Танзила Норбоева: Халқ дипломатияси форуми ШҲТ доирасидаги эзгу мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун ноёб имкониятдир
ТОШКЕНТ, 11 май. /«Дунё» АА/. Бугун пойтахтимизда бошланган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Халқ дипломатияси форумида маъруза билан иштирок этган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева халқ дипломатиясининг кенг воситаларидан самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашиш нуқтаи назаридан ушбу анжуман муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
-Биз мамлакатларимиз келажаги бўлган барча ёшлар билан астойдил ишлашимиз керак, - деди Сенат раиси. - Интеллектуал ва маънавий баркамол, ташаббускор ҳамда қийинчиликларни енгиб ўтишга тайёр ёшлар барқарор тараққиётнинг ишончли етакчиси, янги ғоялар ва ижодий ечимларнинг ишлаб чиқарувчиси бўлиши керак.
ШҲТ маконидаги ёшлар мамлакатларимизнинг ривожланган ва барқарор келажагини яратишга хизмат қиладиган ижодий ва инновацион ғояларни амалга ошириш учун барча имкониятларга эга.
Бизнинг ташкилотимиз гендер тенглиги ва барқарор ривожланиш мақсадларини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун аёлларнинг етакчилик салоҳиятини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтирмоғи лозим.
Бундан ташқари, маданият, таълим, илмий тадқиқотлар, спорт, оммавий ахборот воситалари, туризм, илм-фан, соғлиқни сақлаш ва атроф муҳитини муҳофаза қилиш соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш ШҲТ доирасидаги кўп тармоқли ҳамкорликни бойитишга хизмат қилади.
Илмий-ижодий доиралар, жамоат ташкилотлари, биродар шаҳарлар ўртасида бевосита алоқаларнинг йўлга қўйилиши, шубҳасиз, мамлакатларимиз халқларини янада яқинлаштирмоқда.
Бугунги Форум юқорида қайд этилган йўналишларда эзгу мақсад ва вазифаларни амалга оширишда халқ дипломатиясининг кенг воситаларидан самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашишнинг ноёб имконияти ҳисобланади.