Ўзбекистон делегацияси раҳбари нидерландиялик таниқли тарихчи ва журналист билан учрашди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Нидерландиядаги «Совет шон-шуҳрати майдони» жамғармаси бошқаруви раиси, таниқли тарихчи ва журналист Ремко Рейдинг билан учрашди, деб хабар қилаяпти «Дунё» АА мухбири.
Ремко Рейдинг 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида Амерсфорт яқинидаги «Растхоф» қабристони ҳудудида «Совет шон-шуҳрати майдони» ёдгорлик мажмуасига дафн этилган 865 совет аскарининг шахсини аниқлаш бўйича иш олиб бораётгани ҳақида сўзлаб берди. Ремко Рейдингга кўра, мазкур майдонда дафн этилганлар орасида «Амерсфорт» концлагерида фашизм қурбони бўлган 101 нафар ўзбекистонлик аскар ҳам бор.
Тарихчининг қайд этишича, ўтган 20 йил мобайнида у ёдгорлик мажмуасига дафн этилган 300 га яқин аскар хотирасини тиклашга эришди.
Учрашув чоғида Нидерландия тупроғига кўмилган ўзбек аскарларининг шахсини аниқлаш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, Ремко Рейдинг республика архивларида ишлашни давом эттириш истагини билдирди. У, шунингдек, ҳар йили 9 апрель куни майдонда собиқ «Амерсфорт» концлагери ҳудудида 101 нафар ўзбек аскарлари хотирасига бағишланган маросим ташкил этилишини маълум қилди. Унга кўра, ушбу воқеаларга жорий 2022 йилда 80 йил тўлади. Жамғарма бу йилги хотира маросимига Ўзбекистондан ҳам вакилларни таклиф этишни режалаштирмоқда. Шу муносабат билан у ушбу тадбирда иштирок етиш учун Ўзбекистон делегациясини Нидерландияга юбориш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этди.
Ўзбекистон вакиллари Ремко Рейдингга Тошкентдаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасига бағишланган «Ғалаба боғи фалсафаси» китобини топширди. Китобнинг яратилиш тарихи ҳақида маълумот берилди.
Ремко Рейдинг жорий йил май ойида ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилиш ва Тошкентдаги «Шон-шараф» музейи билан ўзаро Англашув меморандумини имзолаш учун Ўзбекистонга келишни режалаштираётганини билдирди.
Ўзбекистонга сафари доирасида 101 нафар ўзбек аскари шахсини аниқлаш масаласида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун тегишли идораларда учрашувлар ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.