Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази директори: «Тошкент — 2022» форуми нафақат Ўзбекистонда, балки ШҲТ маконида халқ дипломатиясининг янада ривож топишига кўмаклашадиган ўзига хос босқич
Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров пойтахтимизда бўлажак «Халқ дипломатияси –тараққиёт сари ўзаро ҳамжиҳатлик» мавзусидаги ШҲТ Халқ дипломатияси форуми («Тошкент – 2022»)нинг асосий мақсадлари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
-ШҲТ доирасида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган, пухта ўйланган, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик қирқдан зиёд таклиф тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Халқаро сиёсатда изчиллик билан амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар аслида амалиётда синовдан ўтган пухта изланишларнинг ижобий маҳсули ҳисобланади.
ШҲТнинг 20 йиллиги муносабати билан 2021 йили Душанбеда ўтган саммитда Ўзбекистон Президенти илгари сурган «ШҲТ — эзгу ният элчиси» институтини ташкил қилиш ғояси Халқ дипломатия марказини яратиш борасида 2017 йилдаги таклифнинг изчил давоми сифатида халқ дипломатиясини яна бир поғона юқорига кўтарди.
Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази томонидан ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни, миллатлараро, динлараро тотувликни мустаҳкамлашга, цивилизациялараро мулоқотни кучайтиришга, илмий-маърифий соҳаларда ҳамкорлигини мустаҳкамлашга, фуқаролик жамияти ташкилотла ри билан ҳамкорлик ўрнатиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтган давр мобайнида ШҲТ халқлари маданияти ҳақидаги билимларни янада чуқурлаштириш, халқлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, маданиятлар ранг-баранглигини асраш каби муҳим мақсадларга қаратилган турли давра суҳбатлари, илмий-амалий конференциялар, ижодий кечалар ўтказилди.
Марказ ўз фаолиятини ташкилотга аъзо давлатларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, ишонч, ўзаро манфаат, тенглик, маслаҳат ва биргаликда ривожланиш истагини ўз ичига олган «Шанхай руҳи» тамойилларини фаол тарғиб қилишга қаратмоқда. Ёшлар ўртасида халқ дипломатияси тушунчаларини шакллантириш, халқлар орасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ва манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, миллий ва анъанавий қадриятларни асраб-авайлаш, ШҲТ халқлари урф-одатлари ва анъаналарини яхшироқ ўрганиш мақсадида юртимиз олий ўқув юртлари талабалари орасида халқ дипломатияси мавзусида иншолар кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.
Ўтган йили Тошкентда, жорий йилда Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида ташкил этилган «ШҲТ модели» интерфаол ўйинлари ёш дипломатлар ҳаётида ўчмас из қолдиргани шубҳасиз. Ҳар йили 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан марказ томонидан ШҲТга аъзо давлатлар ўғил-қизлари ўртасида расмлар кўргазмасини ташкил этиш ҳам яхши анъанага айланди.
Марказ ташаббуси билан 2019 йилда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси қошида «ШҲТ билимлар зали» очилди. Унда ташкилотга аъзо, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик давлатлар тарихи, анъаналари, урф-одатларига оид 500 га яқин адабиёт жамланган. Ҳамкор ташкилотлар кўмагида улар сони кун сайин ортиб бормоқда.
Шунингдек, марказ томонидан ўзбек тилида «Саккиз элнинг саксон саккиз эртаги», «Саккиз элнинг сон-саноқсиз ўгити», «Саккиз элнинг саксон буюк сиймоси» китоблари, «ШҲТ мамлакатларининг почта маркалари» эсдалик альбоми нашр қилинди. Халқ дипломатиясига оид кўплаб мақола ва ахборот-таҳлилий материаллар чоп этилди.
«Тошкент — 2022» форуми жараёнида тақдимот тадбири бўлиб ўтадиган «Юракдан юракка интилувчи дипломатия» китоби ҳам халқ дипломатияси мазмун-моҳиятини кенг ёритишга, мазкур йўналишда Ўзбекистонда амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот олишга хизмат қилади.
«Халқ дипломатияси — тараққиёт сари ўзаро ҳамжиҳатлик» мавзусидаги «Тошкент — 2022» форуми нафақат Ўзбекистонда, балки ШҲТ маконида ҳам халқ дипломатиясининг янада ривож топишига кўмаклашадиган ўзига хос навбатдаги босқич бўлиб қолади.