Тошкентда Осиё Олимпия кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтади
Эртага пойтахтимизда Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда Дунё АА мухбири.
Тадбирда иштирок этиш учун Осиё Олимпия кенгашининг амалдаги раҳбари Ража Рандхир Сингх Тошкентга келди.
Мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов ва қўмита раиси ўринбосари Азизжон Комилов кутиб олди.
-Биз Осиё Олимпия кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташкил этилганининг 30 йиллик шодиёнасини дўстларимиз билан биргаликда нишонлаш учун юртингизга келдик, - деди Ража Рандхир Сингх. - Ижроия қўмита йиғилишида биз бўлаажак Осиё ўйинларига тайёргарлик режаларини муҳокама қиламиз. Қитъамизда Олимпия ҳаракатининг истиқболлари ҳақида фикр алмашамиз. Биринчи навбатда, Президент Шавкат Мирзиёевни мамлакатингизнинг спорт соҳасида эришаётган муваффақиятлари билан қутлашни истар эдим. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси билан жуда яқин ҳамкорлик алоқаларимиз бор. Шунингдек, сафармиз давомида 2025 йил Тошкентда ўтадиган IV ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик режаларини ҳам кўриб чиқамиз.
Қайд этиш жоизки, Осиё Олимпия кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилиши биринчи маротаба Тошкентда ташкил этилмоқда. Унда «Ханчжоу-2022» Осиё ўйинлари, «Шантоу-2021» III ёшлар Осиё ўйинларининг ташкилий масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, йиғилиш кун тартибидан «Тошкент-2025» IV ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик бўйича тақдимот лойиҳаси ҳам ўрин олган.
Қитъамиз спортига оид муҳим масалалар муҳокама қилинадиган бўлажак тадбирда 30 га яқин мамлакатнинг вакиллари қатнашади.