кунда долзарб минтақавий масалаларни очиқ ва самимий муҳокама қила бошлади.
Ўзбекистон жаҳон минбарларидан илгари сурган халқаро, минтақавий ва миллий ташаббуслар инсон ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатини ҳар томонлама таъминлашга, бир сўз билан айтганда, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришга қаратилгани халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда.
2017 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Президенти илгари сурган ташаббуслар асосида кейинги 5 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг қуйидаги 6 та резолюцияси қабул қилингани фикримизни яққол исботлайди:
– БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 22 июндаги ялпи мажлисида қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси;
– БМТ БА 72-сессиясидаги нутқида илгари сурилган ғоя асосида 2018 йил 12 декабрда Бош Ассамблеянинг ялпи сессиясида қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси;
– 2018 йил 27 ноябрда Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст жамғармасига асос солинишига хизмат қилган резолюция;
– Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ва 2019 йил 19 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида қабул қилинган “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” махсус резолюцияси;
– 2021 йил 18 май куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида давлатимиз раҳбари таклифига биноан қабул қилинган “Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги резолюция;
– 2022 йил 11 июль куни БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясида қабул қилинган «Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш» номли резолюция.
БМТнинг 76 йиллик бутун тарихи давомида муайян бир шахснинг ташаббуси билан шунча резолюция қабул қилиниши тажрибаси кузатилмаган.
Бундан ташқари, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этди. Бугунги кунда БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенцияси лойиҳасини тайёрлаш ишлари изчил олиб борилмоқда.
Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида қабул қилинди. Ушбу Кодексда пандемияларга қарши кураш жараёнидаги халқаро ҳамкорлик бирдамлик, очиқлик, ўзаро ёрдам ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш тамойилларига асосланишининг муҳимлиги таъкидланган.
Мамлакатимиз қўшилган халқаро ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан миллий маърузалар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда шартномавий қўмиталарига доимий равишда тақдим этиб борилмоқда. Ўтган даврда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масалалари бўйича мажбуриятлари бажарилиши юзасидан БМТнинг устав ва шартнома органларига 41 та миллий маъруза тақдим этилди.
Сўнгги йилларда юртимизда демократик ислоҳотларни амалга ошириш, жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинлиги ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш борасида изчил ва самарадор ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайлангани бу соҳадаги амалий фаолиятимизнинг юксак эътирофи бўлди.
2021 йил 8 октябрь куни Женева шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 48-сессияси доирасида Ўзбекистон ташаббуси асосида Ёшларнинг инсон ҳуқуқларига COVID-19 пандемияси таъсирининг оқибатлари тўғрисидаги резолюция қабул қилинди. Резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини Ўзбекистон Республикаси Президенти 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурган.
Буларнинг бари Ўзбекистон Президентининг халқаро ташаббуслари ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастури жаҳон жамоатчилиги томонидан кенг қўллаб-қувватлаётганига ёрқин далилдир.
2021 йили Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси ўринбосарлигига сайланди. Ўзбекистон вакили бу юксак лавозимдаги вазифаларини 2022 йилдан бажаришга киришди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида экология йўналишида янги ташаббусларни илгари сурди. Шу янгиланишлар талабидан келиб чиққан ҳолда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланадиган фаоллар сафи “Экология ҳуқуқи ҳимоячиси” номинацияси ғолиблари ҳисобига кенгайди.
Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси минбаридан Тошкент шаҳрида пандемиядан кейинги даврда жаҳон иқтисодиётини қайта тиклаш муаммоларини ўрганиш, камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни ҳаётга татбиқ этишга бағишланган халқаро конференция ўтказиш ҳамда қадимий Самарқанд шаҳрида мунтазам ўтказилаётган Инсон ҳуқуқлари мулоқотлари доирасида Глобал таълим форумини ташкил этиш таклифларини ҳам билдирганини таъкидлаш лозим.
Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни бунёд этиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга доир яна кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Энг муҳими, бугунги кунда Ўзбекистоннинг жаҳонда нуфузи ўсиб бораётгани — бу нафақат давлатнинг ҳар томонлама пухта ўйланган, қатъий ва мустақил ташқи сиёсати натижаси, балки мамлакатда демократик ва бозор ислоҳотларини амалга оширишда эришилаётган ютуқларнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиши ҳамдир.
Янги Ўзбекистон раҳбари — ўз йўлидан бориш ҳуқуқини изчил ҳимоя қилаётган замонамизнинг саноқли сиёсатчиларидан биридир. Бу мустақил тараққиёт йўлининг моҳияти:
биринчидан, жамиятнинг ўзига хос тарихий шартшароитлари, унинг миллий, диний ва маданий хусусиятлари пухталик билан ҳисобга олинганида;
иккинчидан, иқтисодий ривожланиш ҳамда тараққиётнинг анъанавий ахлоқий ва маданий қадриятлар билан уйғунлигида;
учинчидан, соғлом фикрнинг тажрибага асосланмаган назариядан устунлигида;
тўртинчидан, мафкуралашган концепциялар устидан ватанпарварлик, прагматизм ва ижодий амалиётнинг устунлигида яққол намоён бўлмоқда.
2021 йилги Президент сайловидан сўнг мамлакатимизда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишга киришилди. Ушбу муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилган.
Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “Биз ушбу стратегияда юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинлиги, қонуний манфаатини энг олий қадрият этиб белгиладик. Таъкидлаш керак, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишнинг янги босқичини бошлаб беради. Биз бундан буён фаолиятимизни “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этамиз”.
Акмал САИДОВ,
академик
https://uza.uz/uz/posts/yangi-ozbekistonni-barpo-etish-yolida_392308