Халқ дипломатияси умумий хавф-хатарлар ҳал этилиши йўлларини биргаликда излаб топиш учун самарали восита бўлиб хизмат қилмоқда
Пойтахтимизда Ўзбекистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига раислиги доирасида «Халқ дипломатияси –тараққиёт сари ўзаро ҳамжиҳатлик» мавзуидаги ШҲТ Халқ дипломатияси иккинчи форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Гибрид шаклдаги ушбу тадбирда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов, Умумхитой халқ вакиллари йиғини Доимий қўмитаси раисининг ўринбосари, Хитой Шанхай ҳамкорлик ташкилоти яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик қўмитаси раиси Шэнь Юэюэ, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстона муносабатлар қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, БМТнинг Марказий Осиёдаги превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман иштирок этди.
Форум давомида иштирокчилар замонавий дунёда халқ дипломатиясининг долзарблиги, Ўзбекистоннинг ШҲТда ушбу институтни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари, шунингдек, ташкилотнинг маданий хилма-хиллиги ва бой сайёҳлик салоҳиятини оммалаштириш масалаларини муҳокама қилишди.
ШҲТ ўзаги бўлган Марказий Осиё минтақаси асрлар давомида цивилизациялар ва диний маданиятлар чорраҳаси бўлиб келган, ушбу минтақада шаклланган бағрикенглик муҳити турли халқлар ва динлар вакилларининг тинч-тотув яшашига ҳисса қўшаётгани таъкидланди.
Ўзбекистоннинг бу борадаги ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди. ШҲТ маконидаги маданий хилма-хиллик ва бой сайёҳлик салоҳиятини оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон ташаббуси билан жорий йилдан эътиборан ҳар йили ШҲТнинг маданий ва сайёҳлик пойтахти мақомини бериш амалиёти жорий этилди. Бундай мақом биринчи марта Ҳиндистоннинг Варанаси шаҳрига берилади.
Форум иштирокчилари Ўзбекистон раҳбарининг «ШҲТнинг эзгу ният элчиси» институтини ташкил этиш ташаббуси олқишладилар.
Ушбу фахрий унвоннинг маданият, санъат ва фан арбобларига тақдим этилиши ташкилотнинг мақсад ва вазифаларини дунёдаги кенг жамоатчилик орасида намойиш этилишида, унинг халқаро майдондаги ижобий имиджи тарғиб қилинишида муҳим аҳамият касб этиши қайд қилинди.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева форум иштирокчиларига йўллаган қутлов нутқида қуйидагиларни таъкидлади: «Замонавий дунё глобаллашувнинг зиддиятли тенденциялари, барқарор ва инклюзив ривожланиш учун янги хавф ва таҳдидларнинг пайдо бўлиши таъсири остида ўзгармоқда».
Унинг айтишича, халқаро терроризм, радикализм ва экстремизм, ксенофобия ҳамда ирқчилик, халқаро тизимнинг етакчи иштирокчилари ўртасида ишонч инқирозининг кучайиши, шунингдек, иқлим ўзгариши ва пандемиядан кейинги ривожланиш муаммолари ва бошқа кўплаб таҳдидлар глобал ҳаракатларни бирлаштиришни талаб этмоқда.
«Шунинг учун халқ дипломатиясига бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ талаб мавжуд, - деди Парламент юқори палатаси раҳбари. - Мураккаб халқаро вазият шароитида у одамлар ўртасида ўзаро ишонч ва бир-бирини тушунишни мустаҳкамлаш орқали умумий муаммоларни ҳал қилишнинг биргаликдаги усулларини топиш учун самарали восита бўлиб хизмат қилади. Сайёрамизнинг 3,2 миллиарддан ортиқ аҳолисини бирлаштирган ШҲТ мамлакатлари учун маданий-гуманитар ҳамкорлик, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашни давом эттириш, мамлакатларимиз фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш муҳим аҳамиятга эга».
Шэнь Юэюэ, Умумхитой халқ вакиллари йиғини Доимий қўмитаси раисининг ўринбосари, Хитой Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик қўмитаси раиси:
«Бу йил ШҲТ Хартияси имзоланганининг 20 йиллиги ва узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома кучга кирганининг 15 йиллиги нишонланади. ШҲТга аъзо давлатларнинг асосий манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш, асл мақсадга содиқ қолиш, Низом ва шартноманинг мақсади ҳамда тамойилларига риоя қилиш, ўзаро ҳурмат ва тенглик асосида алоқаларни ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш зарур. Халқ дипломатияси каналларидан тўғри фойдаланиш, анъанавий дўстлик ва маънавий яқинликни мустаҳкамлаш, минтақадаги тинч ва хавфсиз вазиятни биргаликда ҳимоя қилиш зарур».
