Мамлакатимиз пойтахтида «Tashkent Flower fest» гуллар фестивали бўлиб ўтади
Жорий йил 6 - 8 май кунлари Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонаси яқинида жойлашган майдонда «Tashkent Flower fest» гуллар фестивали ўтказилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилаётган ушбу фестиваль «Тошкент сизларни севади» шиори остида ўтказилади. Ушбу тадбирни безаш ишларида 2 миллиондан ортиқ ранг-баранг гуллардан фойдаланилади.
Ташкилотчилар томонидан маълум қилинишича, майдонда улкан дарахтлар — япон сакураси, Мадагаскар баобаби ва ўзбек чинорининг сунъий нусхалари тўлиқ ўлчамда намойиш этилади, шунингдек, «Янги Ўзбекистон» боғида қад кўтарган стела шаклидаги минора ҳам ўрнатилади.
Фестиваль майдони ҳудудида болалар учун кўнгилочар масканлар, фудкортлар, кўплаб фото ва селфи жойлари ташкил этилади. Бундан ташқари, хонадон ва ландшафт ўсимликлари ва дала-ҳовли мебель жиҳозларининг кўргазмасининг бўлиб ўтиши ҳам кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бундай тадбир ҳар йили баҳор фасли охирида гуллар шаҳри – Наманганда ҳам ўтказилади. Ушбу фестивалда нафақат республикамиздан, балки бошқа мамлакатлардан ҳам меҳмонлар иштирок этади.