Қирғизистондан муносабат: Ўзбекистон Президенти давлатнинг ривожланиш стратегиясини такомиллаштириш ва уни мустаҳкамлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширмоқда
Таниқли қирғиз давлат ва жамоат арбоби, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Данияр Сидиқов мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, деб хабар бермоқда Дунё АА мухбири.
- Президент Шавкат Мирзиёев сайланиши билан Ўзбекистоннинг замонавий тарихи ўз тараққиётининг янги саҳифаларини бошлади, жаҳон ҳамжамияти ва, айниқса, қўшни давлатлар Марказий Осиёнинг етакчи мамлакатларидан бирида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларни катта қизиқиш билан қабул қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳақиқий раҳбар сифатида давлатнинг ривожланиш стратегиясини такомиллаштириб, уни мустаҳкамлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширмоқда.
Ана шундай кенг кўламли қадамлардан бири Шавкат Мирзиёев 2021 йил декабрь ойида эълон қилган мамлакат Конституциясига ўзгартиш киритиш ташаббусидир. Шу йилнинг 20 июнь куни Ўзбекистон Президенти Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашув ўтказиб, унда ўз қарашлари ва таклифларини билдирди.
Менинг фикримча, Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар мамлакатни демократлаштириш, давлатчиликни мустаҳкамлаш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Ўзбекистон тараққиётида таклиф этилаётган ўзгаришлар қабул қилинса, албатта янги имкониятлар пайдо бўлади, жумладан, бугунги кунда ички ва ташқи сиёсатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узлуксизлиги ҳамда изчиллигини таъминлайди.