27 май куни Тошкент шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар атроф-муҳит вазирларининг учрашуви бўлиб ўтади
Ўзбекистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) раислиги доирасида 27 май куни Тошкент шаҳрида ташкилотга аъзо давлатлар атроф-муҳит масалалари бўйича масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг учинчи учрашуви гибрид форматда бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Учрашувда ташкилот котибияти вакиллари иштирокида ШҲТга аъзо саккиз давлат делегациялари ва экспертлари замонавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қиладилар.
Бўлажак учрашувда атроф-муҳит мониторинги, биохилма-хиллик, табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришини юмшатиш, илмий-техник ҳамкорлик, қаттиқ чиқиндиларни бошқариш ва кадрлар салоҳиятини ошириш каби долзарб йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш юзасидан ўзаро фикр алмашилади.
Учрашув якунлари бўйича экологик ахборот алмашиш бўйича ШҲТнинг ягона платформасини биргаликда яратиш дастури тасдиқланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ШҲТга аъзо давлатларнинг атроф-муҳит масалалари бўйича масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг биринчи учрашуви 2019 йил 2 сентябрь куни Москвада бўлиб ўтган эди.
ШҲТГа аъзо давлатларнинг атроф-муҳит масалалари бўйича масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг иккинчи йиғилиши эса 2021 йил 29 июлда Душанбе шаҳрида ташкил этилган.