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Ўзбекистон ШҲТга раислиги давомида маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш орқали мамлакатларимиз ўртасида ўзаро англашув, ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлаш механизми сифатида халқ дипломатиясини янада ривожлантиришга устувор аҳамият қаратаётганини қайд этди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари 2017 йилда Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ташкил этилган ШҲТ Халқ дипломатияси маркази фаолияти тўғрисида тўхталди.
«Қисқа вақт ичида Марказ Ташкилот фаолиятида муносиб ўрин эгаллади. ШҲТнинг Хитой дўстлик ва ҳамкорлик қўмитаси, Тожикистоннинг ШҲТ Дўстлик ва ҳамкорлик маркази, шунингдек, ҳамкор мамлакатлардаги бошқа шу каби тузилмалар билан яқин алоқалар ўрнатган. Улар ўртасида илмий алмашувлар, маданий ва ижтимоий-гуманитар соҳаларда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган», деди Владимир Норов.
ШҲТ Бош котиби Чжан Мин ушбу форум халқ дипломатиясини ривожлантириш, бир-бирини ўзаро тўғри тушуниш ва одамларнинг хабардорлигини чуқурлаштиришга, шунингдек, гуманитар йўналишдаги, шу жумладан, илм-фан, таълим, маданият, спорт вак сайёҳлик соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтирилганини таъкидлади.
«Биринчи форум халқ дипломатияси фаолияти учун янги платформа яратгани ҳолда 2021 йили Уханда муваффақиятли ўтказилган эди,- деди Бош котиб. – Халқ дипломатияси мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг муҳим асоси ва қудратли ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Келингизлар «Шанхай руҳи»ни қўллаб-қувватлаймиз, биргаликда коронавирус муаммоларини бартараф этамиз, бутун дунёда одамлар ўртасидаги алмашувлар учун шароит яратиш устида ҳамжиҳатликда иш олиб борамиз ва ШҲТ маконида аҳоли ўртасидаги мулоқотдек буюк ишни биргаликда илгари сурамиз».
БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё бўйича превентив дипломатия минтақавий маркази раҳбари Наталя Герман ишонч инқирози ва умуман халқаро муносабатлар тизими даврида халқ дипломатияси айниқса эҳтиёжга айланиб бораётганини таъкидлади. Расмий дипломатияда бўлган тўсиқлар унда йўқ. Далил ва рақамлар, шунингдек, ўзаро мулоқотлар тўхтаганда ҳам халқ диломатияси ўз ишини давом эттираверади.
«Халқ дипломатияси ҳар доим Марказий Осиё мамлакатларида тинчлик ва яхши қўшничиликни сақлашда муҳим рол ўйнаган, шунингдек, кўп миллатли минтақа халқлари ўртасида маданий ва диний мулоқотни мустаҳкамлаш учун жуда муҳимдир», деди Наталя Герман.
Анжуман якунлари бўйича Тошкент коммюникеси қабул қилинди.
Форум доирасида, шунингдек, тўртта Меморандум имзоланди.
1. Тожикистондаги ШҲТ Дўстлик ва ҳамкорлик маркази ва «Евросиё халқлари ассамблеяси» ноҳукумат ташкилотлари халқаро иттифоқи ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум;
2. Ўзбекистон Иқтисодий ассамблеяси ва «Евроосиё халқлари ассамблеяси» ноҳукумат ташкилотлари халқаро иттифоқи ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум;
3. Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ва Қирғизистон Халқ ассамблеяси ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум;
4. “Ибн Сино халқаро жамғармаси” ва «Евросиё халқлари ассамблеяси» ноҳукумат ташкилотлари халқаро иттифоқи ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум.
Умуман олганда, Тошкент форуми ШҲТ маконида кўп қиррали маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича бой фикрларни алмашиш учун ўзига хос майдон бўлди.
Анжуман маданий дастури доирасида форум иштирокчилари эртага Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий мероси билан танишадилар.