Ўзбекистон 56-халқаро Менделеев кимё олимпиадасига мезбонлик қилмоқда
ТОШКЕНТ, 10 май. /«Дунё» АА/. Бугун пойтахтимизда 56-халқаро Менделеев кимё олимпиадаси бошланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Президент таълим муассасасалари агентлиги томонидан 10-16 май кунлари ташкил этилаётган халқаро олимпиадада Австрия, БАА, Россия, Туркия, Саудия Арабистони, Венгрия, Хорватия, Сурия, Қирғизистон, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Исроил, Озарбайжон, Арманистон каби 20 га яқин давлат вакиллари иштирок этмоқда.
Олимпиада асосан уч босқичдан иборатдир. Биринчи босқичда кимё фанидан 8 та назарий масалалар ечиш кўзда тутилган. Иккинчи босқичда кимё фанидан 15 та назарий масалалар ишланиб, бунда иштирокчи 15 та масаланинг 5 тасини ихтиёрий танлаб олади. Учинчи босқичда кимё фанидан 5 та амалий лаборатория ўтказилади.
Иштирокчиларнинг тўплаган якуний натижалари умумлаштирилади ҳамда умумий натижа асосида олимпиада ғолиблари аниқланади. Жами иштирокчиларнинг 10 фоизига олтин, 20 фоизига кумуш ва 30 фоизига бронза медаллари тақдим этилади.
Ушбу олипиадада Ўзбекистон шарафини 12 нафар ўқувчи ҳимоя қилади. Уларнинг 7 нафари Агентлик тизимидаги Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабда таҳсил олади. Маълумот учун, Халқаро Менделеев олимпиадаси 1948 йилда ташкил этилган бўлиб, дунёдаги энг ёши улуғ ва нуфузли олимпиада ҳисобланади. Ушбу олимпиада ҳар йили турли давлатларда ўтказилади. 30 га яқин давлат мазкур олимпиадада иштирок этади.
Ўзбекистон ёшлари ушбу олимпиадада 2008 йилдан бошлаб қатнашиб келмоқда. 2008-2020 йиллар давомида Ўзбекистон иштирокчилари томонидан жами 84 та медаль қўлга киритилган.
Халқаро Менделеев олимпиадаси – юқори синф ўқувчиларининг дунёдаги энг катта беллашувларидан бири бўлиб, турли давлатлар миллий олимпиадалари ғолибларини бирлаштиради. Бу UNESCO томонидан кимё бўйича мактаб ўқувчилари учун халқаро олимпиадага тенглаштирилган ягона фан олимпиадасидир
Ушбу олимпиаданинг аҳамияти кимё олимпиадаларини янада ривожлантириш муаммоларига бағишланган халқаро йиғилиш (Рига, Латвия, 2004 йил 9-10 январь)да ҳам алоҳида таъкидланиб, мактаб ўқувчиларига кимё фанини профессионал ўрганишга ёрдам берадиган минтақалараро ҳамкорликнинг яхши намунаси сифатида қайд этилган.
1992 йилда Халқаро Менделеев олимпиадаси мактаб ўқувчилари учун кимё бўйича бутуниттифоқ олимпиадасининг ҳуқуқий меросхўрига айланди. 1997 йилда у биринчи бор Россиядан бошқа давлатда бўлиб ўтди. 2004 йилдан Халқаро Менделеев олимпиадасига Болгария, Македония ва Руминия жамоалари, 2012 йилдан Венгрия, Туркия ва Саудия Арабистони ҳам қўшилган. 2016 йилда олимпиадада илк бор Исроил, Мўғулистон ва Нигерия жамоалари қатнашди. 2019 йилда 30 та давлат, шу жумладан Украина, Грузия, Исроил, Саудия Арабистони, Австрия ва Хитой каби давлатларнинг иштироки тасдиқланган. 2022 йилда эса Бангладеш мактаб ўқувчилари жамоаси биринчи марта иштирок этмоқда.
Халқаро Менделеев олимпиадасига Ўзбекистон илк бор мезбонлик қилмоқда.